(Давоми)
Нишонда энг ночор қатлам
Глобаллашув шароитида дунёдаги “айрим” сиёсий куч марказлари ўзларининг геостратегик мақсадларини амалга оширишда “нишон” сифатида танланган мамлакатни ўзига тобе қилишда миссионерликдан фойдаланмоқда. Айниқса, муайян минтақа ва ҳудудда яшовчи аҳолининг энг ночор қатламини аниқлаш орқали уларга “режали беғараз ёрдам” кўрсатиш баҳонасида ички ишларига бевосита аралашув сингари қонунга зид ҳаракатларни ўзида намоён этмоқда. Жаҳонда геосиёсий кучлар мувозанатининг ўзгариши, айрим ривожланган давлатларнинг ўз демократиясини “экспорт” қилиш орқали дунёга ҳукмронлик учун очиқдан-очиқ даъвогарлик қилиши ҳеч кимга янгилик эмас.
Мутахассислар томонидан ўтказилган “стратегик тадқиқотлар” натижасига кўра, миссионерлик дунёда глобал миқёсида турли конфликтда ва қатъий геосиёсий босимда эканлигини таъкидлашади. Миссионерлик таъсири остида ҳар қандай халқ ва миллатнинг маданий илдизига таҳдид солиш орқали ўта радикал миллатчилик ҳаракатларини вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Натижада, мазкур ҳаракатлар оқибатида дунёда глобал миқёсда этник ва миллатлараро можароларнинг тобора авж олиши ҳар қандай халқ ва миллатни менталитетига рахна солиш орқали маънавий тубанлик гирдобига етакламоқда. Глобал иқтисодий инқироз даврида миссионерлик дунёнинг ночор давлатлари тараққиётига гўёки, иқтисодий ёрдам кўрсатиш баҳонасида қашшоқлик, очлик, ночорликни бартараф этиш мақсадида мақсадли “ёрдам”ни тавсия этиши намоён бўлмоқда. Натижада, хориждан йўналтирилаётган мақсадли иқтисодий ёрдам таъсирида ривожланаётган давлатлар ўртасидаги тенгсизлик тобора кескин тус олиши оқибатида бир қатор таҳликали вазиятлар вужудга келмоқда. Ваҳоланки, миссионерлик ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган “мақсадли” ёрдам мазкур минтақалардаги муаммоларни ҳал этиш учун эмас, балки мазкур давлатларни ўзларига иқтисодий қарам қилиш орқали ўзларини моддий жиҳатдан юксалишига замин яратмоқда. Айнан, миссионерлик ташкилотлари томонидан “мақсадли” йўналтирилаётган иқтисодий ёрдам туфайли муайян минтақа ва ҳудуд миқёсида ноанъанавий диний жамоаларнинг кўпайиши кузатилмоқда.
(Давоми бор)
Икром Рўзиқулов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






