

«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом таълим муассасасида ўқитувчилар ва талабалар иштирокида “Конституция – бахтимиз қомуси, тараққиётимиз пойдевори” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирни юқори савияда ташкил қилиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети таълим сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи, Республика Конституциявий комиссия эксперти юридик фанлари доктори Бегзод Наримонов ҳамда Тошкент Давлат юридик унверситети «Конституциявий ҳуқуқ» кафедраси катта ўқитувчиси, «Ёшлар Парламенти» раиси Хуршид Ботиров таклиф қилинди. Тадбирни билим юрти «Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими» бошлиғи А.Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди. Кейин юридик фанлари доктори Бегзод Наримонов сўзга чиқиб, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг шаклланиши, сўнгги йилларда ҳуқуқ соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирди. Билим юрти талабаларига диний илм билан бир қаторда дунёвий билимлар, хусусан, ҳуқуқий билимларга ҳам аҳамият қаратишни тавсия қилди.



Ундан сўнг Хуршид Ботиров Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи ва жараёнларига тааллуқли маълумотларни айтиб берди. Хуршид Ботиров “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси ҳақида ҳамда қонун лойиҳаси Конституциянинг 60 дан ортиқ моддаларига 170 дан ортик тузатишларни назарда тутмокда. Конституцияга ўзгартишлар “инсон-жамият-давлат” принципига асосланган бўлиб, амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутишлиги ва Конституцияга тузатишлар авваламбор Конституция нормаларини тўғридан тўғри қўллаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва конуний манфаатларини янада самарали таъминлаш ва химоя килишни назарда тутилиши ҳақидаги маълумотлар тингловчилар эътиборини тортди.



Муассаса раҳбарияти ҳуқуқшунос устозларга миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам тадбирларда ҳамкорликда фаолият юритишликни таклиф қилдилар. Талабалар эса Конституция борасидаги ўз илмларини янада кенгайтирдилар.
КЎКАЛДОШ ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ






