Ҳозирги Глобаллашув шароитида мафкура полигонларида инсон қалби ва онгини забт этишга бўлган ҳаракатлар тобора кучаймоқда. Зеро, глобал миқёсда ғоявий – мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерликнинг кучайиши дунё жамоатчилиги онги, руҳияти ва маънавиятига жиддий таъсир ўтказмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг “…Ҳозирги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Инсониятнинг тақдири ва келажагига таҳдид солаётган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда”, дея таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда миссионерлик замирида тараққиёт сари интилаётган мамлакатларнинг давлат суверенитети, конституцион тузумга қилинаётган тажовузларни мафкуравий қўллаб қувватлаш, мафкура полигонларида олиб борилаётган кураш учун жуда катта сармояларни сафарбар этишаётганлигини кузатиш мумкин.
Миссионерлик нима?
Кенг маънода миссионерлик (лот. юбориш, топшириш) бирор динни ўз юртидаги ёки ўзга юртлардаги ғайридинлар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков ташкилотларининг фаолияти ҳисобланади. Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир. Миссионерлик Буддизмда милоддан аввалги 3-асрдан бошлаб ёйилган, Христианликда эса 4-асрдан пайдо бўлган. ХIII-ХVI асрларда христиан миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой, Японияга кириб борди. Католик черкови миссионерлик Испания ва Португалия мустамлака империялари ташкил топгач (ХV-ХVIасрлар), ўз фаолиятини кучайтирди. Миссионерлик янги ерларни забт этишда мустамлакачиларга ёрдам берди. Католик миссионерларига раҳбарлик қилиш учун папа Григорий ХV 1662 йилда Диний тарғибот конгрегациясини таъсис этди. Миссионерлик 19-асрнинг учинчи чорагида, империалистик давлатлар дунёни бўлиб олиш учун кураш олиб борган даврда айниқса фаоллашди. Христиан миссионерлари Африкада ўз фаолиятларини кучайтирдилар. Миссионерлик муассасалари йирик капитал ва ерларни тасарруфларига олиб, ўз мамлакатлари сиёсатини ўтказишга катта ёрдам бердилар. Ҳозир хам миссионерлар империалистик доиралар манфаатини кўзлаб иш олиб бормоқдалар.
Расулов Абдували
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






