Абу Ҳанифа (р.ҳ) даврида китоб ёзиш ва тадвин қилиш унча урф бўлмаган. Шу боис у зотнинг ўзи китоб ёзмаган. Балки илм йўлида хизмат қилиб, инсонларга ижтиҳод, фатво ва дарс бериш билан манфаат етказган.
Аммо табақот, тарожум ва бошқа манбаларда Абу Ҳанифа (р.ҳ)нинг китоблари ҳақида маълумотлар учрамайди. Жумладан, “Китобур раҳн” (Гаров китоби), “Китоб фиш шурут (Шартлар ҳақида китоб)”, “Китоб фил фароиз” каби китоблар.
Бундан ташқари, бир қанча китобларнинг нисбати у зотга берилади: “Ал-Олим вал мутаалим” “Рисолатун ила Усмон Баттий” номли китоблар. Шунингдек, баъзи шогирдларига атаб ёзилган “Ал-Васоя” китоби ҳам мавъизалар ва ақоид илмига оид рисолалардир.
Шундан кўриниб турибдики, Абу Ҳанифа (р.ҳ)га нисбатан бериладиган аксар китобларни ўзлари бевосита ёзган эмас. Балки дарслари, сўзлари, раъйлари бўлиб, шогирдлари кейинчалик уларни жамлаб, китоб ҳолига келтириб, у зотга нисбат беришган.
Демак, Абу Ҳанифа (р.ҳ)нинг даврида китоб ёзиш, рисолалар битиш ҳаали кенг тус олмаган эди. Шунинг учун у зот умрини таълим бериш ва фиқҳ ўргатишга сарфлаган. Унинг ақида – каломга бағишланган матн рисоласи “Ал-Фиқҳ ал-акбар” (Катта фиқҳ), баъзи шогирдларига қилган васиятлари ва Усмон Баттийга ёзган мактуби сақланиб қолган. Яна кўплаб ақидага оид китоблар Абу Ҳанифага нисбат қилинади. Унинг дарслари давомида ривоят қилган ҳадислар асосида бир неча муснадлар тузилган. У зот фиқҳ борасида бирорта асар ёзмаган бўлса-да, лекин фиқҳ илмини шакллантирган, уни боб ва мавзуларга ажратган илк фақиҳ сифатида тарихда қолган. У фиқҳни оғзаки нақл қилишдан ёзма шаклга ўтиш борасида фаол ташкилотчи бўлган фақиҳлардан биринчисидир.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси Абдусатторий Абдуллоҳ тайёрлади