Албатта шак шубҳа йўқки, Қуръони карим ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини лозим тутган уламоларнинг ўрни исломда жуда катта ва буюкдир. Қуръони карим оятлари ва пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида уларнинг фазли ва юксак ўринлари келтирилган. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 18-оятида марҳамат қилади:
شَهِدَ ٱللَّهُ أَنَّهُۥ لَاۤ إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ وَٱلۡمَلَـٰۤىِٕكَةُ وَأُو۟لُوا۟ ٱلۡعِلۡمِ قَاۤىِٕمَۢا بِٱلۡقِسۡطِۚ لَاۤ إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡعَزِیزُ ٱلۡحَكِیمُ
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир.
Аллоҳ таолонинг гувоҳлик беришда Ўзини ва фаришталарни айтиб сўнгра аҳли илмларни зикр қилишида уларнинг фазли намоён бўлади.
Тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
لولا العلماء لصار الناس مثل البهائم“Агар уламолар бўлмаганда инсонлар ҳайвонлар каби бўлиб қолишар эди”
Аҳрор Абдуллаев
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






