Огоҳ ва фаросатли мусулмон сахийлик – саховат ва муруватни ҳеч қачон тарк этмайди. Ўзининг ва аҳли аёлининг ҳожатидан зиёда нарсаси борми, ўша зиёда нарсасини фақирликдан сақланиш ёки бойлик орттириш учун захира қилиб қўйган бўлса, уни бир ҳожатмандга садақа қилиб юборса, бу садақанинг энг юқори даражаси ва савоблиси ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Бир киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳузурига келди ва айтдики, “Ё Расулуллоҳ, қайси садақа савоб жиҳатидан энг улуғи”, деди. У зот “Сен соғлом ҳолингда фақирликдан қўрқа туриб, қолишини умид қилиб қилган садақангдир. Буни жон халқумга боргунча кечиктирмагин, мана шу пайтда фалончига бу нарса, фалончига бу нарса дейишинг, фақатгина ўша айтган кишига бўлади.
Яъни, жон халқумга келган пайтда берилган садақанинг фойдаси йўқ. Садақанинг савоби улуғ бўлиши соғлом ҳолда берилиши қийин бўлган нарсани садақа қилишдир.
Солиҳ ва саховатли, фаросатли мусулмон ҳақиқий қўллаб-қувватлашга муҳтож тоифаларга ғамхўрлик қилади. Аслида қўли қисқа, камбағал бўла туриб, назари тўқ, бировдан ёрдам сўрамайдиган, ўз ҳолатидан шикоят қилмайдиган одамларни излаб топиб, ҳожатини чиқаради. Айни пайтда унинг қадр-қиммат, обрў-эътиборини сақлаб қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай ўгит берадилар: “Битта, иккита хурмо, бир-икки луқма уни қайтарадиган мискин, ҳақиқий мискин эмас. Албатта мскин дегани иффатли бўлади”
Саҳиҳайнда келган бир ривоятда шундай дейилади:
“Инсонлар атрофида айланиб юрадиган, бир-икки хурмо, бир-икки луқма уни қайтарадиган мискин, мискин эмас, лекин ҳақиқий, комил мискин ҳузурида уни беҳожат қиладиган нарса топилмайдиган, унга садақа қилай деса мискинлигини билиб бўлмайдиган, инсонлардан сўрамайдиган кишидир”.
Олийжаноб, очиқкўнгил мусулмон этимларга эътибор қаратади, агар қодир бўлса, унга кафил бўлиб, нафақаларига қарашади, ишларига ёрдам қўлини чўзади. У етим унга қариндош бўладими, қариндош бўлмайдими, фарқи йўқ. Унга инфоқ қилган мол-дунёсини етимнинг кафили учун олий мақомларни тайёрлаб қўйган Аллоҳ таолони йўлида сарфладим, деб ҳисоблайди. Шу сабабдан жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшниси бўлиш шарафига муяссар бўлади.
Давоми бор….
Мирзаев Камолиддин






