Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва бошқа муҳаққиқ уламолар наздида ислом ва иймон бир нарсадир. Чунки иймон бу барча нарсалар Аллоҳники ва у зот барча нарсанинг яратувчиси, роббиси эканлигини ҳамда қолган жамийки нарсалар у зотнинг яратмишлари эканлигига гувоҳлик бериб, тасдиқлашдир. Мусулмон инсон ҳам (ҳамма нарса Аллоҳники эканлигини билиб) барча ишларини Аллоҳга таслим қилувчи бўлади.
Муҳаққиқ уламоларнинг фикрларига Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари далилдир:
“(Эй мўминлар) Айтингиз: “Биз Аллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга, ва Иброҳим, Исмоил, Ишоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча пайгʻамбарларга парвардигорлари тарафидан берилган нарсага ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз фақат У зотга (Аллоҳ таолога) бўйинсунувчилармиз” (Бақара сураси 136-оят); Юқоридаги оятда мўмин киши нимага иймон келтиришга буюрилган бўлса, ўшанга таслим (яъни мусулмон) эканликларини айтиш амр қилинмоқда.
Яна бошқа бир оятда шундай марҳамат қилинади: “Ва биз у жойдан мўминларни чиқардик. (Лекин) У жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Зарият сураси 35,36-оятлар) Ушбу икки оятга эътибор қилинса Аллоҳ таоло аввалги оятда “мўминлик” сифати билан сифатлаган бандаларини иккинчи оятда “мусулмонлик” сифати билан атамоқда.
Юқорид келтирилган ояти карималардан “Иймон” ва “Ислом” бир нарса эканлиги билинади.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н.Жалолов






