SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Илм ва уламолар фазилати
28.07.2022 / Bo‘limda Axloq va tarbiya, Maqolalar

Илм ва уламолар фазилати

Илм инсоният ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсоният илм сабабли Аллоҳ ва Расулини танийди, динини ўрганади, ўзлигини танийди, бу дунёда нима учун учун яшаётганини, қандай яшаши лозимлигини англайди, натижада Аллоҳ рози бўладигандек ҳаёт кечиради. Шунингдек, дунё тараққиёти ва ривожланиши, инсонларнинг фаровон ҳаёт кечириши ҳам илм сабабли бўлади. Зеро, илм дунё ва охират саодати учун восита саналади. Шу эътибордан шариатимизда илм талаб қилишга буюрилган. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир. Илмни ўз аҳлидан бошқа ўринга қўювчи тўнғизларга жавҳар, дур ва тилло тақувчи инсон кабидир”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.

 Ислом дини илмга жуда ҳам аҳамият қаратган, ҳаттоки, Қуръони Каримнинг энг аввал нозил бўлган ояти  “Ўқи” деган хитоб билан бошланган. Шунингдек, шариатимизда илм ва илм эгаларининг фазилати борасида жуда ҳам кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан Қуръони Каримда шундай дейилган:

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (Мужодала сураси, 11-оят).

Ушбу оятнинг тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло олимларни мана бу оятда хослагани каби, Қуръони Каримнинг бошқа жойида бунчалик хосламаган. Аллоҳ таоло имон келтирган ва илм эгаларини имонсиз ва илмсиз одамлардан фазилатли деб айтмоқда”[1], деганлар.

Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қачон шу оятни ўқисалар: “Эй инсонлар, бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади”[2], деб айтар эканлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятнинг тафсирида: “Олим киши мўъминдан етти юз даража юқори бўлади, ҳар бир даражанинг ораси ер ва осмон ўртасича масофадир”, дедилар[3].

Бошқа бир оятда шундай дейилган:

“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?! –деб айт”. (Зумар сураси, 9-оят)

Ушбу оят тафсирида Зажжож роҳимаҳуллоҳ: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлмагани каби, итоаткор билан осий ҳам тенг бўлмайди”, деб айтган[4]. Баъзи уламолар: “Биладиганлар – улар ўзи илмлари билан фойдаланаётган ва унга амал қилаётган кишилардир. Аммо ким ўзи илми билан фойдаланмаса ва унга амал қилмаса у билмайдиган киши манзилидадир”, деб айтишган[5].

Яна бир бошқа оятда шундай дейилган:

 “Бандалари орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”. (Фотир, сураси 28-оят)

Имом Суютийнинг “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил маъсур” китобида ушбу оят тафсирида қуйидаги ривоятлар келтирилган:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “ Илм кўп ривоят қилишда эмас, лекин илм (Аллоҳдан) қўрқишдир”, деб айтдилар.

Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу: “Илм кўп ривоят қилишда эмас, албатта илм Аллоҳ қалбга солган нурдир”, деб айтган.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ: “Кишининг Аллоҳдан қўрқиши унга илм жиҳатидан кифоя қилади ва амали билан ажабланиши эса унга жаҳолат жиҳатидан кифоя қилади”, дедилар[6].

Олимнинг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан кўра фазилати, менинг сизларнинг энг (даражаси) пастларингизга кўра, фазилатимга ўхшайди”,  дедиларда,сўнгра яна: “Албатта, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари ва ер ва осмонлар аҳли ва ҳатто, ўз инидаги чумоли ва кит ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчиларга салавот айтишади”, деб айтдилар. Термизий ривоят қилган.

 Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

Абу Дардо розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар илм толибининг бажарган амалидан рози бўлган ҳолда қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазилатига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Илмнинг фазилати борасида улуғ саҳоба ва тобеинлардан ҳам кўплаб ривоятлар бор: Жумладан, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: “Эй, Кумайл, илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш молни камайса, илм зиёда бўлади”, деганлар[7].

Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу олим ҳақида: “Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир”, деб айтганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол ва мулкдан бирини танлаш ихтиёри берилди. У илмни танладилар, илм сабабли мол ва мулкка ҳам эга бўлдилар”, деб айтдилар.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ Бақара сураси, 201-ояти бўлган:

“Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, оятини“Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса, жаннатдир”, деб тафсир қилган[8].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариатимизда илмга жуда ҳам кўп тарғиб қилинган. Юқорида илмнинг фазилатлари баён қилинди. Шунга кўра, ҳаммамиз илм олишга ҳаракат қилайлик, илмга муҳаббатли бўлайлик. Зеро, ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абдурроҳман ибн Абу Бакрадан, унинг отаси розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим бўл ёки таълим олувчи бўл ёки (илмни) тингловчи бўл ёки (илмга) муҳаббатли бўл, бешинчиси бўлмагин, ҳалок бўласан”, дедилар. Табароний “Ал-Муъжамус соғир”да ривоят қилган.

Аллоҳ барчамизга фойдали илм насиб қилсин.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон


[1] “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил маъсур”,  Жалолиддин Суютий.

[2] “Ал-Баҳрул мадид фи тафсирил мажид”, Аҳмад ибн Ажийба.

[3]  “Ал-Баҳрул мадид фи тафсирил мажид”, Аҳмад ибн Ажийба.

[4]  (Тафсирул Қуртубий) “Ал-Жамиъу ли аҳкамил Қуръан”. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Қуртубий.

[5][5]  (Тафсирул Қуртубий)  “Ал-Жамиъу ли аҳкамил Қуръан”. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Қуртубий.

[6] “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил маъсур”,  Жалолиддин Суютий.

[7]  “Иҳёу улумид дин”, Абу Ҳомид Ғаззолий, 14-бет.

[8] “Иҳёу улумид дин”, Абу Ҳомид Ғаззолий, 15-бет.

What you can read next

Фатво марказига ташриф
Фатво марказига ташриф
“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – икки олам сарвари”
Порлаб турувчи нур
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий маърузаларидан ... (Тўртинчи қисм)
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий маърузаларидан … (Тўртинчи қисм)

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP