Ислом шариатига кўра, совчиликнинг ўзига хос одоблари мавжуд. Унга кўра бир киши биринчи бўлиб қайсидир қизнинг уйига бориб, унинг валийсига қизига уйланиш истагини билдирса, бошқа бир киши томонидан бу совчилик устига совчилик қилиш мумкин эмас. То, аввалги совчиларнинг иши бир ёқли бўлиб, улар табиий равишда қайтариб юборилмагунча ўртага суқилиб, ўзгаларнинг совчилигини йўққа чиқариш динимизда ҳаром қилинган. Чунки, бу иш ҳам жамият вакиллари ўртасида низо ва фасод келтириб чиқаради.
Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси муборакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
عن عبد الله ابن عمر رضي الله عنه، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال:لا يخطب الرجل على خطبة أخيه حتى يترك الخاطب قبله أو يأذن له. رواه الخمسة.
“Киши ўз биродарининг совчилиги устига, ундан олдинги совчи тарк қилмагунча ёки унга изн бермагунча, совчи қўймасин.” [1]
Бошқа бир ҳадис мазмунига кўра, киши биродарининг савдоси устига савдо қилишдан ва совчилиги устига совчилик қилишдан қайтарилади.[2]
Уйланиш ва совчи бўлишдаги одоблардан яна бири истихора қилиш ва яқинлар билан маслаҳатлашишдир. Зеро, Аллоҳга истихора қилган ва бандалар билан маслаҳатлашиб иш юритган киши ҳеч қачон надомат қилмайди. Набий алайҳиссалом ҳар бир каттаю кичик ишда истихора қилишни таълим берганлар. Бу ниҳоятда муҳимдир.
Мўъмин мусулмон банда бирор муҳим ишга қадам қўйишдан аввал икки ракаат нафл намоз ўқиб, истихора дуосини ўқиб, амалга оширмоқчи бўлган иши ҳақида Аллоҳга юзланиб, хайрлисини сўраса, албатта Аллоҳ унга йўл кўрсатади. Уламолар: “Чин ихлос билан ўқилган истихорадан сўнг қайси ишга кўнгли чопса, шу нарса Аллоҳ томонидан берилган ишорадир”, деб айтишади. Агар биринчи мартасида ҳеч нарса ҳис қилмаса, иккинчи марта, учинчи марта ва қайта-қайта истихора қилса, албатта бунинг хайрли натижаси кўринади иншоаллоҳ.
Баъзи уламолар эса, истихора қилган киши бирор нарсани ҳис қилиши шарт эмас, истихора қилгандан сўнг ўзи маъқул деб билган ишни Аллоҳга таваккул қилган ҳолда амалга оширса, шунинг ўзи яхшилик билан ниҳояланади, деб айтишади. Хулласи калом, нима бўлганда ҳам истихора совчилик ва уйланишдек аҳамиятли ишларда ғоят муҳимдир
Ислом шариатига кўра никоҳланишда энг биринчи эътибор қаратиладиган жиҳат туғилажак зурриётлар учун муносиб ота ёки муносиб она танлашликдир. Бу борада динимиз манбаларига мурожаат қилинса, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси муборакларига дуч келинади:
عن أبي حاتم المزني رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: إذا جاءكم من ترضون دينه خلقه فأنكحوه‘ إلا تفعلوا تكن فتنة في الأرض وفساد‘ قالوا: يا رسول الله‘ وإن كان فيه؟ قال: إذا جاءكم من ترضون دينه خلقه فأنكحوه ثلاث مرات. رواه الترمذي
Абу Ҳотим ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур”, дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, агар унда (фақирлик ва ҳоказолар) бўлса ҳам-а?” дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг ”, деб уч марта айтдилар”.[3]
Бошқа ҳадиси муборакда шундай дейилади:
عن أبي هريرة رضي الله عنه، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: تنكح المرأة لأربع: لمالها، ولحسبها، ولجمالها، ولدينها فاظفر بذات الدين تربت يداك. رواه الخمسة.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл кишига тўрт нарсаси: моли, насаби, чиройи ва диндорлиги учун уйланилади. Сен диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур!”, дедилар.”[4]
Никоҳ қурган ёшлар келажакда бахтли ҳаёт кечиришлари учун куёв томон ҳам, келин томон ҳам қуда андачилик ришталарини боғламоқчи бўлган томонни совчи қўйишдан аввал ёки совчиларга жавоб айтишдан олдин эринмасдан суриштиришлари лозим. Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бирор кимса, сиздан маҳаллангиздаги бирор оила ҳақида суриштириб келса ёки қариндошингиздан бирор ким ҳақида сўраса, унга ҳақиқатни айтишингиз диний бурчингиз ҳисобланади. Чунки мусулмон киши гувоҳлик беришда адолатли бўлиши лозим. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 8-оятида шундай деб марҳамат қилади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ كُونُواْ قَوَّٰمِينَ لِلَّهِ شُهَدَآءَ بِٱلۡقِسۡطِۖ وَلَا يَجۡرِمَنَّكُمۡ شَنََٔانُ قَوۡمٍ عَلَىٰٓ أَلَّا تَعۡدِلُواْۚ ٱعۡدِلُواْ هُوَ أَقۡرَبُ لِلتَّقۡوَىٰۖ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَۚ إِنَّ ٱللَّهَ خَبِيرُۢ بِمَا تَعۡمَلُونَ٨
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир”.[5]
Нафақат, ўзгалар ҳақида, балки ўзингиз, ўз оила аъзоларингиз ва фарзандларингиз ҳақида ҳам бор гапни айтишингиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 135-оятида шундай деб марҳамат қилади:
۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ كُونُواْ قَوَّٰمِينَ بِٱلۡقِسۡطِ شُهَدَآءَ لِلَّهِ وَلَوۡ عَلَىٰٓ أَنفُسِكُمۡ أَوِ ٱلۡوَٰلِدَيۡنِ وَٱلۡأَقۡرَبِينَۚ إِن يَكُنۡ غَنِيًّا أَوۡ فَقِيرٗا فَٱللَّهُ أَوۡلَىٰ بِهِمَاۖ فَلَا تَتَّبِعُواْ ٱلۡهَوَىٰٓ أَن تَعۡدِلُواْۚ وَإِن تَلۡوُۥٓاْ أَوۡ تُعۡرِضُواْ فَإِنَّ ٱللَّهَ كَانَ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرٗا١٣٥
“Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларингиз ёки ота-оналарингиз ва қариндошларингиз зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир”.[6]
Воқеликда эса аксинча, кўпчилик орасида тарқалган хатолардан бири, бирор қизга совчи бўлинганда ўз ўғилларининг айби умуман айтилмайди. Эҳтимол, фарзандлари гиёҳванд ёки зинокор бўлиши мумкин. Ёки бошқа жиддий камчиликлари бўлиши мумкин. “Яхши ният”да буни яширишади. Шояд, ўғлимизни уйлантириб қўйсак, ўша эски “ҳунарлари”ни тарк этиб, яхши йўлга кириб қолар, зора, бекорчи юришларини йиғиштирса, деган умид билан жиддий камчиликларини яширадилар. Аммо, касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, бу нарсалар тўйдан сўнг маълум бўлгач, оила бузилади ва бир қиз бахтсиз бўлиб қолади ёки ота-онасининг обрўсини ўйлаб, бир умр заҳар-заққумни ичга ютиб яшашга мажбур бўлади.
Шунингдек, қиз томондан бўлажак куёв ва унинг оиласи ҳақида маълумотга эга бўлиш учун куёв томоннинг қўни-қўшниларидан ёхуд таниш-билишларидан бирортасидан бўлажак куёв ҳақида сўраб-суриштирилса, фақат мақтаб, салбий томонлари айтилмайди. Бу икки ҳолат ҳам юқорида айтилганидек, катта гуноҳ ва янглишувдир.
Фотима бинт Қайс деган саҳобийя аёл бор эди. Шу аёлга Абу Суфён ва Абу Жаҳм деган кишилар совчи бўлишади. У аёл бу ҳақда маслаҳатлашиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келади ва ҳолатни баён қилади. Шунда Пайғамбаримиз бояги икки саҳобийдаги аёлга ёқмаслиги мумкин бўлган икки камчиликни очиқ айтдилар. Абу Жаҳм ҳеч таёғини елкасидан қўймайди, дедилар. Яъни, бу билан Абу Жаҳм аёлларга қўли югурдак, аёлларга қаттиққўл деган маънони уқтирдилар. Баъзи шориҳлар Пайғамбаримиз бу сўзлари билан бу киши кўп сафарда юришига ишора қилганлар дея изоҳлашади. Абу Суфён ҳақида эса, у ниҳоятда қашшоқ бўлиб, умуман моли йўқ, дедилар. Шундан сўнг, мазкур аёлга Усома ибн Зайдни таклиф қилдилар. Натижада улар ҳавас қиладиган оила бўлишди. Мазкур ояти карималар ва ҳадиси шарифдан хулоса қилиб, уламоларимиз уйланиш борасида савол ва маслаҳат сўралган киши адолат билан тўғрисини айтиши лозим, деган тўхтамга келганлар.
[1] Бешовлари ривоят қилган.
[2] Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти.
[3] Имом Термизий ривояти.
[4] Бешовлари ривояти.
[5] Моида сураси 8-оят.
[6] Нисо сураси 135-оят.
Давоми бор…
Қобилхон Умаров
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






