Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мотуридий (в. 333/944-945 й.) ислом илоҳиётчиларининг шундай гуруҳига мансубдирки, уларнинг хизматларини ошириб таърифлашга эҳтиёж йўқ. Унинг улуғ мутакаллим сифатидаги шуҳрати ва таълимотининг кейинги авлодларга кўрсатган таъсири аллақачон умумэътироф этилган. Буларнинг бари уни ислом динининг етакчи устозларидан бири мақомига кўтаради.
Аммо ислом тарихи ва мусулмон манбаларида ал-Мотуридий шаънига айтилган мақтовлар билан бирга айрим ҳолларда, ишончсизлик ҳам сезилиб туради. Гап олимнинг диний таълимотига аниқ тавсиф бериш, унинг бошқа таълимотлардан фарқи нимада эканини шарҳлашга тақалганда, мутакаллимга билдирилаётган чандон ҳурмат ҳисси ёнида беихтиёр бир хижолат ҳам пайдо бўлади. Сўнгги пайтларга қадар ал-Мотуридий ҳақида айтилган барча гаплар унинг асарлари ва шахсиятидан кўра, тарихий аҳамиятини кўпроқ таъкидлайди. Масалан, ал-Жуббоий (в. 303/915-916 й.), Абу Ҳошим (в. 321/933 й.), ал-Каъбий (в. 319/931 й.) ва ал-Ашъарийлар (в. 324/935-936 й.) билан бир қаторда у каломнинг мумтоз даври асосчиси деб қабул қилинган. Шу боис, аввало, ал-Мотуридийнинг ўз таъсир кучини асрлар оша сақлаб қолган иккинчи сунний калом мактабига асос солганлардан бири эканлиги таъкидланади.
Аммо ал-Мотуридий таълимотининг орадан анча замонлар ўтиб шуҳрат қозонганининг сабаблари, унинг жозибаси, сири ҳозиргача ноаниқ бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда турли хил ва сермазмун тадқиқотлар нашр қилинганига қарамай, улар ҳам умумий манзарани ёритиб бера олмайди. Бу манзаранинг чизгилари шу қадар мавҳумки, ҳатто янги адабиётларда ҳам “The Obscurity of al-Мaturidi”( “Ал-Мотуридий жумбоғи”) “The problem of al-Мaturudi”( “Ал- Мотуридий муаммоси”) каби мавҳум номлангантадқиқотларни учратиш мумкин.
Бироқ илоҳиётчининг беқиёс шуҳрати билан бизнинг у ҳақидаги билимларимиз ўртасида мавжуд бўлган катта фарқда ҳозирги замон фанини айблаб бўлмайди. Чунки бу муаммо анча олдин, ўрта асрлар араб манбаларида бошланган. Бунда биз ажойиб воқеликнинг гувоҳи бўламиз: илоҳиётнинг турли тармоқларига бағишланган мумтоз асарларда, гарчи ал-Мотуридий исми биринчилар қаторида тилга олиниши лозим бўлса-да, бироқ у ҳақда лом-мим дейилмаган. Бу шунчаки атайлаб қилинган беписандлик эмас, балки маълум тарихий ва ҳатто жуғрофий шарт-шароитлар тақозосидир. Ал-Мотуридий Ироқда ёки ислом дунёсининг бошқа марказий ҳудудларидан бирида яшамаган. У Самарқандда, яъни Ойкуменанинг энг шарқий чеккасида таълим берган ва ўз асарларини яратган. Бу ерга бошқа ҳудудлардан турли ғоялар етиб келар, аммо бу ерда қандай фикрлар ҳукм сургани ғарбий ҳудудларда, инчунун, Бағдодда ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Бунинг натижасида ал-Мотуридий ҳам аввал бошда номаълум бўлиб, унинг таъсири узоқ вақт фақат Самарқанд шаҳри ва Мовароуннаҳр билан чекланиб қолган.
Бу ҳол VI/XI аср ўрталарига келиб, исломни қабул қилган марказий ҳудудларга шимоли-шарқдан салжуқлар бостириб борганидан сўнг ўзгарди. Олға босиш жараёнида улар ўзларига яхши таниш бўлган Мовароуннаҳр илоҳиётини тарқатар ва ислом марказини у билан таништириш йўлида воситаларни танлаб ўтирмас эдилар. Бу, биринчи галда, Эронда катта акс-садо келтириб чиқарди: ҳанафийлар ва ашъарийлар ўртасидаги алоқаларни узиб юборди, вақт ўтиб қайта учрашганларида улар энди ал-Мотуридий ва ал-Ашъарий тарафдорларига айланган эдилар.
Улар ўртасида ўрнатилган имкон қадар тенгликка илк бор Сурияда асос солинди. Бу ишда суннийлик тармоғини кучайтиришга, яъни алоҳида сунний мактабларга кўпроқ хайрихоҳлик билдиришга чорлаган Нуриддин Зангий (541/1146-569/1174) жонбозлик кўрсатди. Унинг ташаббуси қўллаб-қувватланди ҳамда айюбийлар (564/1169 йилдан бошлаб) ўртасида ўз тарафдорларини топди. Уларнинг сафи эса мамлукларнинг келиши билан (648/1252 йилдан) янада кенгайди. Улар ўз муҳитларида турли йўналишлардаги сунний мактаблар ўртасида батамом тенглик ўрнатишга эришдилар. Гарчи, дастлаб, бу йўл фиқҳнинг тўртта йирик мактабларига тегишли бўлса-да, кейинчалик илоҳиётда ҳам муваффақиятли қўлланди. Айнан Сурияда VIII/XIV асрда исломдан сунний каломда ал-Ашъарий таълимоти ҳамда узоқ Мовароуннаҳрдан келган ал-Мотуридий таълимоти тимсолида эътиборга сазовор иккита йўналиш мавжуд деб таъкидловчи овозлар пайдо бўлгани бининг ёрқин исботи бўла олади.
Ал-Мотуридий охир-оқибатда умумэътирофга сазовор бўлди. У қозонган шуҳрат камдан-кам ислом илоҳиётчисига насиб этган. Аммо бу эътироф кеч келди, унинг кечиккани ҳам баъзи оқибатларга сабаб бўлди. Айнан шу кечикиш, асосан VIII/XIV асрдан яратилган барча маълум манбаларда унинг исми тилга олинмаганига сабаб бўлди. Ал-Ашъарий ҳам ўзининг “Мақолот ал-исломиййин” асарида Самарқанддан чиққан илоҳиётчини четлаб ўтгани, агар асарнинг нисбатан эрта яратилганини эътиборга олсак (тахм. 300/912-913 й.), ажабланарли эмас. Худди шундай ҳолат анча кейинги давр муаллифларида ҳам қайтарилганини сезмаслик ҳам мумкин эмас. Булар – Абдулқоҳир ал-Бағдодий (в. 429/1037 й.), Ибн Ҳазм (в. 456/1064 й.), аш-Шаҳрастоний (в. 548/1153 й.) ва ҳатто Ибн Халдунлардир (в. 808/1406 й.). Маълумки “ Муқаддима” асарида каломнинг йирик билимдони эканини намоён қилган Ибн Халдун жуда кўп мутафаккирларнинг исмларини келтиради, бироқ улар орасида ал-Мотуридийнинг исми учрамайди.
Буларнинг ҳаммаси ҳозирги замонда олиб борилаётган тадқиқотлар хусусияти билан чамбарчас боғлиқ. Зеро уларнинг илк ислом илоҳиётшунослиги ҳақидаги тасаввурлари шу қабилдаги юзаки асарлар заминида шаклланган. Ўша даврга тегишли бўлиб, ўтган аср ўрталарида фанга маълум бўлган шундай манбаларнинг дастлабки намунаси аш-Шаҳрастонийнинг “Китоб ал-милал ван-ниҳал” асаридир. Ундан сўнг калом бўйича аниқ ва мунтазам маълумотлар олиш илинжида катта қизиқиш уйғотган бошқа бидъат-хурофот руҳида яратилган адабиётлар ҳам пайдо бўла бошлади. Бироқ бу манбалар бирон-бир алоҳида илоҳиётчи ҳақида сўз очмас эди. Шундай қилиб, фаннинг бу соҳасида шундай бўшлиқ юзага келдики, уни янги тадқиқотлар ва изланишларсиз тўлдириб бўлмас эди. Ал-Мотуридийга нисбатан ҳам худди шундай ҳолат юзага келди: у ҳақида — тахминан икки аср давомида – асосан бошқа матнлардан маълумот олинди. Бундай маълумотлардан ал-Мотуридийнинг илоҳиётчи сифатида нақадар катта мавқега эга бўлгани маълум бўлади. Аммо булардан бошқа оддий мубтадиъ (эътиқод масалаларида адашган) адабиётлар ва қўлланмалардан исломшунос ҳеч қандай қўшимча ахборот ололмас эди. Шу жиҳатдан эътиборли мукаллим таълимоти ва ғоялари ҳақида аниқроқ маълумотга эга бўлишнинг ҳеч қандай имкони йўқ эди.
Улрих Рудолф
Давоми бор…