SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Исломдаги биринчи элчи
26.10.2022 / Bo‘limda Maqolalar

Исломдаги биринчи элчи

Биринчи ақаба байъатидан кейин ансорийлар Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи вассалламдан уларга динни ўргатиб, Қуръондан таълим берадиган инсонни ўзлари билан юборишларини сўрашди. Расулуллоҳ (сав) бу муҳим ишга бир қурайший ёш йигитни ихтиёр қилдилар. Ва йигит Мадинага етиб борди ҳамда у ерда Араб жазирасидаги адолат меъзонларини ўзгартириб юборадиган ижтимоий инқилобга сабабчи бўлди!

Хўш, қурайшлик бу йигит ким эди? Мадинада нима ишлар қилди? Ислом тарихидаги биринчи элчилик қандай сабабларга кўра айнан унга насиб этди?..

Расулуллоҳ (сав) ҳам саҳобаларига қатъият борасида намуна эдилар. Батаҳқиқ, Қурайш кофирлари у зотнинг матонатларини синдиришга, турли усуллар билан йўлларидан қайтаришга ҳаракат қилишди. Дам жисмларига, дам қалбларига озор беришар, туҳматлар уюштиришар, ёлғончига чиқармоқчи бўлишар, ҳатто ақлий салоҳиятларига шак уйғотмоқчи бўлишар, бунинг учун турли хил макр-ҳийлалар ўйлаб топишарди. У зотнинг қариндош-уруғига, яқинларига ҳам душманчилик қилишарди. Ўйлаганлари иш бермагач, мол-мулк, маишат, аёлларни таклиф этишди. Шарт шуки, ниятидан қайтсин, Исломга даъватни тўхтатсин. Бироқ, ҳар қандай таҳдиду алдоларга  Расулуллоҳ (сав) улуғвор тоғлардек қатъий турдилар. Айни чоқда У зотнинг атрофидаги саҳобалар ҳам ўз муаллимлари каби қатъиятли эдилар.

Мана шундай қатъияти ва мустаҳкам иймони билан Қурайш катталарини саросимага солиб қўйганлар орасида Мусъаб ибн Умайр  исмли ёш йигит ҳам бор эди. У ўзига тўқ оиладан бўлиб, Макканинг жозибадор, тантиқ йигитларидан эди. Энг хушбўй атирларни сепар, энг чиройли кийимларни кияр эди. Мусъаб ибн Умайр разияллоҳу анҳу Ҳарамга ҳизмат қилиш масъулияти ва Каъбанинг калитига эгалик қилишдек шарафга эга бани Абдуддор оиласидан эди. Бани Абдуддор Каъба хизмати билан хосланган эди. Хизмат дегани, Каъбага иноятлар келтириш, уни очиш, ёпиш, тозалаш, Каъба ва унинг кисвасини ювиш, агар кисвага зарар етса уни ростлаб қўйиш, унинг зиёратчиларини кутиб олиш ва шунга алоқадор барча ишларни қилишни ўз ичига оларди. Бу иш уларга араблар орасида катта обрў келтирган эди. Шунингдек, бани Абдуддор Макка улуғлари йиғилиши ўтказиладиган Дорун-надавага ҳам бошчилик қилиш билан ажралиб турарди. Мана шулар билан бирга, бани Абдуддор жангларда Қурайшнинг байроқдори ҳам эди.

Шунинг учун Қурайшликлар Мусъаб (р.а)ни Исломга кирганини билганда, бошқа кофирлар чангалидан қутқарадиган қабиласи йўқ заиф Макка аҳолисини азоблагандек, уни азоблашга журъатлари етмади. Бунинг ўрнига онаси Доғутот у билан ўзи шуғулланди. Мана шундан кейин, уни танлаган динидан қайтариш учун ҳибс қилиш ва боғлаб қўйиш янада кучайди. Лекин, Мусъаб (р.а) ўз йўлларида кучли қатъият билан бардавом бўлдилар ва Ислом динини тарк қилишдан бош тортдилар. Охири ҳибсдан қочишга муваффақ бўлдилар ва Қурайш зулмидан қочиб Ҳабашлар юртига паноҳ излаб кетган мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилдилар. Маккага қайтиб келишларидан аввал, Расулуллоҳ (сав) у зотни Мадинага сафар қилиш, унинг аҳлига ислом асосларини ва Қуръонни таълим бериш учун танлаб олдилар. Шундай қилиб Мусъаб ибн Умайр (р.а) Ислом тарихидаги биринчи элчи бўлган эди.

Хўш, Мусъаб ибн Умайр (р.а) Расулуллоҳ (сав)нинг Мадинага юборилган хос йўлланмалари бўлиб танланишларига нима сабаб бўлган?  Бу хатарли, муҳим вазифа учун саҳобалар ичида нега айнан Мусъаб ибн Умайр (р.а)га ихтиёр воқе бўлди?

Биз Расулуллоҳ (сав) Мусъаб ибн Умайр (р.а)ни Мадинага юборишни ихтиёр қилганларида нимани ўйлаганларини билмаймиз. Лекин Расулуллоҳ (сав)нинг ҳаётлари давомидаги ҳаракатлари ва танловлари ҳақида тафаккур қилиб кўрган инсон, узоқни кўзланган илмий дастурни топади. Шунинг учун, Мусъаб ибн Умайр (р.а)нинг танланиш сабабларини мухтасар ҳолда келтириб ўтамиз:

1 – Садоқат: Мусъаб ибн Умайр (р.а) исломга кирган биринчи йилларидаёқ иймонларига содиқ эканликларини исботлаганлар. Бунга оналари бошчилик қилган шахсий босимлар, динларида қаттиқ туриб олганлари учун қўлланган ҳибслар, боғлаб қўйишларга қарамай ўз динларини мустаҳкам ушлаганларини ҳужжат қилганлар. Бу ўзига тўқ йигитнинг динда собит туришини бошқа роҳат-фароғатли ҳаётга ўрганган тантиқ йигитларга солиштирадиган бўлсак,  бу синовлар уни Мадинага қилинадиган сафардек муҳим иш учун тайёрлов бўлган. Агар У зот иймонда бардавомийлигини йўқотиб қўядиган қўрқоқ шахс бўлганларида, Мадинада бўлган ҳолатларида динларидан қайтишга имкон топардилар. Натижада исломга янги кирган бошқа мусулмонлар фитнага дучор бўлишар эди. Ёки шухрат ва етакчилик ҳавосига учиб, Расулуллоҳ (сав)га эргашишдан бош тортиб, Мадинада мустақил бўлиб олишлари, У зотдан алоҳида мустақил сиёсий низом жорий қилишлари ҳам мумкин эди. Ёки, Мусайлама каззоб қилгани каби янги дин жорий қилишлари ҳам мумкин эди. Кўпгина ҳолатда сафардаги йўлбошчи ва эргашувчилар ўртасида келишмовчиликлар такрор-такрор юзага келганини биламиз. Буни ушбу ўринда зикр қилиб ўтириш шарт эмас. Шунинг учун Мусъаб ибн Умайр (р.а)нинг қатъиятлари бундай муҳим вазифада жуда зарур бўлган.

2 – Тажриба: Мусъаб ибн Умайр (р.а) Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонлардан эдилар. Табиийки, У зотни Ҳабашистонга ўхшаш ўзга юртларда бўлишлари, ажам юртларининг туб аҳолиси билан муомала қилиш тажрибасини юзага келтирган.

Бу ишдан ҳосил бўладиган натижа эса, муҳожирлар ва туб аҳолининг анъаналари турличалигидан келиб чиқадиган ихтилофларни камайтириш эди.

3 – Услуб: Мусъаб ибн Умайр (р.а) табиатан юмшоқ феъл, тарбияли, ўйлаб иш қиладиган, гапирганда юмшоқ гапирадиган, очиқ юзли, гўзал муомалали инсон эди. Бу сифатлар шунчаки “керак” дейиладиган эмас, балки, инсонларга ўз фикрини етказишга ҳаркат қилувчи ҳар қандай даъватчига лозим бўладиган зарур сифатлар эди. Инсонлар агар даъватчи улар билан қўполлик ва дағаллик ила муомала қилаётганини сезсалар, гарчи даъвати уларга манзур бўлса ҳам ундан қочадилар.  Шунинг учун, Маккада Расулуллоҳ (сав)ни лозим тутган, Ҳабашистонга ҳижрат қилмаган, илми ва суҳбати кўпроқ бўлган саҳобалар бўлса ҳам, Мусъаб ибн Умайр (р.а)га ўхшаш ҳушмуомала инсонни танлаш мақсадга мувофиқ бўлган. Бундай муҳим даъватларда асосан ҳушмуомалалик, ҳикмат ва очиқ юз билан ажралиб турадиган инсонларга муҳтож бўлинади.

4 – У зотнинг насаб ва обрўлари: Мусъаб ибн Умайр (р.а)нинг бани Абдуддорга мансуб эканликлари Мадинадаги янги фаолиятларига ёрдам берувчи омил бўларди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ (сав) инсонларни қандайдир қабилага мансуб эканлиги ёки ирқига қараб ажратмаганлар. Лекин, У зот ўзларини ўраб турган атроф муҳитни ва ўзлари яшаб турган реал ҳаётни кўра оладиган оқил инсон бўлганлар. Араблар эса, шахсларни обрў ва насабига қараб ҳурмат қилар эди. Араблар муқаддас санайдиган Аллоҳнинг Байтул-ҳарамига қаровчилик қиладиган Қурайшнинг катта оиласига мансуб ҳурматли йигитни у ерда бўлиши инсонларни даъват қилишга ва Мадинанинг мансабдор шахслари билан музокара қилишга енгиллик яратар эди. Ва шундай бўлди ҳам. Батаҳқиқ, Мусъаб ибн Умайр (р.а) Авс ва Хазраж бошлиқлари билан учрашишга, улар билан суҳбат қуриб, уларни Исломга даъват қилишга муваффақ бўлдилар. Шак йўқки, Расулуллоҳ (сав) ҳам Мусъаб ибн Умайр (р.а)ни танлаётганларида  бу қарашларини фикр тарозусига солиб кўрганлар.

Раҳматуллоҳ Саиджалолов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси

What you can read next

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг машҳур шогирдлари
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг сифатлари
Абул Қосим Аз-Замахшарий
Абул Қосим Аз-Замахшарий (2-қисм)
БУЮК ТИЛШУНОС АЛЛОМА ИБН ҲОЖИБ
Буюк тилшунос аллома ибн Ҳожиб

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP