Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи) Зотдир». Фотир сураси 29-30-оятлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир».
Қуръон сўзи луғатда «ўқимоқ», «жамламоқ», «бир-бирига қўшмоқ» каби маъноларни англатади. Улумул Қуръон истелоҳида “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга нозил қилинган, тиловати ибодат саналадиган Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон деб аталади”.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай дедилар: «Беш нарса ибодатдандир: Мусҳафга назар солиш, Каъбага назар солиш, ота-онага назар солиш, зам-замга назар солиш ва олимнинг юзига назар солиш – бу хатоларни ўчиради», дедилар”.
Ислом уммати умматларнинг энг яхшиси бўлса, Қуръон аҳли ислом умматининг энг яхшисидир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганларингиздир», дедилар”.
Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор», дедилар. Саҳобалар: “Улар ким Я Росулуллоҳ?”, деб сўрадилар. У Зот: «Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир», деб жавоб бердилар”.
Инсон зоти асли хатокор, баъзида Аллоҳга исён қилиб қўяди, гуноҳ-у маъсиятлар қилади. Натижада, қалб қораяди, кўнгил ёришмай қолади, қалб маҳзун бўлиб, ўзига таскин излайди. Ушбу ҳолатда инсонга Қуръон тиловати малҳам бўлади. Қуръони Карим тиловати мўминнинг қалбига нур, ҳаётига фаровонлик олиб келади, танаси-ю руҳига маънавий озуқа бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳақ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади», дедилар. Саҳобалар: «Унинг даъвоси нима?», деб сўрашди. Шунда У Зоти муборак: «Ўлимни кўп эслаш ва Қуръонни тиловат қилиш», дедилар”.
Юқоридаги сўзлардан маълум бўладики, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан Қуръон ўқиш билан қалблар яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даъво дейилмаган…
Қуръон қироатининг фазилати, қориларнинг фазллари ҳақида жуда кўплаб ҳадислар келтирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга насиҳат қилиб шундай деганлари ривоят қилинган: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар ҳудди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби, фаришталар қабринг атрофини тавоф қиладилар”. Имом Абу Нуайм ривоят қилганлар.
Ушбу оят ва ҳадисларга мувофиқ Қуръони Карим билан ҳамнафас ҳаёт кечирган саҳобалар, тобеинлар, салаф-у солиҳлар, муқарраб бандаларнинг ҳаёти мазмунли, барокатли, ислом умматига манфаатли ўтган ва ўтмоқда…
Жумладан, мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойида олтмиш марта Қуръони Каримни ҳатм қилишлари, кечаси бир марта, кундузи бир марта хатм қилганлари ҳақида Али ибн Язид роҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар.
Қатода роҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида Абу Мутъим роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: «У Қуръонни етти кунда бир марта хатм қиларди. Рамазон ойи келса ҳар уч кунда бир марта хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида эса ҳар куни бир марта хатм қиларди». Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг каломини яхши кўрувчи, унинг тиловатида бардавом бўлувчи, Ўзининг хос бандаларидан, Қуръон аҳлларидан қилсин…
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Саидаъло Бузрукхонов





