Энди Аллоҳ таоло сифатларини инкор қилувчи муаттила фирқаси ва ҳақиқий салаф мазҳаби ўртасидаги фарқни кўриб чиқамиз.
Салаф уламоларимиз тутган йўл Аллоҳ таолони махлуқотларга ўхшатиб қўйиш ваҳмини келтириб чиқарадиган сифатларнинг ҳақиқати борасидаги илмни тавфиз қилишдан иборат. Улар сифатни собит қилиб, яъни бор деб, у борасидаги ҳақиқат илмини Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола қилишган. Ҳар қачон уларга бу борада оят ёки ҳадис айтилса “Барчаси Роббимиз тарафидандир ва Аллоҳ таолони Ўз махлуқотларига ўхшатишдан поклаб, ўша сифатнинг маъно ҳақиқатини Аллоҳга ҳавола қилиб, у сифатлардан кайфиятни инкор этган ҳолда барчасига иймон келтирдик” деганлар.
Муаттила тоифаси бўлса сифат борлигини инкор этиб “Аллоҳ таолода “яд” деган сифатнинг ўзи йўқ” деб айтишади. Демак, таътил, яъни йўққа чиқариш, бу сифатни буткул инкор қилиш бўлиб, унда биз аҳли сунна вакиллари айтган “махлуқотлар сифатланадиган ноқис маънони нафий қилиб Аллоҳ таоло улуғлигига лойиқ баркамол маънода собит қилиш” деган тушунчанинг ўзи йўқ.
Агар дастлабки маъноси махлуқотларга тегишли ноқис маънони ваҳмга олиб келувчи сифатларнинг бу ноқис маъносини инкор этмай, балки “Сифатлар айни ўша ноқисликни келтириб чиқарувчи маънода Аллоҳ таолога собитдир” дейдиган тоифа мужассима, яъни “Жисм берувчи”лар деб номланади. Уларни бу ном билан аталишига сабаб, уларнинг бу эътиқодлари Аллоҳ таолони худди жисм каби тасаввур қилишга олиб боради (Аллоҳ таоло бу нарсалардан пок зотдир). Уларни бундай қилишларига сабаб эса муташобеҳ сифатларни одатда қўлланиладиган маъноларини тўғридан тўғри Аллоҳ таолога нисбат беришларидир. Бу иш эса нотўғри ҳисобланади, зеро бундай одатий маънолар фақатгина махлуқларга нисбатан ишлатилиши мумкиндир.
Демак бу масалада борасида қарашлар асосий уч қисмга бўлинар экан
1.Салафлар йўли
2.Муаттилалар (йўққа чиқарувчилар)
3.Мужассима (Жисм деювчиалр)
Мужассима бу сифатларни оддий махлуқларга ишлатиладиган маънолар ила Аллоҳга собит қилади.
Муаттила бу сифатлар махлуқлардагина бўлади, деб, умуман сифатларни рад этади.
Салафлар йўли эса мана шу ҳаддан ошган икки тоифани ҳам нотўғри деб, Сифатларни собит қилади ва унинг ҳақиқати, яъни маъносини Аллоҳ таолонинг илмига ҳавола қилишиб, бу сифатлардан кайфиятни рад этишади.
Демак, ким муташобеҳ сифатларни илк тушуниладиган машхур маъносида собит қилса, мушаббиҳа ва мужассима тоифаларига ўхшаб қолади, кимда-ким бу сифатларни мутлақо рад этса, у Аллоҳ таоло Ўзига собит қилган сифатни йўқ деяётган бўлади ва муаттила ҳисобланади.
Ким сифатни собит қилса ва унинг маъносини тавфиз қилиб ундан кайфиятни инкор қилса, демак у мушаббиҳа мужассима ва муаттилаликдан омонда бўлади.
Ҳазратқулов Дўстмуҳаммад
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






