“Аллоҳ таоло сифатларига кайфият бериш”
“Мавзуга тегишли истеълоҳлар”
Бизларга соф эътиқодда бўлишни буюрган Аллоҳ таолога ҳамдлар ва айни ўша эътиқодни биз умматларга етказган хазрат Расулуллоҳ (сав)га дуруд ва саломлар бўлсин!
Одам зоти яратилибдики, Аллоҳ таоло уларга Ўзини таниш ва унга ибодат қилишга буюрган. Соф исломий эътиқод инсоннинг икки дунё саодати ҳисобланади.
Дарҳақиқат, мўмин киши аввало ўз Роббисига бўлган ишонч ақидасини тўғирлаши энг муҳим ишлардандир. Бугунги кундаги мусулмонлар ақидасига ташқаридан ҳам, ислом ичкарисидан ҳам уни емиришга харакатлар бўлаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди.
Биз бу ўринда шу кунларда мусулмонларимиз соф эътиқодларига путур етказаётган “Аллоҳ таоло сифатларига кайфият бериш” мавзусида тушунчалар бериб, унинг нақадар хатарли экани ҳақида сўз юритамиз.
Мақола 4 қисмдан иборат бўлиб 1- “Мавзуга тегишли истеълоҳлар”, 2- “Кайфиятни инкор қилиш ва уни тафвиз қилиш орасидаги фарқ”, 3- “Сифатни инкор қилиш ва маънони тафвиз қилиш орасидаги фарқ”, 4- “Салафлар йўли маънони тафвиз қилишми ёки кайфиятни” деб номланади.
Аллоҳ барча мусулмонларимизни соф эътиқодда жамласин! Омин!
Мавзуга тегишли истеълоҳлар
Маъно.
“Лисан ул-араб” китобида қуйидагича таъриф келади: (Ҳар ўринда “маъноси” деганда унинг ўзига қайтиб келадиган ҳол тушунилади, гапга нисбатан “маъноси” деганда эса унинг мақсади назарда тутилади)
Бир нарсанинг маъноси деганимизда бу унинг тафсири, мақсади ва ўша гапни айтувчининг ирода қилгани тушунилар экан, демак, “Аллоҳ таолонинг сифатлари маъноси” деганимизда бу гапдан сифатларнинг тафсири ва ўша сифат зикр қилинган гапдаги Аллоҳ таолонинг муроди тушунилади.
Ҳақиқат
“Лисан ул-араб” китобида қуйидагича таъриф келади: (Ҳақиқат бу ишнинг воқеликдаги рўёби ва тақозоси унга келиб тўхтайдиган тушунча. Луғат нуқтаи назаридан эса ҳақиқат – асли ўзи қўйилган маъносида ишлатишдир)
“Аллоҳ таоло сифатларининг ҳақиқати” деганда сифатлар тафсири ва маънолари борасида аниқ Аллоҳ таолонинг муродини билишга айтилган бўлади. Шу ўринда “маъно” ва “ҳақиқат” синоним сўзларга айланиб қолади.
Кайфият
Имом Журжоний (р.а)нинг “Таърифлар” китобида айтилади: “Кайфият бу ўзида нисбий тушунчалар ва тақсимланишни ҳам тақазо этмайдиган бир нарсада жойлашган ҳолатдир.”
Оддий қилиб айтганда кайфият бу сифатлар ва феълларда рўй берадиган ҳолат. Демак, шунда кайфият бошқа ва рўй бераётган сифат ва феъл бошқа.
Масалан; Анвар мадрасага шошилиб келди.
Бу мисолда тўртта алоҳида мавжуд нарсалар бор
1) Анвар
2) Мадраса
3) Шошилиш
4) Келиш
Булардан учинчиси, яъни “шошилиш” кайфият ҳисобланади. Шунинг учун ҳам “Анвар мадрасага қандай келди?” саволига “шошилиб” дейишингиз мумкин бўлади.
Тафвиз
“Лисан ул-араб” китобида қуйидагича таъриф келади: “Ишни унга тафвиз қилди деса, у иш борасида уни ҳоким қилди, унга топширди деган бўлади. Дуо борасидаги ҳадисда “Ишимни сенга тафвиз қилдим” дейилади, бу сенга қайтардим маъносидадир”.
Демак, тафвиз инкор этиш ёки йўққа чиқариш деган маънолардан мутлақо йироқ сўз экан. Аслий маъноси эса борлигини эътироф қилган иши борасида қатъий ҳукум чиқаришни ўша иш ҳақиқатини билувчи зотга топширишдир.
Шу ўринда айтишимиз керакки, Аҳли сунна вал жамоанинг муташобеҳ оятлар борасидаги тафвиз қилиш эътиқоди “Зикри келган сифатни Аллоҳнинг муродига кўра Ўзига собит қилиш”дир. Агар “Ўша сифатдан Аллоҳ таолонинг муроди нима?” деган савол берилса айтамизки, “Аллоҳ таоло бу ўринда Ўзининг ушбу сифатининг асл маъносини ошкор этмади ва уни халойиқдан яширди, биз эса бу сифатни ҳақиқатига, борлигига иймон келтирамиз ва лекин бу сифат Аллоҳ таолонинг қайси баркамол сифатига далолат қилишини билмаганимиз учун қатъий маъно айтмаймиз ва буни Ўзининг илмига топширамиз. Аммо, ишонч билан айтамизки, бу сифат аниқ ожизлик ва нуқсон маъноларига далолат қилмайди”.
Юқоридаги гаплар тушунарли бўлиши учун мисол келтирамиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир неча ўринда Ўзига “Яд” калимасини собит қилган. Биз ҳам Аллоҳ таолога “яд”ни собит қилиб айтамизки “Аллоҳ таолонинг “Яд” сифати бор, аммо биз бу “Яд” сифати Аллоҳнинг муродига кўра қайси баркамол сифатга далолат қилишини аниқ билмаймиз ва бу асл мурод бўлган маънони ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи билади деймиз, ва шу билан бир қаторда “Яд” калимасини нуқсонга далолат қилувчи ҳар қандай маъноларини аниқ ишонч билан рад этамиз. Чунки Аллоҳ таоло фақат ва фақат энг мукаммал ва баркамол сифатлар билан сифатланувчи улуғ Зотдир. Зеро, “яд” калимасининг араб тилида ҳам бир неча маънолари бор
1. Аъзо, бўлак
2. Қудрат
3. Марҳамат ва мукофотлаш ва бошқалар
Биз аниқ биламизки Аллоҳ таолога нисбат берилган “яд” сифати аъзо, бўлак маъносида эмас, чунки бу маъно Аллоҳ таоло ҳақида нуқсон ва муҳтожликни келтириб чиқаради. Юқорида айтилган жараён биз Аҳли Сунна вал жамоа наздида “тафвиз” дейилади.
ДАВОМИ БОР
Мударрис А.Абдуллаев таржимаси






