Ҳар бир талаба ўзи учун илм ўрганишни қайси пайтда қулай эканлиги ҳақида фикр юритиши турган гап. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Қадимдан ота-боболаримиз илм ўрганишни бошлаш учун энг қулай вақтни чоршанба куни деб айтишган. Улар бу гапларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифини далил қилиб келтиришади: “Чоршанба кунида бошланган ҳар бир иш ўз якунига албатта етади”. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳи юқоридаги ҳадиси шарифга амал қилиб, кўп ишларини шу кунда бошлаганлар. Шунингдек, Бурҳониддин Марғиноний роҳматуллоҳи алайҳи ҳам ҳар бир қилмоқчи бўлган яхши амалларни чоршанба кунидан бошлаганлар.
Бу кун жуда баракалидир. Чунки ушбу кунда нур яратилган. Нур яратилган кунда албатта Барака бўлади. Шунингдек, чоршанба куни кофирларнинг устига бало ёғилган кун ҳам ҳисобланади. Чунки бу кунда кофирлардан бир қавмни ер ютиб кетган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмнинг нур эканлигини кўп зикр этган. Шунингдек, илмнинг нур эканлигини Имоми Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳига Устозлари Вакийъ роҳматуллоҳи алайҳи панд насиҳатлари асносида уқтирганлиги машҳур шеърда ҳаммамизга маълум. Ҳар ойнинг охирги чоршанба куни мўмин-мусулмонлар учун баракали кун ҳисобланади.
Илм олишга нима тўсқинлик қилади ва унга қандай чора кўриш керак? Уламолар илм олиш учун тўсқинлик қиладиган энг катта омилни балғам деб айтишади. Балғам кўп сув истемол қилишдан келиб чиқади. Кўп сув ичишга туртки бўладиган сабаб кўп овқат ейишликдир. Ҳар бир толиби илм кам овқат еб, кўп китоб ўқимоқлиги лозим.
Илм олишга кўп фойда берадиган, ҳамда балғамни кетказадиган энг яхши омил бу мисвок ишлатишдир. Мисвокда бундан ташқари ҳам катта фойдалар бор. Бу борада ин шаа Аллоҳ алоҳида сўз юритамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Агар умматимга машаққат қилиб қўйишдан қўрқмаганимда ҳар намоз олдидан уларга мисвок тутишликни буюрган бўлар эдим”.
Толиби илмга яна бир катта маслаҳатлардан бири эрта ухлаб эрта туриб дарс қилмоқлигидир. Одатда эртага дарслар кўп бўлиб кетди деб, талабалар ухламасдан дарс қилиб чиқадилар ва эртаси куни эса дарсда ухлаб ўтирганларини гувоҳи бўламиз. Ваҳоланки, дарсда ухлаб ўтиришлик ҳам устозга нисбатан одобсизлик, ҳам илм олишга қаршилик қиладиган катта тўсиқ ҳисобланади. “Эрта турганга Худо беради” деб халқимиз бекорга айтмаган.
Толиби илмлар учун жуда катта барака бўлмиш қиш фасли ҳақида эслатиб ўтиш ўринли бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам «Қиш мўъминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқалиги учун рўза тутади, кечалари узун бўлгани учун туриб намоз ўқийди», деб марҳамат қилганлар (Аҳмад, Абу Яъло, Байҳақий). Бу онлардан талабалар унумли фойдаланиб қолишликлари лозим эди. Аммо гувоҳи бўлдикки, баъзи талабалар бу фаслни бекорчилик билан ўтказиб юборишди. Аллоҳдан тавфиқ сўраймиз!
Умуман олгандан ҳечдан кўра кеч. Толиби илмлар тушкунликка тушмасдан олдинга катта-катта қадам ташлаб илм олишга шошилсинлар. Илм олишда ўзаро мусобақалашсинлар!
Аллоҳим барчамизга фоидали илм ато қилгин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти талабаси Эргашев Абдуссамиъ






