Бу улуғ зотнинг исмлари – Амр ибн Собит ибн Вуқайш (кўпинча Уқайш, деб ишлатилган) ибн Зағба ибн Заъваро ибн Абдул-Ашҳал ал-Ансорийдир. У киши бобаларига нисбат берилади, шунинг учун ҳам Амр ибн Уқайш деб номланганлар. Оналари – Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг опалари Бинтул-Ямондир. Бу улуғ саҳобийнинг лақаблари “Асойрим” бўлган. Уҳуд ғазотида шаҳид бўлганлар. [1]
У киши Исломга киришликларидан олдин, молида рибо бўлган, Исломга кирса, молидан айрилиб қолишлигидан хавфсираганлиги боис Исломга қарши эдилар. Уҳуд ғазоти пайтида Аллоҳ таоло у кишининг қалбига Исломни солди. Амакиларининг фарзандларини излаб мусулмонларни олдига келдилар. Мусулмонлар: “Нари кет!” дедилар. Шунда у киши: “Мен иймонга келдим” дедилар. Амакиларининг фарзандлари урушга киришиб кетган эдилар. Сўнг бу киши ҳам улар билан биргаликда жангга киришдилар. У киши жангда шаҳид кетдилар. У кишини қавми Абдул-Ашҳалга етказишди. Шунда қавми: “Бу нима сабабдан жанг қилди? Қавми учун ғазаб қилибми, ё Аллоҳ ва Унинг росули учун ғазаб қилибми?” деб сўрашди. Шунда: “Аллоҳ ва Унинг росули учун ғазаб қилди” дейишди. У киши Аллоҳ таоло учун намоз ўқимадилар. Сўнг, одамлар унинг ишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтардилар. Шунда у зот у кишига Жаннат башоратини бериб, “Албатта, у Жаннат аҳлидандир” дедилар.
У кишининг Исломга киришликлари ва шаҳид кетганликлари борасида иккита ҳадис ворид бўлган:
Биринчиси: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Амр ибн Уқайшнинг жоҳилиятда рибодан моли бор эди. Исломни қабул қилиб, ундан айрилиб қолишни ҳоҳламади. Уҳуд куни келиб, “Амакимнинг фарзандлари қаерда?” деб сўради. “Уҳудда” деб жавоб беришди. “Фалончи қаерда?” деди. “Уҳудда” дейишди. “Фалончи қаерда?” деди. “Уҳудда” дейишди. “Фалончи қаерда?” деди. “Уҳудда” дейишди. Озгина туриб, отига минди, сўнг улар томон юзланиб кетди. Мусулмонлар уни кўргач, “Нари кет, Амр” дейишди. Шунда у: “Иймон келтирдим” деди. Жанг қилди ва жароҳат олди. Аҳли оиласига жароҳатланган ҳолда етказилди. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу келиб, синглисига “Сўрачи, жангга қавми учун чиқибдими, ё Аллоҳ учунми?” дедилар. “Аллоҳ ва унинг росули учун” деб жавоб берди ва вафот этди. Аллоҳга намоз ўқимасдан, Жаннатга кирди”. [2]
Иккинчиси: Ҳусайн ибн Абдурроҳман Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: У киши одамларга “Намоз ўқимасдан, Жаннатга кирган киши ҳақида менга айтиб беринглар” деб айтардилар. Одамлар бирор нарса демагач, ўзларидан “У киши ким?” деб сўрашар эди. Шунда у киши: “У Бану Абдул-Ашҳал қабиласидан Асойрим – Амр ибн Собит Вуқайшдир” деб айтар эдилар. [3]
Имом Ҳусайн “Маҳмуд ибн Лабидга Асойримнинг ҳолати қанақа бўлган, дедим” дедилар. У киши: “Уҳуд ғазотигача Исломдам бош тортиб юрганлар. Уруш вақти келиб, у киши иймон келтириб, Аллоҳ йўлида жангга киришганлар. Жангда жароҳатланиб, ётиб қолдилар. У кишининг қавми ҳалок бўлганларни излаб юрган асносида у кишини топиб олишди. Уни бу ерга нима олиб келгани ҳақида у кишидан сўрашди: “Қавмингга ёрдамга чиқдингми ёки Исломга рағбат қилибми?” дейишди. Шунда у киши: “Исломга рағбат қилиб, мен иймон келтирдим” дедилар ва уларнинг қўлида вафот топдилар” деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан, шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев манбалар асосида тайёрлади
[1] Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳнинг “Исоба” китобларидан (5801) [2] Абу Довуд “Сунан”ларида (2537), Имом Табароний “Муъжамул-кабир”китобларида (39/17), Абу Нуъайм “Маърифатус саҳоба” китобларида (4965), Имом Ҳоким “Мустадрак” китобларида (2533) ва Имом Байҳақий “Сунанул-кубро” китобларида (18543) Мусо ибн Исмоил роҳимаҳуллоҳ туруқидан ривоят қилишган. Исноди “ҳасан”. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ “Исоба” китобларида (4/501) ҳасан деганлар. [3] Имом Аҳмад “Муснад”ларида (23634) ва Абу Нуъайм “Маърифатус саҳоба”ларида (4964) Ибн Исҳоқ туруқларидан ривоят қилганлар. Исноди “ҳасан”. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ “Исоба” китобларида (4/501) ҳасан деганлар.