Халқимизнинг кўп асрлик тарихидан юртдаги улуғ зотлар, уламолар, ишбошиларга ҳурмат, уларнинг ўгитларига итоат миллий қадрият ҳисобланган. Жамият равнақи, халқ фаровонлиги ушбу зотларнинг панд-насиҳатлари ва кўрсатмаларига амал қилишга ҳар томонлама боғлиқлиги – исбот талаб қилмас ҳақиқатдир!
“Итоат” калимаси “бўйсуниш”, “таслимлик”, “ҳукмга рози бўлиш” сўзлари билан маънодош бўлиб, уларнинг қаршисида “осийлик”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар туради. Итоат тўғрисида Қуръони каримнинг бир қанча оятларида сўз юритилган бўлиб, жумладан шундай дейилади:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз! Амалларингизни зое қилмангиз!” (Муҳаммад сураси, 33-оят).
Аллоҳ таолога ва Унинг расулига итоат этиш деганда – Ислом дини кўрсатмаларига амал қилиш тушунилади. Шунинг учун ҳам буюк ватандошимиз Имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Унинг расулига итоат этиш маъносидаги мазкур оятни “Аллоҳнинг фарзларига, Расулуллоҳнинг суннатларига итоат этингиз” дея тафсир қилганлар.
Аллоҳ таоло ва Унинг расулига итоат қилишга буюк ажру савоблар ваъда қилинган. Бунга қарши чиққанларни қаттиқ жазодан огоҳлантирилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“…Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир)”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига итоат этиш ҳам Аллоҳга итоат этиш демакдир. Расулуллоҳга итоат этиш у зотнинг суннатларини лозим тутиш, нимани келтирган бўлсалар, барчасига бўйсуниш билан амалга ошади. Аллоҳ таоло қайси пайғамбарни юборган бўлса, умматларига итоатни фарз қилган.
Суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунишнинг зарурлигига У Зотнинг кўплаб ҳадиси шарифларида ҳам таъкидланган. Имом Ҳоким Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бош тортувчидан ташқари умматимнинг ҳар бири жаннатга киради”, – дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг расули, бош тортувчи ким?” – дедилар.Шунда У Зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Менга итоат этмаган кимса – бош тортувчидир”, – дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ ва расулига итоат этганларга охиратда нажот, итоат этмай, қарши чиққанларга азоб ва ҳалокат борлиги баён қилинган.
Итоатнинг яна бир кўриниши пайғамбар меросхўрлари бўлган уламолар ва халқнинг ўзидан сайланган раҳбарларга итоат қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).
Ушбу ояти каримада келган “ўзингиздан бўлган ишбошилар”ни баъзи муфассирлар “уламолар” дея тафсир қилишган. Ибн Жарир Табарий “иш бошилар”нинг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг: “улар сизлардан бўлган амирлар”, – деб изоҳ берганини ривоят қилган (“Тафсири Табарий” 8-жуз, 492-бет).
Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, мусулмон киши аввало Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, маъсият бўлмайдиган ўринда раҳбарларга итоат этиши ва бўйинсуниши лозим бўлади.
Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли сунна ва жамоа ақидасини баён қилувчи мўтабар манбаъларидан бири ҳисобланмиш “Ақидатут-таҳовия”да ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб, шундай дейилган:
“Имомларимиз, бошлиқларимиз агарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқиш мумкин, деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз, деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.
Пешқадам салафларимиздан бири ҳисобланувчи — имом Абу Жаъфар Таҳовий ушбу жумлалари билан бўйинсинувчи инсон ва раҳбар муносабатларига доир, аҳли суннанинг муҳим масалаларига урғу бермоқдалар. Унга кўра тинч аҳоли томонидан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам, итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.
Имом Таҳовий ҳазратлари айтган ушбу матнга кўплаб саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. Жумладан Набий алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
“…ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Рўзиқулов Икром,мударрис






