Ўн тўртинчи одоб – ичиб бўлгандан сўнг, идишни ўнг томонга узатиш.
Ичимликни ичиб бўлгач, уни ўнг тарафдаги кишига берилади. Гарчи, чап томонида ҳурматли киши бўлса ҳам, ўнг томон ҳақли бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أُتِيَ بِلَبَنٍ قَدْ شِيبَ بِمَاءٍ وَعَنْ يَمِينهِ أَعْرَابيٌّ وَعَنْ يَسَارِهِ أَبُو بَكْر رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فَشَرِبَ ثُمَّ أعْطَى الْأَعْرَابِيَّ وَقَالَ: « الْأيْمَنَ فَالْأيْمَنَ ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув аралаштирилган сут олиб келинди. У зотнинг ўнг томонида аъробий ва чап томонида эса, Абу Бакр розияллоҳу анҳу бор эди. У зот ичдилар, сўнгра, аъробийга бердилар ва: «Ўнг томондан, сўнг, ўнг томондан», дедилар». Муттафақун алайҳ.
Шариатимизнинг адолатли эканини кўринг. Абу Бакр Сидиқ розияллоҳу анҳунинг ҳурмати қаёқдаку, бир оддий Аъробий қаёқда. Шариъат қоидасига кўра, ўнг томон ҳақли экан, унда чап томонда ким бўлишидан қатъий назар, ўнг томонга берилади.
Ўн бешинчи одоб – бошқага бермоқчи бўлган киши ўнг томондаги кишидан изн сўраши.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ичиш учун кишининг ўнг томонидаги чапдагилардан ҳақлироқдир. Мабодо, чап томонда ҳурматлироқ кишилар ўтирган бўлса, ўнг томондаги кишилардан изн сўралади. Изн беришмаса, улар бунга ҳақли бўлишади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أُتِيَ بِشَرَابٍ فَشَرِبَ مِنْهُ وَعَنْ يَمِينِهِ غُلاَمٌ وَعَنْ يَسَارِهِ الْأَشْيَاخُ فَقَالَ لِلْغُلاَمِ: « أتَأذَنُ لِي أَنْ أُعْطِيَ هَؤُلَاءِ ؟» فَقَالَ الغُلامُ: لَا وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ ، لَا أُوْثِرُ بِنَصِيْبي مِنْكَ أَحَداً. فَتَلَّهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي يَدِهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик олиб келинди. Ундан ичдилар. У зотнинг ўнг томонида бир бола ва чап томонида эса, ёши улуғлар бор эди. У зот ёш болага: “Анавиларга беришим учун менга рухсат берасанми?”-дедилар. Бола: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй, Расулуллоҳ! Сиздан келадиган насибамда ўзимдан (ҳеч кимни) ортиқ кўра олмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни боланинг қўлига тутқаздилар”. Муттафақун алайҳ.
Ўн олтинчи одоб – одамларга сув берган киши охирида ичиши.
Шариъатимизда бировга сув олиб бориб, уларга хизмат қилаётган киши, уларни суғориб бўлгач, савобни тўлиқ қилгач, сўнгра охирида ўзи ичади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أََِبي قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « سَاقِي الْقَوْمِ آخِرُهُمْ شُرْباً ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларни суғорувчи, ичишда уларнинг охири бўлади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Ўн еттинчи одоб – тилла ва кумуш идишларда ичмаслик.
Бундай идишларда ичимлик ичиш ва таом ейишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Чунки, бунда исроф, ҳамда неъматлар билан кибрланиш бор бўлиб, бундай ҳолатга гувоҳ бўлган камбағалларнинг қалбини синдириш бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الَّذِي يَشْرَبُ فِي آنِيَةِ الْفِضَّةِ، إنَّمَا يُجَرْجِرُ في بَطْنِهِ نَارَ جَهَنَّمَ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кумуш идишда ичадиган кимса қорнида жаҳаннам оловини гуруллатибди”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган.
عَنْ حُذَيْفَةَ بْنِ الْيَمَانِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: »لَا تَشْرَبُوا فِي آنِيَةِ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَلَا تَأْكُلُوا فِي صِحَافِهَا فَإِنَّهَا لَهُم فِي الدُّنْيَا وَلَكُمْ فِي الْآخِرَة« . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тилло ва кумуш идишда ичманглар, улардан бўлган товоқда еманглар. Чунки, булар дунёда улар (яъни, кофирлар) учундир. Охиратда, эса, сизлар учундир”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Бу дунёда эркак ва аёллар учун тилла ва кумуш идишларда таом ейиш ва ичимлик ичиш ҳаромдир.
Ўн саккизинчи одоб – ҳаром ичимликни ичмаслик.
Аллоҳ таоло инсониятни яратганидан сўнг, унга нима қилиш керак ва нимадан сақланиш керак ва нима нарсаларни ейиш керагу ва нима нарсаларни емаслик ва ичмаслик кераклиги ҳақида Қуръони Карим ва Набий алайҳиссалом орқали кўрсатмаларни бериб қўйган. Шунинг учун инсон бу борада айтилган кўрсатмаларни ўқиб ўрганиши ва унга амал қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
“Эй, мўминлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят).
Ўн тўққизинчи одоб – сут ичишдан олдин дуо қилиш.
Набий алайҳиссалом ўз умматларига ҳар бир нарсанинг таълимини берганлар. Хусусан, таомланиш борасида у зотдан жуда ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Улардан бири, инсон сут ичишидан олдин Аллоҳ таолога дуо қилишидир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « مَنْ أَطْعَمَهُ اللهُ طَعَامًا فَلْيَقُلْ: اللَّهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِيهِ وَأَطْعِمْنَا خَيْرًا مِنْهُ وَمَنْ سَقَاهُ اللهُ لَبَنًا فَلْيَقُلْ: اللَّهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِيهِ وَزِدْنَا مِنْهُ » . وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لَيْسَ شَيْءٌ يُجْزِي مَكَانَ الشَّرَابِ وَالطَّعَامِ غَيْرَ اللَّبَنِ ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا النَّسَائِيُّ .
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Аллоҳ таоло кимга таом берса: “Эй, Аллоҳим! Бизга бунда барака бергин ва бизни ундан яхшироқ таом билан таомлантиргин”, деб айтсин. Аллоҳ кимни сут билан суғорса: «Эй, Аллоҳим! Бизга унда барака бергин ва бизга ундан зиёда қилиб бергин”, деб айтсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Сутдан бошқа нарса ичимлик ва таом ўрнига кифоя қилмайди”, дедилар”. Насаийдан бошқа беш киши ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом сутни жуда ҳам баракали ва фойдали ичимлик эканини баён қилиб беряптилар. Шунинг учун бўлса керак, у зот сутни жуда ҳам яхши кўрганлар.
Йигирманчи одоб – сигир сутини ичишни яхши кўриш.
Сигир сути жуда ҳам фойдали бўлиб, шариъатимизда ҳам сигир сутини ичишга тарғиб қилинади. Бунинг фойдаси, сигир одатда ҳар хил ўт-ўлан ва дарахт баргларидан истеъмол қилади. Ўт-ўлан ва дарахт япроқларидаги фойдали озуқалар сигир сутига ўтади ва бу сутни ичган киши соғлом ва бақувват бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » عَلَيْكُمْ بِأَلْبَانِ الْبَقَرِ فَإِنَّهَا تَرُمُّ مِنْ كُلِّ الشَّجَرِ وَهُوَ شِفَاءٌ مِنْ كُلِّ دَاءٍ «. رَوَاهُ الْحَاكِمُ.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзларингизга сигир сутини лозим тутинглар, зеро, у ҳар бир дарахтдан истеъмол қилади. У ҳар бир дардга даводир”, дедилар”. Ҳоким ривоят қилган.
Йигирма биринчи одоб – сут ичгандан кейин оғзини чайиш.
Набий алайҳиссалом сутни жуда яхши кўрганлар. У зот сут ичиб бўлганларидан кейин оғзиларини чайиб олганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَرِبَ لَبَنًا ثُمَّ دَعَا بِمَاءٍ فَتَمَضْمَضَ مِنْهُ ثُمَّ قَالَ:« إِنَّ لَهُ دَسَمًا ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар, сўнгра, сув чақирдиларда, у билан оғиз чайдилар. Сўнгра: “Унда ёғ бор”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Йигирма иккинчи одоб – ичимликнинг энг яхшиси муздек чучук сувдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ичимликлар орасида муздек сувни яхши кўрганлар. Чунки, иссиқ пайтда муздек ширин сув баданга жуда ҳам ёқимли бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ أَطْيَبِ الشَّرَابِ؟ فَقَالَ: » الْحُلْوُ الْبَارِدُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликнинг яхшиси ҳақида сўралдилар. Шунда у зот: “Муздек чучук сувдир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Йигирма учинчи одоб – пашша тушиб қолган ичимликни ташлаб юбормаслик.
Инсоннинг ичиб турган идишига пашша тушиб қолса, уни тўкиб юбормаслик керак. Зеро, бу шариъатимиз кўрсатмасидир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اَللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » إِذَا وَقَعَ اَلذُّبَابُ فِي شَرَابِ أَحَدِكُمْ فَلْيَغْمِسْهُ ثُمَّ لِيَنْزِعْهُ فَإِنَّ فِي أَحَدِ جَنَاحَيْهِ دَاءً وَفِي اَلْآخَرِ شِفَاءً«. رَوَاهُ اَلْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангизнинг ичимлигига пашша тушиб қолса, уни ботирсин, сўнг олиб ташласин. Чунки, унинг бир қанотида касаллик бўлса, бошқасида шифо бордир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « إِذَا وَقَعَ الذُّبَابُ فِى إِنَاءِ أَحَدِكُمْ فَامْقُلُوهُ فَإِنَّ فِى أَحَدِ جَنَاحَيْهِ دَاءً وَفِى الْآخَرِ شِفَاءً وَإِنَّهُ يَتَّقِى بِجَنَاحِهِ الَّذِى فِيهِ الدَّاءُ فَلْيَغْمِسْهُ كُلَّهُ ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, уни ботирсин. Албатта, унинг бир қанотида касаллик бўлса, бошқасида шифо бордир. Чунки, у касаллик бўлган қаноти билан сақланади. Шунга кўра, ҳаммасини ботирсин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ шундай дедилар: «Хаттобий: «Ушбу ҳадиснинг зиддига баъзи бир инсофи йўқ кишилар шундай дейишди: “Битта пашшанинг икки қанотида қандай қилиб, ҳам касаллик ва шифо жамланади? Касаллиги бор қанотини келтириб, шифоси бор қанотини ортга суришини қандай билса бўлади? Бу каби нарсаларга уни нима мажбур қилади?
Бундай саволларни берган киши жоҳил кишидан бошқа нарса эмас. Чунки, инсон тафаккур қилиб кузатадиган бўлса, Аллоҳ таоло бундан ҳам ажиброқ нарсаларга қодир Зотдир. Аллоҳ таоло кўплаб ҳайвонларда бир-бирига зид сифатларни жамлаб қўйган ва улар орасини мувофиқлаштириб қўйган. Шу сифатлар билан ҳайвонларга куч-қуват берган. Шунингдек, Аллоҳ таоло ақли бўлмаган, ўзининг махлуқотларига ҳам ўзи таълим бериб қўйган. Мисол учун, асалари асал йиғишлик учун ажойиб уй қуришини ва фақат фойдали гиёҳлардан асал олишини унга ким таълим берган? Ёки, чумолининг ортиқча донларни йиғиб қўйиши ва уларни ўсиб кетмаслиги учун, ўртасини кесиб қўйишини унга ким ўргатди? Буларнинг барчасига уларнинг холиқи бўлган Аллоҳ таоло таълим бериб қўйган.
Баъзи бир моҳир табиблар шундай дейишган: “Пашшанинг чаққанидан кейин ҳосил бўладиган шиш ва қичиш, унинг заҳарли қуввати борлигига далолат қилади. Бу унинг қуроли бўлиб, унга азият берадиган нарсага шу қуролини ишга солади. Аллоҳ таоло бу зарарни пашшанинг бошқа қанотидаги фойдали нарсаси билан кетказиб қўяди”.
Демак, пашшада иккита бир-бирига зид нарса мавжуд бўлиб, Аллоҳ таоло бирининг зарарини иккинчиси билан кетказиб қўяди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мадаминов Шокиржон






