Ислом дини одоб-ахлоқ динидир. Шунга кўра динимизда одоб-ахлоқ масаласига катта эътибор берилган. Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳ: “Диннинг деярли учдан икки қисми одобдир”, деганлар. Динимизда одоб-ахлоқ бўйича жуда ҳам кўплаб кўрсатмалар баён қилинган. Одоб-ахлоқ борасида пайғамбаримиз алайҳиссалом барчамизга ўрнак бўлганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда у зотни сифатлаб шундай деган:
“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”! (Қалам, 4-оят)
У зот гўзал хулқ соҳиби бўлганлар. У зотнинг хулқлари ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади:
Саъд ибн Ҳишомдан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида хабар беринг”, деб сўрадим. Оиша розияллоҳу анҳо: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди”, деб айтдилар””. Аҳмад ривоят қилган.
Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. Қуръондаги барча яхши хулқларни ўзида жо қилганлар. Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.
У зотнинг ўзлари гўзал хулқ, юксак одоблар билан сифатланган бўлишлари билан бирга умматларини ҳам шу каби чиройли хулқли бўлишга тарғиб қилганлар ва гўзал хулқнинг фазилатларини баён қилганлар. Улар қуйидагилардир:
1. Инсон гўзал хулқи билан рўзадорлар ва тунларда ибодат билан қоим бўлган инсонлар даражасига етади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, мўъмин чиройли хулқи билан рўзадор, тунларда қоим бўлувчи даражасига етади”, деяётганларини эшитдим”. Абу Довуд ривоят қилган.
2. Гўзал хулқ тарозида оғир бўлиб, соҳибининг жаннатга киришига сабаб бўлади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Абуд Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳусни хулқдан кўра тарозида оғирроқ нарса йўқдир”,дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.
3. Хулқи гўзал инсон энг комил мўъмин бўлади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг иймон жиҳатидан комилроғи хулқ жиҳатидан яхшироғидир ва сизларнинг энг яхшиларингиз аёлларига яхшилик қиладиганларингиздир”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
4. Чиройли хулқ инсоннинг жаннатга киришига сабаб бўлади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларни жаннатга энг кўп киритадиган нарсалар ҳақида, сўрашди. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ”, дедилар. У зотдан инсонларни дўзахга энг кўп киритадиган нарсалар ҳақида, сўрашди. У зот: “Оғиз ва жинсий аъзо”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Шунингдек, ҳусни хулқ борасида улуғ зотлардан ҳам ажойиб ҳикматли сўзлар баён қилинган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Ҳурматли бўлиш нима?”-деб савол қилинди. У киши: إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ “Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”,(Ҳужурот, 13-оят) деди. У кишига: “Ҳасаб нима?” – деб айтилди. У киши: “Хулқи энг чиройли бўлганингиз ҳасаб борасида энг афзалингиздир”, деб жавоб берди. У киши: “Ҳар бир бинонинг пойдевори бўлгани каби, исломнинг пойдевори гўзал хулқдир”, деб айтди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай деди: “Инсон агар обид бўлмаса ҳам ҳусни хулқ билан жанатдаги олий даражаларга етади. Ёмон хулқ сабабли гарчи обид бўлса ҳам жаҳаннамнинг энг пастига тушиши мумкин”.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини азоблабди”.
Жунайд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилм, тавозеъли бўлиш, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ иймоннинг комиллигидир”.
Яҳё ибн Муъоз роҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Ёмон хулқ ёмон хусусият бўлиб, у билан кўп яхшиликлар ҳам манфаат бермайди. Яхши хулқ эса, яхши хусусият бўлиб, у билан кўп ёмонликлар зарар бера олмайди”.
Муҳаммад Зеҳний роҳимаҳуллоҳ: “Фазилатга насаб билан эмас, балки одоб билан эришилади”, деб айтган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги ҳадиси шарифларда гўзал хулқнинг фазилатлари баён қилинди. Ким бу фазилатларга эга бўлишни истаса, хулқини чиройли қилишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, инсон чиройли хулқи сабабли дунё ва охиратда юқори даражаларга етади. Аллоҳ барчамизни гўзал хулқ соҳиби қилсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон манбалар асосида тайёрлади




