SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
ЖАННАТГА ЭЛТУВЧИ АМАЛЛАР
20.07.2022 / Bo‘limda Maqolalar

Жаннатга элтувчи амаллар

Инсоният бу ўтгинчи дунёда ҳаёт кечираркан, дунёда қилган амаллари учун охиратда ҳисоб-китоб қилинади. Ким бу дунёда мўъмин бўлиб, яхши амалларни бажариб ҳаёт кечирса, охиратда у учун яхши мукофотлар бўлади. Ким гуноҳлар билан ҳаёт ўтказадиган бўлса, бунинг учун охиратда жазолар бўлади. Охиратда кимнинг жаннатий ёки дўзахий бўлишини ҳеч ким айта олмайди. Буни фақатгина Аллоҳнинг ўзигина билади. Барчамиз бу синов дунёсидан яхши амаллар қилиб, савобимизни кўпайтирган ҳолида ўтишни ва келажакда абадий ҳаёт бўлмиш жаннатга киришни умид қиламиз.

 Аллоҳ таоло инсониятга тўғри йўлни кўрсатиб, ёмон йўлдан қайтариш учун пайғамбарларни юборган. Уларга китобларини нозил қилган. Пайғамбарлар инсонларга  жаннат ва дўзах йўлларини баён қилиб берганлар. Жумладан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонларни тўғри йўлга даъват қилганлар. Шунга кўра, ким Аллоҳ ва Расулининг буйруғи ва кўрсатмасига амал қилиб яшайдиган бўлса, иншааллоҳ жаннатга киради.

Жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллар жуда ҳам кўп бўлиб, пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар. Ким шу амалларни иймон ва ихлос билан бажарадиган бўлса, иншааллоҳ жаннатга киради. Қуйида уларнинг баъзиларини айтиб ўтамиз:

I. Бир кунда нафл рўза тутиш, жанозага қатнашиш, мискинга таом бериш, касал кўргани бориш каби амалларни жам қилиш.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўзадор ҳолда тонг оттирди?”- дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтдилар. У зот: “Сизлардан ким бугун жанозага иштирок этди?”- дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, дедилар. У зот: “Сизлардан ким бугун мискинга таом берди?”- дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтди. У зот: “Сизлардан ким бугун касални кўргани борди?”- дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деб айтдилар. У зот: “(Шу хислатлар) кимда жам бўлса, у жаннатга киради”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир кунда жам қилган тўртта солиҳ амал ҳақида, ҳамда ким шу тўрт амални бир кунда жам қилса жаннатга кириши ҳақида айтилмоқда. Бу тўрт амал солиҳ амаллардан бўлиб, агар улар бир кунда жам қилинмасдан алоҳида қилинадиган бўлса ҳам соҳибига кўп яхшиликлар олиб келади. Бу амалларнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда баён қилинган:

1). Нафл рўза тутиш.

Нафл рўзанинг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш куз  (йил) узоқ қилади”, деганларини эшитганман”. Бухорий ривоят қилган.

2). Жанозага бориш.

Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига  қатнашса, жаноза ўқилиб, дафнидан фориғ бўлгунича у билан бўлса, у икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жаноза ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади”, дедилар.Бухорий ривоят қилган.

3). Мискинга таом бериш.

Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмоннга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизади. Қайси мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Қайси мусулмон чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ уни “Роҳийқи махтум”[1]дан суғоради”, дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

4). Касални кўргани бориш.

 Бу амалнинг фазилати ҳақида ҳаддиси шарифда шундай дейилган:

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннат хурфаси нима?”-дейилди. У зот: “Жаннат мевалари”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.

Демак, бу санаб ўтилган тўрт амалнинг қайси бири қилинса ҳам эвазига охиратда кўп яхшиликлар бор экан. Ким Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бу амалларни бир кунда жамласа, иншааллоҳ жаннатга киради.

II. Тил ва жинсий аъзони ёмон ишлардан сақлаш.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда жуда ҳам муҳим икки нарса ҳақида айтиляпти. Яъни, инсон икки жағи орасидаги тилини ва жинсий аъзосини ҳаром ишлардан сақлайдиган бўлса, жаннатга кириши айтиляпти. Агар уларни ёмон ишлардан сақламаса, у дўзахга равона бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ”, дедилар. У зот инсонларни энг кўп дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Оғиз ва жинсий аъзо”, деб айтдилар. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисларда оғиз ва жинсий аъзони ҳаром ишлардан сақлашга буюриляпти. Инсон оғиз ва тил сабабли инсон кўп ҳаром амалларни содир қилиши мумкин. Буларга,  ёлғончилик, ғийбат, чақимчилик, туҳмат қилиш, бировнинг обрўсини тўкиш, фаҳш сўзлар гапириш ва шу каби бошқа ҳаром амалларни мисол қилиш мумкин. Оғиз ва тил бошқа гуноҳларнинг асосчиси бўлганлиги сабабли шариъатимизда бунга эҳтиёт бўлишга тарғиб қилинган.

Ҳадисда қайтарилган яна бир иш, инсон жинсий аъзосини гуноҳ ишдан сақлашидир. Бундан зино назарда тутиляпти. Зеро, зино гуноҳи кабиралардан бўлиб, инсоннинг икки дунёда хору зор бўлишига сабабчи бўладиган амалдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

“Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир”. (Исро, 32-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда зинога яқинлашмасликка буюряпти. Зинога яқинлашмаслик учун унга олиб борадиган воситалардан ҳам сақланиш керак. Зино қилиш жинсий аъзо сабабли содир бўлсада, зинога инсоннинг бошқа аъзолари орқали етиб борилади. Бунда инсоннинг бошқа аъзоларининг ҳам насибаси бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласига зинодан насибаси ёзиб қўйилган, шубҳасиз унга етади; Икки кўз зиноси назар қилиш, икки қулоқ зиноси қулоқ солиш, тил зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқ зиноси қадам босишдир. Қалб хоҳлайди ва орзу қилади. Жинсий аъзо эса, шуни тасдиқ қилади ёки уни ёлғонга чиқаради”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

Демак, инсон зинога яқинлашмаслик учун, унга олиб борувчи амаллардан ўзини сақлаши керак экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсонни жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар жуда ҳам кўп бўлиб, юқорида уларнинг баъзилари айтиб ўтилди холос. Ким бу ҳадисларга амал қиладиган бўлса, ҳадисларда айтилганига кўра, албатта унинг мукофоти жаннат бўлади.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон


[1]  Раҳийқи махтум – муҳрланган жаннат шароби.

What you can read next

Тамимий Самарқандий алломанинг буюк ўтмиши
Тамимий Самарқандий алломанинг буюк ўтмиши
Тинчлик – амалий шукр талаб этувчи буюк неъматдир!
Ислом – тинчлик ва осойишталик дини
Ҳадис моҳиятини тўғри англаш
Ҳадис моҳиятини тўғри англаш

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP