Эзгулик асоси бўлган ислом дини инсонларни ҳамиша тотувлик ва бирдамликда яшашга чорлайди. Ислом таълимотига кўра, мўмин киши жамики инсониятга нисбатан раҳм-шафқат кўрсатиши, атрофидагиларга бағрикенглик билан муносабатда бўлиши, қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар барчага эзгулик улашиши, инсонлар орасида низога олиб борувчи ҳар қандай йўлдан узоқ туриши лозимдир. Муқаддас Қуръони каримнинг юзлаб оятларида мусулмонлар мўмин-қобил, тинчликпарвар бўлишга ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенг муносабат қилишга чақирилади. Шу билан бирга, ислом ўзидан аввалги динларни эътироф этиб, уларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараб, адолатли муносабатда бўлишга буюргани айни ҳақиқатдир. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўз умматларини бошқа дин вакилларига озор беришдан қайтариб: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, Қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради” деганлар.
Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримнинг ўнлаб оятларида эса бағрикенглик ҳақида сўз юритилади ва барча халқларни ўзаро дўстлик, тинчлик-тотувликда яшашга тарғиб этилади. Аллоҳ таоло Бақара сураси, 208-оятида айтади: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчликка кирингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.
Қуръони карим бошқа дин вакилларига адолатли бўлишга буюриш билан бир қаторда мусулмонларнинг ҳам ўзаро аҳилликда яшашларига тарғиб этади. Жумладан, Ҳужурот сурасининг 10-оятида “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” дейилади. Демак, мўмин-мусулмонлар бир-бирлари билан низолашмай аҳил-иноқ яшамоқлари лозим.
Манбаларда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўзга дин вакилларига нисбатан ҳурмат ва адолат билан муносабатда бўлганлар. Бу одат Набий (а.с.)нинг вафотларидан сўнг ҳам қатъий амал қилингани манбаларда қайд этилган. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага кўчиб борганларида, у ерда истиқомат қиладиган яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузганлар. Бундан ташқари, Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганда, уларни масжидга тушириб, зиёфат берганлар. Ҳатто, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат берганлар. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларида эса Қуддус насронийлари билан хавфсизлик шартномаси имзоланган бўлиб, унга мувофиқ, шаҳардаги черковлар бузилмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди.
Тарихдан бағрикенгликка чорловчи кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Ҳозирги ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётларидан олинган бир ибратли ривоятдир. Унда келтирилишича, Набий (а.с.)нинг ён қўшниси ўзга дин вакили бўлиб, у оламлар сарварига кўп озор етказарди. Ҳар куни ҳовлисига ахлат ташлаб кетар, ёмон сўзларни айтарди. Бу ҳол ҳар куни давом этганидан бир куни қўшниси кўринмай қолганини сезган Набий (а.с.) ундан хавотир ола бошлабди.
Ғайридин қўшни жуда кўп ҳақоратлар қилган бўлишига қарамай Пайғамбар (а.с.) унинг бетоблигини эшитиб кўргани боради, ундан ҳол-аҳвол сўрайди. Набий (а.с.)нинг бу меҳри, бағрикенглиги нафақат ўзга дин соҳиби бўлган қўшнисидаги ғаразли ниятларни йўқотиб юборди, балки бошқа дин эгаларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишда бутун инсонларга ҳам ўрнак бўлди. Ислом уламоларидан бири бўлган Умар (р.а.) ҳам бу анъанани давом эттириб муҳтож ғайридин қўшнисига ҳар куни ёрдам берди, ўз таомидан унга ҳам бериб, тарихда сахийлиги билан ном қозонди.
Дарҳақиқат, бағрикенглик ҳар қандай кишини эзгу инсонга айлантиради, ёвузликларни йўқолишига омил бўлади. Пайғамбаримиз ҳаётидан олинган бу ибратли ривоят бугунги кун учун ҳам аҳамиятга эгадир.
Муборак ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ҳаққа мойил, бағрикенг бўлган дин билан юборилдим”, дея марҳамат қилган эканлар. Демак, Ислом – бағрикенглик динидир.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси Содиқов Бобур таёрлади






