Инсон ҳаётда яшар экан, беморлик билан ёнма-ён ҳаёт кечиради. Ким енгилроқ касал бўлади, яна кимдир оғирроқ касал бўлади. Ким тезроқ шифо топади, кимдир эса узоқ вақт бемор бўлади. Зеро, буларнинг барчаси Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Бемор киши Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиши, мусибатга сабр қилиши ва Аллоҳдан шифо сўраб, даволаниши керак. Шунга кўра, бемор киши дардларга сабр қилиб, савоб умид қилса, бу касаллик сабабли гуноҳлари тўкилади ва улкан ажрларга эга бўлади. Аммо, сабрсизлик қилиб, ношукрлик қилса, бунинг акси бўлади. Бемор кишига касаллиги сабабли жуда ҳам кўп яхшиликлар етади. Бу ҳақида ҳадиси шарифларда баён қилинган. Шулардан бири, бемор кишининг гуноҳлари тўкилиши. Бу ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда ҳам кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, бир ҳадисда шундай дейилган:
Абу Саъид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қийинчилик, касаллик, ташвиш, хафалик, азият ва ғам-ғусса етадиган бўлса, ҳаттоки тикон кирса ҳам, Аллоҳ таоло ўшалар билан унинг гуноҳларини кетказади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Ушбу ҳадисда нафақат касаллик, балки инсоннинг бошига келадиган нима қийинчилик, хафачилик бўлса ҳам, эвазига гуноҳларнинг тўкилиши айтиляпти. Бу албатта, барчани хурсанд қилади. Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши бирор оғриқ ёки касаллик мусибати билан мусибатланса, у гуноҳларига каффорот бўлади. Ҳаттоки, унга тикон кирса ёки фалокат етса ҳам”, дедилар”. Имом Бухорий “Адабул муфрад” да ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Уммул Ало розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мен касал бўлганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдиларда: “Эй, Уммул Ало! Хурсанд бўл. Мусулмон киши касал бўлса, олов кумушнинг кирини кетказгани каби, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кетказади”, дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уммус Соиб ёки Уммул Мусаййабнинг олдига кирдиларда: “Эй, Уммус Соиб ёки Уммул Мусаййаб! Сенга нима бўлди, титраяпсан?”-дедилар. У: “Иситма, Аллоҳ унда барака бермасин”, деди. У зот: “Иситмани сўкмагин. Зеро, босқон темир кирини кетказгани каби, у Одам боласининг гуноҳларини кетказади”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Демак, бемор киши касалликни сўкмаслиги керак экан. Зеро, бу касаллик ўз-ўзидан келиб қолмаган. Уни Аллоҳ таоло шу бандага тақдир қилган. Бу касаллик туфайли, унинг гуноҳлари мағфират қилинади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон киши касалликни Аллоҳнинг тақдиридан деб билиши, унга ношукрлик қилмаслиги ва Аллоҳдан шифо сўраб даволаниши лозим бўларкан. Шунда унинг гуноҳлари мағфират қилинади ва кўп савобларга эга бўлади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон






