Имом Термизий “Сунани Термизий” асарининг “Қуръон тафсири китоби” бўлимида 95 та боб тузиб, сўнгра шу бобларга оид ҳадисларни келтирганлар. Бу бўлимда жами 419 та ҳадис келтирилган. Боблар Қуръони Карим суралари номи билан номланиб, суралар тартиби бўйича тартибланган. Лекин, биринчи боб “Қуръонни ўз фикри билан тафсир қиладиган киши борасида келган нарсалар (ҳадислар) боби”, деб номланган. Бу бобда инсон Қуръони Каримни илмсиз, фақатгина ўз фикри билан тафсир қилиши жоиз эмаслиги борасида келган ҳадислар баён қилинган. Бунга ушбу ҳадисни мисол қилишимиз мумкин:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким Қуръон борасида илмсиз гапирадиган бўлса, дўзахдан жойини олаверсин”. Абу Ийсо: “Бу ҳасан, саҳиҳ ҳадисдир”, деб айтди.
Ундан кейинги боблар Фотиҳа сурасидан бошлаб, то Нас сурасигача Қуръони Каримдаги суралар тартиби бўйича келтирилган. Ушбу боблар маълум бир сура номи билан номланиб, ортидан шу сура оятлари зикр қилинган ҳадислар келтирилган. Бу бобларда келган ҳадиси шарифларда Қуръони Карим сураларнинг барча оятлари тафсири баён қилинмаган. Балки, сураларнинг баъзи оятлар тафсири келтирилган. Бунга “Фажр сураси боби” да келтирилган ушбу ҳадис мисол бўлади. Бу бобда фақатгина ушбу ҳадис келтирилган бўлиб, бу суранинг қолган оятлари тафсири ҳақида бошқа ҳадис келтирилмаган:
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “шафъ” ва “ватр” ҳақида сўралдилар. У зот: “Унинг баъзиси жуфт ва баъзиси тоқ бўлган намоздир”, дедилар”. Абу Ийсо: “Бу ҳадис ғарибдир. Биз уни фақатгина Қатоданинг ҳадисидан биламиз. Дарҳақиқат, Холид ибн Қайс ҳам уни Қатодадан ривоят қилган”, деб айтган.[1]
Имом Термизийнинг ушбу асарининг “Қуръон тафсири китоби” бўлимида фақатгина сура оятларининг тафсири баён қилинган эмас, балки тафсир илмига алоқаси бўлган, оятларнинг нозил бўлиши сабаби, носих-мансух, оятлар фазилати каби бошқа мавзулар борасидаги ҳадислар ҳам келтирилган.
Қуръон ояти тафсири борасида келтирилган ҳадисга ушбу ҳадисни мисол қиламиз. Бу ҳадис “Иза зулзилат сураси боби” да келган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу “Ўша кунда у (ер) ўз хабарларини айтадир[2]” оятини ўқидиларда: “Унинг хабарлари нималигини биласизларми?” – дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дейишди. Шунда у зот: “Албатта, унинг хабари ҳар бир банда ва чўрига ўз устида нима қилгани ҳақида гувоҳлик беришидир”. Ер: “У шу куни шундай, шундай ишни қилган”, деб айтади. Мана шу унинг хабарларидир”, дедилар. Абу Ийсо: “Бу ҳасан, саҳиҳ, ғариб ҳадисдир”, деб айтган[3].
Шунингдек, юқорида айтганимиздек, Имом Термизий бу бўлимда оятлар тафсирига оид ҳадислар билан бирга оятларнинг нозил бўлиши борасидаги ҳадисларни ҳам келтирган. Бунга ушбу ҳадисни мисол қиламиз. Бу ҳадис “Жумъа сураси боби” да келган:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумъа куни тик туриб хутба қилиб турган пайтда тўсатдан Мадина карвони келиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари унга шошилишди. Ҳатто улардан ўн икки кишигина қолди. Уларнинг (қолганлар) орасида Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳу бор эди. Шунда: “Қачонки, улар бирор тижоратни ёки беҳуда ишни кўриб қолсалар, ўша томонга тарқалиб кетиб, Сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк этурлар[4]”, ояти нозил бўлди”. Абу Ийсо: “Бу ҳасан, саҳиҳ ҳадис”, деб айтди[5].
Шунингдек, Имом Термизий ушбу асарининг бошқа ўрнида алоҳида “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини келтириш билан бирга “Қуръон тафсири китоби” да ҳам баъзи сураларнинг фазилатини ҳам баён қилган. Бунга “Муъаввизатайн сураси”, бобида келган ушбу ҳадисни мисол қилишимиз мумкин:
Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятларни нозил қилди: “Қул аъузу би роббил фалақ” сурасининг охиригача ва “Қул аъузу би роббиннас” сурасининг охиригача”. Абу Ийсо: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир”, деб айтди.[6]
Сунан ат-Термизий асарининг ушбу бўлимида сура ўқиб бўлингандан кейин, унинг ортидан айтиладиган зикрлар ҳақидаги ҳадислар ҳам баён қилинган. Бунга “Тийн сураси боби”да келган ушбу ҳадисни мисол қиламиз:
Исмоил ибн Умайядан ривоят қилинади: У айтди: “Мен бадавий, аъробий бўлган бир кишидан шундай деяётганини эшитдим: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай деб ривоят қилаётганини эшитдим: “Ким “Ваттийни ваз зайтуни” ни ўқиса ва “Алайсаллоҳу би аҳкамил ҳакимийн” ни ўқиса, “Ва ана ала залика минаш шаҳидийн”, деб айтсин”. Абу Ийсо: “Бу ҳадис мана бу аъробийдан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан мана шу иснод билан ривоят қилинади. (Аъробийнинг) номи айтилмаган.[7]
Шунингдек, Имом Термизий ўзининг бу асарида фақатгина марфуъ бўлган ривоятларни келтиришни шарт қилмаган. Шунга кўра, мавқуф, мақтуъ каби ривоятларни ҳам келтирган. Бунга “Нисо сураси боби” да келган ушбу мавқуф ҳадисни мисол қиламиз:
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Қуръонда менга мана бу: “Албатта Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда) ларидан кечирур[8]” оятидан кўра суюклироқ оят йўқ”. Абу Ийсо: “Бу ҳасан, ғариб ҳадисдир”, деб айтган[9].
Сунани Термизий асарининг тафсир китобидаги боб номлари бўлган суралар тартиби Фотиҳа сурасидан бошланиб, Нас сураси билан тугаган бўлсада, лекин барча сураларни ўз ичига олмаган. Ушбу “Қуръон тафсири китоби” бўлимида Жосия, Талоқ, Мулк, Нуҳ, Муззаммил, Инсон, Мурсалат, Набаа, Назиъат, Ториқ, Аъла, Балад, Адиёт, Қориъа, Аср, Ҳумаза, Фил, Қурайш, Моун, Кафирун суралари ҳақида боб ташкил қилинмаган. Демак, бу суралар номи билан боблар номи келмаган экан, ушбу суралар тафсири ҳақида ҳам бу асарда баён қилинмаганлиги маълум бўлади.
“Қуръон тафсири китоби” бўлими “Муъаввизатайн суралари боби” билан тугагандан кейин, охирида яна иккита боб келтирилган. Бу бобларга ном қўйилмасдан “Боб” дейилган. Биринчи бобда Одам а.с.нинг яралиши, саломлашиш ва ташмитнинг бошланиши ҳақидаги ҳадис келтирилган. Иккинчи бобда эса, ерда тоғларнинг яратилиши ҳикмати ва садақанинг фазилати ҳақидаги ҳадис келтирилган.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомиъ ат Термизий. Қоҳира. -Дорул ҳадис. 1999. – Б.271. 3342-ҳадис.
[2] Залзала сураси, 4-оят.
[3] Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомиъ ат Термизий. Қоҳира. -Дорул ҳадис. 1999.– Б.277. 3353-ҳадис.
[4] Жумъа сураси, 11-оят.
[5] Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомиъ ат Термизий. Қоҳира. -Дорул ҳадис. 1999. – Б.250. 3311-ҳадис.
[6] Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомиъ ат Термизий. Қоҳира. -Дорул ҳадис. 1999. – Б.273. 3367-ҳадис.
[7] Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомиъ ат Термизий. Қоҳира. -Дорул ҳадис. 1999. – Б.274. 3347-ҳадис.
[8] Нисо сураси, 48-оят.
[9] Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомиъ ат Термизий. Қоҳира. -Дорул ҳадис. 1999. – Б.91. 3037-ҳадис.






