Биринчи насиҳат
Ибодатда салафи солиҳларга эргашиш
Инсон ҳаётида ёшлик даври қандай муҳим ўрин тутишини билдик. Шундай экан, мусулмон киши ёшлигида ибодатларни кучи етганча кўпроқ қилиши керак бўлади. Табиийки, бу ишда биз қандай йўл тутамиз деган савол вужудга келади. Бизга бу ишда салафи солиҳларнинг йўлини тутиш ёрдам беради. Келаси сатрларда биз салафи солиҳлардан ривоят қилинган баъзи бир насиҳатларни ўрганиб чиқамиз.
Абу Исҳоқ Амр ас-Сабиъий айтадилар: “Эй ёшлар жамоси, ёшлигингизни ғанимат билинг. Мен деярли ҳар тунда юз оят ўқийман. Бақара сурасини бир ракъатда қироат қиламан, ҳаром ойларда, ҳар ойда уч кун ва душанба, пайшанба кунларида рўза тутаман”. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: “Ва Парвардигорингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”. Абу Исҳоқ роҳматуллоҳи алайҳи “Мен юз оят ўқийман” деб шу юз оятга яқин оятлар ўқийман демоқчи бўлганлар. Бу гапларидан кўриниб турибдики, у киши роҳимаҳуллоҳ Қуръони каримни бир хафтада бир маротаба хатм қилар эканлар. Мана шу каби хатм қилишлар салафи солиҳларнинг одатларидан бўлган.
Амр ибн Маймун ўз дўстларига йўлиққанида шундай дер эди: “Аллоҳ таоло мени кеча шунча намоз ва шундай ва шундай яҳшиликлар билан ризқлантирди”.
Имом Абу Абдуллоҳ Ҳоким роҳматуллоҳи алайҳи юқорида ўтган хабарларни ўзларининг мустадрокларида зикр қилиб бўлиб шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло Амр ибн Убайдуллоҳ ас-Сабиъий ва Амр ибн Маймун ал-Авадийни Ўз раҳматига олсин, улар ёшларни ибодатга қизиқтирадиган насиҳатларни айтиб кетишган”.
Ёш йигит доимо салафи солиҳлардан ибрат олиб яшаши лозим бўлади. У бу нарсага ўз ибодатларида мустақим бўлмагунича муҳтождир. Зеро, ҳар ким ўз билганича ибодат қилса, ислом уммати таназзулга юз тутади. Яна шуни билиш лозимки, у риё балосига тушиб қолиб, унинг ҳамма амаллари йўқ бўлиб кетмасин учун ён атрофдаги устозлар унинг ниятидан хабардор бўлиб туришлари лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг розилигига етаман деган киши маълум бир даражага етгунича ўзига бир устоз тутиб унинг айтганларини сўзсиз бажариши керак.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Мухторов Маҳмуджон
манбалар асосида таёрлади






