Мовароуннаҳр шаҳарларидан бири бўлган қадим Насафнинг илму маърифатда Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдан қолишмайдиган жиҳатлари кўп бўлгани боис «ан-Насафий» нисбатли олимлар ўз асарлари билан нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун ислом оламида шуҳрат қозонганлар.Насаф Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган ва у муттасил равишда ривожланиб борган. Лекин 1219-йилда Ўтрорни олти ойлик қамалдан кейин забт этган Чингизхон Самарқандга бостириб кириб, сўнгра Насафга йўл олади. Мўғуллар 1220-йилда Мовароуннаҳрни деярли тўлалигича эгаллайдилар ва кўплаб шаҳар ҳамда қишлоқларни ер билан яксон қиладилар. Улар барчани – эркак, аёл, ёш ва қарини қиличдан ўтказадилар, меъморий обидалар, масжиду мадрасалар, сарой ва қалъаларга ўт қўядилар. Жумладан, XII аср олими ас-Самъоний айтиб ўтган Насафнинг қишлоқ ва қасабаларининг кўпи вайрон этилади.
XIII аср охирига келиб илмий, маданий ва иқтисодий манзиллар деярли тўхтаб қолган эди. Кейинчалик мўғул хонларидан Кебекхон (1318-1326 йиллари) Насафнинг олдинги жойидан 12 чақиримлик масофада Қарши шаҳрига асос солади. Шу йўсинда Қарши мўғул лашкарбошилари учун қароргоҳга айланади.VII аср охири ва IX аср бошларида Насаф ва Кешда йирик ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган. Шунингдек, бу ерда тафсир илми ҳам IX асрдаёқ йўлга қўйилган ва бунда, айниқса Иброҳим ибн Маъқил ас-Санжоний, Муҳаммад ибн Наср ан-Насафий каби олимлар пешқадам бўлганлар. Мазкур мактабларда мусулмон оламининг турли ўлкаларидан келган талабалар сабоқ олар эдилар. IX асрда Муъоз ибн Йаъқуб ан-Насафий, Халаф ибн Сулаймон ад-Дириздаҳий, X асрда Асад ибн Ҳамдавайҳ ал-Варсиний, Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тадйоний, Муҳаммад ибн Осим ал-Устуғдодизий, Абд ар-Роҳман ибн Муҳаммад ал-Астрободий, XI асрда Абдул-Азиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабий, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Баладий, XII асрда Абу Бакр ан-Насафий, XIII-XIV асрларда Азиз ад-дин ан-Насафий, Лутфуллоҳ ан-Насафий ал-Кайдоний Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафий (1070-1143), Абулфазл Муҳаммад Бурҳон Насафий (600-679/1201-1281), Абу Али Ҳусайн Насафий (ваф. 424/1034) каби ўнлаб олимлар бутун ислом оламида шуҳрат топдилар. Кейинги асрларда ҳам бу илмий анъана муваффақият билан давом эттирилди.
Шу тарзда анъанага кўра, X-XI асргача бу ерда ҳам араб тилида асарлар ёзилган бўлса, XI аср охири ва XII аср бошларида форс тилида ижод қилина бошланди. Темурийлар даврида эса, араб, форс ва турк тилларида китоблар ёзилди. Носир Муҳаммад ўзининг «Насаф ва Кеш алломалари» номли китобида элликдан зиёд Насафлик алломалар ҳаётини тилга олган.
Тадқиқотларда зикр этилишича, VII-XII асрларда Мовароуннаҳрда 3000 дан зиёд муҳаддислар яшаган бўлиб, улардан 1000 дан ортиғи Самарқандда, 600 дан ортиғи Бухорода ва 400 дан ортиғи Насафда, қолгани эса Мовароуннаҳрнинг бошқа минтақаларида фаолият олиб борган.
Насафдан етишиб чиққан забардаст олимлардан бири Абул Баракот Насафий бўлиб, у ислом илмларининг деярли барча соҳаларида сермаҳсул ва барча томонидан ижобий қабул этилган ижоди билан машҳур бўлган.
Абул Баракот Насафийнинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуддир ан-Насафийдир. Унинг ҳаёти ҳақида маълумот берувчи барча китобларда фақат бобосигача зикр қилиш билан чекланилган. Олимнинг халқ расида қадрлаб юритилган лақаби эса “Ҳофизиддин” – “динни ҳимоя қилувчи”дир. Бу борада аксар тарожим уламолари ихтилоф қилишмаган.
Абул Баракот Насафийнинг бундай ном билан аталишининг сабаби мўғуллар босқини даврида диний илмларни ривожлантиргани, турли соҳаларда ижод қилиб, илм-маърифат тарқатганлигидир. Бундай номга муҳаққиқ олим Абдулҳай Лакнавийнинг гувоҳлик беришича фақат икки киши лойиқ кўрилган бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам Бухорода мўғуллар босқини даврида илм тарқатган. Улар Шамсул-аимма Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарий (ваф. 642/1244) изидан борган шогирдлари Абул Баракот Насафий ва Абул-Фазл Муҳаммад Кабир Бухорийлар бўлишган.
Насафийнинг туғилган йили тўғрисида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Аммо вафот этган йили борасида кўплаб манбаларда (710/1310) йил этиб кўрсатилади.
Абул Баракот Насафий ҳақида кўплаб араб биографик манбаларида қисқа ва бир-бирини такрорлайдиган маълумотлар берилган. У адабиётларда қуйидагича тавсифланган:
«Шайх, улуғ имом, пешқадам аллома, Ер аҳлининг устози, суннат ва фарзни жонлантирувчи, Қуръон маъноларини кашф қилувчи, таъвилнинг нозик жиҳатларини билувчи, илоҳий калом таржимони, маъоний ва баён илмлари соҳиби, фиқҳ ва усул ал-фиқҳнинг билимдони, ақлий ва нақлий масалаларнинг таянчи, дин ва миллат ҳимоячиси, ислом ва мусулмонлар етакчиси, пайғамбарлар илмларининг меросхўри, етук мужтаҳид, муҳаққиқ олимларнинг машҳури».
У Насафда туғилган бўлса-да, Бухорода таълим олган, ёшлик даври диний-илмий муҳитда ўтган, илм талабида кўплаб мамлакатларга борган ва катта обрў-эътибор топган. Илмга берилиб, сиёсий жараёнлардан узоқда бўлган ва илмий доираларда катта шуҳрат қозонган. Унинг номи жуда кўп жойларга тарқалган. Тахминан 1280-йилларда Кирмон шаҳридаги «ал-Қутбийа ас-султония» мадрасасида мударрислик қилган. Сўнг, Бағдодга келиб, у ерда талабаларга Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва ўз асарларидан таълим берган. Бу даврда у дарс бериш билан бирга кўплаб машҳур олимларнинг асарларига шарҳлар ёзган.
Давоми бор….
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Камолиддин Мирзаев





