
Бугун 1 июн куни Имом Бухорий номидаги ислом институтида «Ягона олимпиада-2022» Республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган ўрта махсус ислом таълим муассасаларидан мазкур босқичда иштирок этиш учун йўлланма олган талабалар қатнашишди. Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртидан ушбу Республика босқичида битирувчи курс талабаси Содиқов Бобур қатнашди.



Ягона олимпиада шартларига кўра 1-блокда Араб тилидан ижодий имтиҳон учун максимал 40 балл, 2-3 блокда Фиқҳ ва Ақоид фанларининг ҳар биридан тест синови бўйича 30 балл берилиши белгиланган. Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси ушбу олимпиадада 91,5 балл тўплаб фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Шу натижа билан у II-даражали диплом ва микротўлқинли иситгич ҳамда ЎМИ тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларидан бирига ҳужжат топширса, тўплаган баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, контракт пулини 50 фоиз миқдори “Вақф” хайрия фонди томонидан тўлаб бериш сертификатига эга бўлади.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






