Бу зотнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид ибн ал-Камол Масъуд ибн Ҳумам ад-Дийн ибн Ҳамид ад-Дийн ибн Саъд ад-Дийн ал-Сивасий, ал- Қоҳирий, ал-Ҳанафий бўлиб, ибн Ҳумам номи ила танилганлар.
Камол ибн Ҳумам ҳижрий 790/1388[1] йили Мисрнинг Искандария шаҳрида қозилар оиласида таваллуд топди. Бу сана 788 (1386) ва 789 (1387) йиллар сифатида ҳам тилга олинади. У киши 10 ёш атрофида бўлганларида оталари вафот этди. Шундан кейин ёш Камолиддин онасининг онси (бувиси)ни қарамоғига ўтди ва унинг қўлида ўсди. Бувуси уни илм олиши учун Қоҳирага олиб борди. Қоҳирада Қуръони каримни тўлиқ ёд олди, кейин Қудирийнинг “Китоби”ни, “ал-Манор”ни, Замаҳшарийнинг “ал-Муфассалли” ва Ибни Моликнинг “ал-Алфиялари”ни ёдлади. Кейин Искандарияга бувиснинг олдига қайтиб келди. Ўша вақтда Искандариянинг қозиси бўлган Юсуф Ҳумайдийдан наҳв илмини ўрганди. Зайниддин ас-Скандарийда “Ҳидоя”ни ўқиди. Кейинчалик яна Қоҳирага қайтиб Иззуддин ибн Абдуссалом, Шамний, Бисотий, Жалол Ҳиндий, Валий Ироқий каби кўплаб олимлардан таълим олди.[2]
Ҳанафий ақидаси ва мазҳабини ўрганишида устози “Қорий ал-ҳидоя” (“Ҳидоя” асарини ёд билувчи) лақаби билан амашҳур бўлган олим Сирожиддин ибн Умар ибн Алининг катта меҳнати синган[3].
Унинг қуйидаги устозлари бўлган:
- Шайх Шиҳобиддин ал-Ҳайтамий. Ибн Ҳумам ушбу устозининг ҳузурида Қуръонни тўлиқ ёд олган.
- Шайх Важиҳиҳуддин Абуқосим ал-Фақирий. Ундан наҳв илмидан таълим олди.
- Шайх Зайниддин ас-Сакандарий. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини ушбу устозидан таълим олган.
- Шайх Иззуддин Абдуссалом. Бу олимдан мантиқ бўйича таълим олган.
- Шайх Бадриддин ал-Айний. “Умдат ал-қорий шарҳи саҳиҳ ал-Бухорий” ва “Баноя фи шарҳ ал-Ҳидоя” каби машҳур асарлар соҳиби бўлганбу олимдан арабларнинг шеърлари ва бошқа кўплаб илмлар бўйича таълим олган[4].
Шунингдек Камол ибн Ҳумам илм талабида Ҳалаб, Қуддус, Макка ва Мадина каби ислом марказларига сафар қилди ва кўп уламолардан ижоза олди.
Камол ибн Ҳумам ўта дақиқ зеҳнли, фикрлаши ва қарашлари кенг, илмий бахсларда масалаларни ўта нозик жойларигача очиб берадиган аллома бўлиб етишди. Ҳатто ўз тенгдошлари орасида, у зотга “Агар дин ҳужжатлари талаб қилинадиган бўлса, бизнинг шаҳарда Камол ибн Ҳумамдан бошқа уларни келтириб бера оладиган кимса йўқ” деб ишора қилинадиган даражага етди.
Яхё ибн Аттор айтадилар: “Иффат билан гузал кўриниш, бойлик билан диёнат, одоб билан бахс- мунозара орасини жамлаш борасида Ибн Ҳумам доимо зарбулмасал қилинган”. Ҳатто Саҳовий Камол ибн Ҳумам ҳақида қуйидаги сўзларни айтади: “Албатта у зот ер аҳлининг олими ва асрнинг энг яхши муҳаққиқидир”[5].
Камол ибн Ҳумам усул, тафсир, фиқҳ, фароиз, ҳисоб, тасаввуф, наҳв, сарф, баён, бадиъ, мантиқ, жадал ва адаб каби илмларда пешқадам бўлган.
Бу олим аслида Мовароуннаҳрда ижод қилмаган бўлса-да, Мовароуннаҳр диёрларида кенг тарқалган мотуридия таълимотининг ВИИИ/ХИВ – ИХ/ХВ асрлардаги ривожида катта хизмат қилган. Шу боис аксарият олимлар уни мотуридия таълимотининг энг сўнги вакилларидан бири сифатида эътироф этганлар. Камол ибн Ҳумамнинг ақида борасида ёзган машҳур асари “Мусаяро фи ақоиди мунжия фи охира” бўлиб, бундан ташқари ҳам ўта манфаатли ва тенги йўқ асарлар ёзиб қолдирган. Бу асарларнинг ичида энг машҳури Ҳанафий фиқҳи борасида ёзилган Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзган шарҳи бўлиб, уни “Фатҳул Қадийр” деб номлаган.
Буюк бобомиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ҳанафий мазҳабида ўта юксак қадрланадиган асарлардан бири ҳисобланади. “Ҳидоя” асарига жуда кўплаб шарҳлар ёзилган бўлиб, бу шарҳлар орасида “Фатҳул Қодир” асарини энг мўтабар шарҳ деб айтсак, муболаға бўлмаса керак. Ушбу шарҳнинг муаллифи ҳам Камол ибн Ҳумом бўлди. Бу китобни “Ваколат боби”гача ёзди. Шунингдек усулул фиқҳ борасида “ат-Таҳрир”, намоз масалаларига оид “Зодул фақир” каби асари ҳам бор.
Камол ибн Ҳумам илми калом борасида ёзган асари “Мусояра фи ақоиди мунжия фи охира” (Охиратда нажот топишга сабаб бўладиган ақидаларга мувофиқ бўлиш) бўлиб бу китоб муқаддима, қириқта мавзу ва хотимадан иборат бўлиб кўпгина ақидавий масалаларни ўз ичига олган бўлиб, бу масалаларда Аллох таолони вожибул вужуд эканлиги, қадим эканлиги, барча исм ва сифатлари борасида бахс юритилган. Шунингдек нубувватнинг шартлари пайғамбарларнинг маъсум эканлиги ва Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутун инсониятга юборилган расули эканлигига гувохлик бериш имоннинг асосий шартларидан ҳисобланиши тўғрисидаги Қуърон ва ҳадисдан қатъий келтирилган далилар билан исботланган.
Бу китобга Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Аби Шарийф “ ал-Мусомара бий шарҳил Мусояра” номли шарҳ ёзган. Ундун олдин мусаннифнинг шогирди, ҳанафий олим Қосим ибн Қутлубғо ҳам қисқа шарҳ ёзган[6].
Камол ибн Ҳумам ҳаёти давомида бир неча мадрасаларда мударрис ва муфтий сифатида фаолият юритди. Бу олимнинг қўл остида замонасининг пешқадам олимлари етишиб чиқди. Улардан қуйидагиларни эслаб ўтамиз:
- Шайх Зайниддин Абул Адл Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий (ваф.879/1474й);
- Шайх Қутбиддин Абул Хайр Муҳаммад Мисрий, ибн Фокиҳоний Ҳанафий (816/1413й.да туғилган);
- Шайх Бурҳониддин Иброҳим ибн Али Мисрий шофиий (ваф.898/1493й);
- Ибн Шамсиддин Муҳаммад ибн Амир ал-Ҳалабий;
- Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Шаҳна;
- Сайфиддин ибн Қутлубуғо ал-Ҳанафий;
- Бадриддин ал-Ироқий;
- ШарофиддинАбу Закариё.
Улуғ имом Камол ибн Ҳумам ҳижрий 861-йили Рамазон ойининг еттинчиси жума кунида Мисрда вафот этди. Жанозага Султон ва кўплаб мусулмонлар хозир бўлдилар.
Қобилхон Умаров Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
[1] Movarounnahr mutakallimlari ilmiy merosi. Saidmuxtor Oqilov. Oʻquv qoʻllanma. B-156.
[2] Al-Musomara bi sharhil Musoyara. Komoliddin Muhammad ibn Muhammad Abi Shariyf. B-7.
[3] Movarounnahr mutakallimlari ilmiy merosi. Saidmuxtor Oqilov. Oʻquv qoʻllanma. B-156.
[4] Movarounnahr mutakallimlari ilmiy merosi. Saidmuxtor Oqilov. Oʻquv qoʻllanma. B-157.
[5] www.islom.uz. Sayti.
[6] Al-Musomara bi sharhil Musoyara. Komoliddin Muhammad ibn Muhammad Abi Shariyf. B-5.





