Тангри покдир, тозадир – поклик,
тозаликни яхши кўради.
Ҳадиси шарифдан
Исломда инсоннинг покизалигига катта аҳамият қаратилади. “Поклик – имоннинг ярми”, деган машҳур ҳадис барчага маълум. Уламоларимизнинг соғлиқни асраш, вужуд поклигига эътибор қаратиш қоидаларига риоя қилиш ва бунинг ортидан кўриладиган самараларга бағишланган кўплаб китоблари мавжуд. Буларнинг орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари, жумладан, ташқи кўринишларига ҳам эътиборли эканликлари борасида ҳам анчагина битиклар сақланиб қолган. Уларда айтилишича, Расули акрам (с.а.в) шахсий гигиенага, жумладан соч-соқол парваришига жидий эътибор берган, бошқалардан ҳам шуни талаб қилар эканлар.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эдилар, ўша пайтда масжидга соч-соқоллари бетартиб ўсган (тўзиган) бир киши кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ташқарига чиқиб, соч ва соқолларингни тўғрилаб кел, дегандай ишора қилдилар. Ўша одам шундай қилди ва қайтиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Сизлар бундай келишинглар шайтонга ўхшаб боши (соч-соқоли) бетартиб (тўзиб кетган) бўлиб келгандан яхшироқ эмасми?» (1)
Соқолни тараш қандай амал?
Ибнул Ҳажар Ҳайтамийдан сўрашди:
Пайғамбар алайҳиссаломдан соқолни тараш ва (соқолни) тараётган вақтда дуо қилиш ҳақида бирон нарса ворид бўлганми?
Жавоб қуйидагича бўлди: “Имом Байҳақий қуйидаги ривоятни келтирдилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўп ювар эдилар, уни ёғ билан парвариш қилар эдилар ва соқолларини сув билан тарар эдилар”. Имом Термизий эса: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўп ёғлар эдилар ва соқолларини тароқ билан тарар эдилар”, деган ривоятни келтирадилар.
Соқолни тараш вақтида ўқиладиган дуо ҳақида бирон бир ҳадис ва саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан бирон бир асар келмаган, бу ҳақда Ҳофиз Имом Суютий айтганлар.[2]
Соқол қўйишда риёкорлик қилиш
Шайх Ҳабибуллоҳ Караҳий ўзларининг “Танбеҳут Толиб” номли асарларида соқолга нисбатан қилиш керак бўлмаган нарсаларни санаб ўтиб, улардан соқолни тараш қисмида қуйидаги гапларни ёзадилар: “қилиниши керак бўлмаган ишлардан бири, бу соқолни одамлар юзи учун риё маъносида тарашдир”. Бишр айтадилар: “Соқол масаласида икки турдаги кичик ширк ҳолатлари бор, биринчиси одамлар юзи учун деб уни тараш бўлса, иккинчиси ўзини тақводор кўрсатиш учун бетартиб қилиб ўстириш бўлади.”[3]
***
[1] Имом Зарконийнинг шарҳида Аллоҳ таоло арабларнинг қалбига шайтонга шу даражада нафратни киритганки улар ушбу сўзни шайтонни кўрмасалар ҳам, хунук ва жирканч бир одамга ишлатишади.
[2] Ибн Ҳажар Ҳайтамий, «Фатовои Кубро, 4/242»
[3] Шайх Ҳабибуллоҳ Карахий “Талабаларга соқолни узун қўйиб юбориш ва мўйлабни қисқартириш ҳақида танбеҳ бериш” китоби, одамларни юзи учун риё учун соқолни тараш ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Иҳё” китобларида ҳам келтирилган
Кўкалдош ўрта махсус ислом муассасаси Рустам Охунжонов






