Усулул фиқҳ илми шаръий илмларнинг энг нозик , энг оилй ва энг манфаъати кўпларидан биридир. Зотан, мазкур илм фиқҳий ижтиҳоднинг асоси ва суянчидир.
Усулул фиқҳ илми ёрдамида фиқҳ билан машғул бўлган кишилар шаръий ҳукмларнинг қайси манбалардан олинганини биладилар ва мужтаҳид имомлар мазкур ҳукмларни мазкур манбалардан қайси йўл билан чиқариб олганларини ҳам англаб етадилар.
Муҳаммад Баракот Абул Баракот Насафийнинг “Манорул Анвор” китобларига ёзган таҳқиқларида усулул фиқҳ илми ҳақида қуйидагиларни айтадилар:
[1]“Усулул фиқҳ илми – ислом шариатининг устуни , исломий умматнинг фахри, Муҳаммадий умматнинг озига хос хусусиятидир , ислом уламолари унга катта эътибор қаратганлар , зеро, ушбу илм ҳавойи нафсга эргашишдан ва ижтиҳоддаги тойилишдан асровчи йўлдир ва ушбу йўл шаръий ҳукмларни истинбот қилишга олиб боради”.
Шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариш фиқҳ деб аталади. Ана шу шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқариш иши ўзига хос қонун ва қоидалар асосида бўлади. Ҳар бир мужтаҳид шаръий ҳукмларни чиқаришда албатта мазкур қоидаларни ишлатади. Буларсиз ижтиҳод бўлиши мумкин эмас.
Усулул фиқҳ илми доимо уламоларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб қилиб келган. Улар бу соҳада ҳанузгача оз қийматини йўқотмаган асарлар таълиф этганлар.
Аввало усулул фиқҳ илми қандай маънони англатади деган саволга жавоб берсак. “Усулул фиқҳ” бирикмаси икки сўздан иборат : “усул” – асос , “фиқҳ”- аниқ тушуниш дегани.
Уламолар истелоҳида эса қуйидагича таърифланади:
[2]“Батафсил далил ҳужжатлардан шариатнинг амалий аҳкомларини истинбот этиш қоидаларини ўргатувчи илм – Усулул фиқҳдир”.
[3]Усулул фиқҳ илми билан шуғулланувчи олим “усулий” деб аталади.
Усулий олимнинг вазифаси жузъий ҳукмларни ишлаб чиқаришга олиб борадиган умумий қоидаларни излашдир.
Усулул фиқҳ тарихи.
Усулул фиқҳ илми рошид халифалар ва улардан кейинги саҳобалар давридаги ижтиҳод ҳаракати пайтида юзага келди. Саҳобалар бир бирларидан янги пайдо бўлган масала ҳақида фатво сўрар , улардан мужтаҳид бўлганлари шу масаланинг шаръий ҳукмини Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифдан излашар эди. Кейин улар қиёсга юзланишар ёки мувофиқ тарзда ўзлари раъй билан ижтиҳод қилишар эди.
Бу иш тобеъин ва табаъ тобеъинлар даврида ҳам давом этди. Фақат орада бироз тафовут бор эди. Уларнинг баъзилари қиёсни, яни бир масалани воқеликда бор ҳукмга таққослашни маҳкам ушлашар, ўхшаши йўқ ҳукмларда тўхтаб қолишарди. Баъзилари эса кенгроқ йўл тутиб, шариатнинг мақсадларига мувофиқ манфаатлардан фойдаланишарди. Уларнинг барчалари ҳукмни саҳобаларнинг фикрларидан олишарди. Тобеъин ва табаъ тобеъинлар давридаги кўзга кўринган мужтаҳидларга Саъид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Шурайҳ Қозий ва бошқалар мисол бўлади.
[4]Сўнг ҳижрий иккинчи асрда, мўтабар мазҳаб имомлари даврида Усулул фиқҳ илми шаклланди ва бошқа илмлардан ажралиб чиқди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида У зотнинг ўзлари Қуръон оятлари ва суннатлари билан барча муаммоларни ҳал этар эдилар. У зотнинг вафотларидан кейин саҳобалар ҳукмларни чиқарар эдилар. Чунки Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларининг шарофати ва қобилятларининг ўткирлиги ҳамда Қуръони Каримни ва ҳадиси шарифни яхши тушунганлари учун белгиланган қоидаларга муҳтож бўлмаганлар.
Ислом дини кенг тарқалиб, араб халқи бошқа халқлар билан қўшилиб кетгач ўзгача шароит юзага келди. Пайдо бўлган муаммоларни ҳал этиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Натижада Усулул фиқҳ илмига асос солинди. Бу иш ҳижрий иккинчи асрда мазҳаб боши имомлар даврида юзага чиқди.
[5]Ибн Надийм “Фихрист” номли китобда зикр қилишича Усул илмига оид қоидаларни биринчи бўлиб Имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу Юсуф алоҳида рисола шаклида жамлаганлар. Лекин, афсуски, бу рисола бизгача етиб келмаган.
Усул илмига доир биринчи китобни имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий таълиф этганлар ва уларнинг [6] “Рисола” номли бу китоблари бизгача етиб келган.
Шунинг учун ҳам имом Шофеъий уламолар орасида Усулул фиқҳ илмининг асосчиси сифатида машҳурдир.
Абдуллоҳ Абдуманнонов Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 4 курс талабаси
[1] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. <<Uslulu-fiqh>>.-Toshkent: Hilol Nashr. 2019.-B.24.
[2] Muhammad Anvor Badaxshoniy. <<Tausirul-usul>>.-Karachi: Al-Bushro.2015.-B.10.
[3] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. <<Uslulu-fiqh>>.-Toshkent: Hilol Nashr. 2019.-B.28.
[4] Saloh Abul Hoj .<<Madxolul-mufassal fil fiqhil hanafiy>>.Urdun: Darul Qolam.2017.-B.30.
[5] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. <<Uslulu-fiqh>>.-Toshkent: Hilol Nashr. 2019.-B.24.
[6] Saloh Abul Hoj .<<Madxolul-mufassal fil fiqhil hanafiy>>.Urdun. Darul qolam. 2017.-B.45.






