Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ислом беш нарса асосига барпо этилган: Аллоҳ таолодан бошқа бирор илоҳ йўқ эканига, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг расули эканига иқрор бўлиш, беш вақт намозни адо қилиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва Байтуллоҳни ҳаж қилиш”, деганларини эшитдим»(Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Эй одамлар! Мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг расули (элчиси)дирман. У (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги измида бўлган Зотдир, Ундан ўзга (ҳеч бир) илоҳ йўқ. (У)тирилтиради ва ўлдиради. Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирингиз! У (расули) Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган уммий (ўқиш-ёзишни билмайдиган) пайғамбардир. Унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсиз!”» (Аъроф сураси, 158-оят).
Намоз Ислом динининг иккинчи рукнидир, бандадан қиёмат куни биринчи сўраладиган амал намоздир. Балоғатга етган ҳар бир мусулмонга барча ҳолатда, урушда бўлсин, соғликда бўлсин ёки касалликда бўлсин – ҳар қандай ҳолатда ҳам намоз фарз бўлади. Намоз фақат ақлини йўқотган мусулмондан соқит бўлади. Намоз мусулмон билан кофир ўртасини ажратиб турувчи аломат ҳисобланади.
Закот Аллоҳ таоло фарз қилган молиявий ибодатдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Уларнинг молларидан садақа олинг. Бу билан уларни поклайсиз, тозалайсиз ва уларнинг ҳаққига дуо қилинг» (Тавба сураси, 103-оят). Закотда инсонларга яхшилик қилиш, уларни талончиликдан халос қилиш каби гўзал фойдалар бор. Закот бермаслик Ер юзидан баракани кўтарилишига сабаб бўлади. Бурайда розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қайси бир қавм закотни ман қилса, Аллоҳ таоло улардан қатра (сув)ни ҳам тўсиб қўяди” (Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Рамазон рўзасини тутиш мусулмон киши иймонини сақлайди. Рўза банданинг ҳимматини оширадиган иймоний озуқадир.
Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамлардан йўлига қодир бўлганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ лозимдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят). Аллоҳ таоло ҳаж ибодатини биз мусулмонларга гуноҳлардан халос бўлишимиз учун фарз қилган. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек (гуноҳлардан пок) бўлиб қайтади”, деб марҳамат қиладилар (Имом Бухорий ривояти).
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билиб юрти мударриси
АвазбекЖУМАБОЕВ тайёрлади.






