Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон рўзаси банданинг ҳар тарафлама камолотга эришишида муҳим омил ҳисобланади. Маълумки, инсон камолоти дейилганда – унинг руҳан ва жисмонан уйғун етуклиги тушунилади. Хўш, бу борада бир ойлик Рўзанинг аҳамияти қандай?
Аввало, Рўза фарз амалдир. Яъни, Яратган амр этган, бажарилиши қатъиян талаб этиладиган ибодат ҳисобланади. «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси 183-оят).
Шаръий истилоҳда (яъни, ислом шариатида) Рамазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукни, беш асосидан биридир (Мўминнинг мерожи китобидан).
Ейиш, ичиш ва бошқа нафсоний эҳтиёжлардан тийилиш, биринчи навбатда, банданинг Роббисига бўлган итоатини кучайтиради. Шу жараёнда банда ҳам руҳан, ҳам жисман чиниқади. Уламолар рўза ва рўзадорликнинг турли даражалари бор эканлигини таъкидлаб, уни шундай шарҳлайдилар.
– Биринчи даража: омма рўзаси бўлиб, у қорин ва фарж шаҳватини тийишдан иборат. Бу ерда айтилган қорин шаҳвати таом ва сувга бўлган иштаҳасидир. Яъни, рўзадорликнинг бошланғич даражаси мана шу.
– Иккинчи даража: хослар рўзаси бўлиб, биринчи даражага зиёда ўлароқ кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборат. Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар».(Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдан аён бўладики, рўзамизни Яратган томонидан ҳусни мақбул бўлишини истасак унга иллатларни шерик қилмаслигимиз лозим.
– Учинчи даража: хослардан хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ қалбни пасткаш ҳимматлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳ таолодан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир. (Иқтибослар «Руҳий тарбия» китобидан олинди). Бу жуда улуғ даража бўлиб, унга бериладиган ажр-у савоблар ҳам шунга ярашадир.
Рўзадор ҳар учала ҳолатда ҳам нафсига қарши жидду жаҳд (жиҳод) қилади. Шу ўринда Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг бу ҳақдаги фаолларидан иқтибос келтирсак. «Билгинки, мўмин Рамазон ойида нафсига қарши икки жидду жаҳдни жамлайди. Биринчиси кундузи рўзадор ҳолатидаги нафсига жидду жаҳди, иккинчиси кечқурун қиёмул лайлдаги жидду жаҳди. Бас, ким мана шу иккисини (ўзида) жамласа, у иккисининг ҳаққини адо қилса, ва сабр қилса, (унга) ажр савоб ҳисобсиз қилиб берилади. Барчаларимизга шундай мақом соҳиблари бўлишимизни насиб этсин.
Рўза на фақат бандани руҳий-ахлоқий ҳолатини сайқаллайди, балки унинг танасига ҳам ижобий таъсир этади.
Масалан, Рўза инсоннинг ёшаришига сабаб бўлади. Япон олими Ёсинори Осуми вақтинчалик очлик, яъни рўзанинг касалликларга даво бўлишини ва танани ёшартиришини исботлади. Ва 2016 йилги тиббиёт ва физиология соҳаси бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Унинг айтишича, рўзадор кишининг организмида аутафагия деб аталувчи жараён содир бўлади. Бу танадаги ҳужайраларнинг кераксиз қисмлари ва ахлатларни қайта ишлаш ва фойдаланиш хусусиятидир. Бу жараёнда бутун тана тозаланади ва танани эрта қариш олди олинади.
– Иммунитет кучаяди.
– Ғарбда, очлик билан даволаш усули бор (Қадимда ўзимизда ҳам табобатнинг бу усулидан кенг фойдаланилган). Демак, биз мусулмонлар Рамазон рўзасини тутиб ҳам ажр топамиз, ҳам танамиз мустаҳкамланишига эришар эканмиз.
– Рўзадорлик инсоннинг хотираси яхшиланишига сабаб бўлади… ва умуман, Рўзанинг биз билмаган яна жуда кўплаб дунёвий ва ухровий жиҳатлари борки, бу муқаддас ойнинг манфаатларидан имкон қадар кўпроқ баҳраманд бўлиш ҳар биримизга насиб этсин.
Каримов Элёр,
Кўкалдош мадрасаси 104-гуруҳ талабаси






