Аллоҳ таоло айтади: «Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?!» (Бақара сураси, 44-оят).
Эй аҳли китоблар, доимо яхшилик ҳақида гапириб, бошқаларни яхшиликка буюрасизу, қандай қилиб ўзингизни унутасиз?! Ахир, сизларга сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари маълум-ку, нега унга эргашмайсизлар?! Наҳотки сиз қилаётган ишларингиз ва айтаётган сўзларингиз бир-бирига зид эканини англамасангиз?!
Аллоҳ таоло бу оятда яхшиликка буюришни қоралагани йўқ, балки ўзлари айтган яхшиликка ўзлари амал қилмайдиган кимсаларга танбеҳ берди.
Бандага икки вазифа юклатилган: яхшиликка буюриш ва ўша яхшиликка ўзи ҳам амал қилиш. Унинг яхши амалларни қилмаётгани яхшиликка буюриш масъулиятидан озод қилмайди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ёзади: “Аллоҳ таоло томонидан бу ҳаракатнинг қораланиши ва уларнинг хатоларига ишора қилиниши шундаки, улар яхшиликка буюришар, аммо ўзларини унутишар эди. Яхшиликка чақирганлари учун эмас, балки уни ўзлари қилмаганлари учундир. Олимлар учун яхшиликка буюриш вожиб. Лекин улар биринчи навбатда ўзини ўйлаши ва сўзи билан амали зид келмаслиги лозим”.
Шуайб алайҳиссалом айтади: «Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман. Имконим борича, ислоҳдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламасман. (Бунга) муваффақ қилиш эса, Аллоҳнинг ихтиёридадир. Унга таваккул этдим ва Унга инобат қилдим (ихтиёримни топширдим)» (Ҳуд сураси, 88-оят).
Яхшиликка буюриш ва уни бажариш алоҳида-алоҳида мажбурият бўлиб, бирини қилмаслик иккинчисини соқит қилмайди. Бу салаф ва халаф уламоларнинг энг ишончли қарашларидир.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Жубайр розийаллоҳу анҳудан нақл қилади: “Агар фақат амал қилган киши амри маъруф, наҳий-мункар қилиши керак бўлганида, ҳеч ким амри маъруф, наҳий-мункарга ҳақли бўлмай қоларди”. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шайтон шу ҳийла билан бандани йўлдан уради”.
Муҳаммад Шафий Усмоний Ашраф Али Таҳонавийнинг: “Қачонки мен ўзимда бир ёмон одатни сезиб қолсам, унга тегишли бўлган насиҳатларни бошқаларга айтар эдим. Ана шу насиҳатим баракасидан ўша ёмон одат мендан кетар эди”.
Манбалар асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.





