Муҳаддислар уламолар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини инсонларга етказишда жуда ҳам кўп хизмат қилишган. Мана шунга кўра, улар томонидан турли хил йўналишларга кўра ҳадислар жамланиб китоб шаклида тасниф қилинган. Ҳадис илмини ўрганмоқчи бўлган киши бу атамаларни ўрганиб олиши мақсадга мувофиқ бўлади.Бу ҳадис асарларига мисол қилиб қуйидагиларни санаб ўтишимиз мумкин:
1. Жавомеъ ва Жомеъ: Бу тасниф қилинган китобда ҳадиснинг барча қисмлари жамланган бўлади. Яъни, ҳадислар маълум бир мавзу асосида эмас балки, барча мавзу ва бобларга тегишли бўлган ҳадислар жамланади. Жумладан, ақоид, аҳкомлар, рақоиқ, ейиш-ичиш, сафар, туриш ва ўтириш, тафсир, тарих, сийрат, фитналар, маноқийб (фазилат)лар каби ва бундан бошқа бобларга ҳам тегишли бўлган ҳадислар жамланган бўлади.
Жавомеъ китоблари кўп бўлиб, уларнинг энг машҳури учтадир:
А). “Ал-Жомеъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ ал-Мухтасар мин умури Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва аййамиҳи” (Саҳиҳул Бухорий номи билан танилган) Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ (256-ҳижрий санада вафот этган).
Б). “Ал-Муснад ас-Саҳиҳ ал-Мухтасар минас сунани би нақлил ъадли ъанил ъадли ъан Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам” (Саҳиҳу Муслим номи билан машҳур бўлган) Муслим ибн Ҳажжож Қушайрий роҳматуллоҳи алайҳ (261-ҳижрий санада вафот этган).
В). “Ал-Жомеъ ал Мухтасар минас сунани ъан Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва маърифатус саҳиҳи вал маълули ва ма ъалайҳил ъамалу” (Жомеъут Термизий номи билан танилган) Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо роҳматуллоҳи алайҳ (279-ҳижрий санада вафот этган) Бу китоб “Сунан” номи билан ҳам машҳур бўлган[1].
2. Сунан. Бу номдаги китобларда таҳорат, намоз, рўза, закот каби фиқҳий бобларга кўра тартибланган ҳолда ҳадислар жамланган бўлади. Сунан китоблари ҳам кўп бўлиб, бунга қуйидагиларни келтиришимиз мумкин.
А) “Сунани Термизий”. Имом Ҳофиз Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо ат-Термизий. (279-ҳижрий санада вафот этган).
Б). “Сунани Абу Довуд”. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас Сижистоний роҳматуллоҳи алайҳ (275-ҳижрий санада вафот этган).
В). “Сунани Насоий”, у “Ал-Мужтабо минас сунани”, деб ҳам номланади. Абу Абдурроҳман Аҳмад ибн Шуъайб Насоий роҳматуллоҳи алайҳ (303-ҳижрий санада вафот этган).
Г). “Сунани Ибн Можа”. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд роҳматуллоҳи алайҳ. (273-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши Ибн Можа номи билан машҳур бўлган, бу асли отасининг лақабидир[2].
3. Масонийд. Бу “муснад” сўзининг жами бўлиб, бу жойда бундан ирода қилинган нарса алифбо ҳарфларига ёки исломга биринчи кирганлиги жиҳатидан ёки насабининг улуғлиги эътиборидан саҳобаларнинг тартибига кўра ҳадислар зикр қилинган китоблардир. Ёки фақатгина битта саҳобанинг ривоят қилган ҳадислари жамланган бўлиши ҳам мумкин. Бунга мисол қилиб Имом Аҳмаднинг “Муснад” ини келтиришимиз мумкин.
Шунингдек, муснад китоби бобларга ёки ҳарфлар ёки калималарга кўра тартибланган китобга ҳам айтилади. Чунки, унинг ҳадислари марфуъ ва муснад бўлганлиги боис ҳам шундай деб номланади. Бунга Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ” (Саҳиҳи Бухорий) китобини мисол қилишимиз мумкин. Бу муснад китоб ва бобларга кўра тартиблангандир.
Муҳаммад ибн Исҳоқ Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳнинг (313-ҳижрий санада вафот этган) “Муснадус Сарож” китоби эса, бобларга кўра тартиблангандир.
Муҳаммад Қузоъий роҳматуллоҳи алайҳнинг (454-ҳижрий санада вафот этган) “Муснадуш Шиҳоб” китоби калималар асосида тартиблангандир. Лекин бу калималар алифбо ҳарфлари тартибида эмас.
Имом Дайламий роҳматуллоҳи алайҳнинг (557-ҳижрий санада вафот этган) “Муснадул Фирдавс” китоби ҳарфларга кўра тартиблангандир[3].
4. Маъожим. Бу “муъжам” сўзининг жами бўлиб, бу китобда ҳадислар шайхларнинг тартибига кўра зикр қилинади. Шайхларнинг тартиби шайхнинг аввал вафот этиши эътиборидан ёки алифбо ҳарфлари эътиборидан ёки фазилат эътиборидан ёки илм ва тақвода биринчилик эътиборидан бўлиши мумкин. Лекин, кўпинча алифбо ҳарфлари эътиборидан тартибланади. Бу қисмга Имом Ҳофиз Сулаймон ибн Аҳмад Табароний роҳматуллоҳи алайҳнинг (360-ҳижрий санада вафот этган) “Муъжамул кабийр, муъжамул авсат ва муъжамус соғийр” номли ҳадис китоблари мисол бўлади.[4]
5. Ажзо. Бу “жуз” сўзининг жами бўлиб, бу китобда биргина ровийнинг ривоятлари ёки биргина мавзуга тегишли тўпланган кичик китобчадир. Мана шу киши саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг табақасида бўладими ёки улардан кейинги табақадан бўладими, бунинг фарқи йўқ. Бунга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳадислари жузи ва Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадислари жузини мисол қилишимиз мумкин. Гоҳида “Ажзо” лафзини битта мавзу атрофида жамланган ҳадис китобига ҳам ишлатилади. Бунга Имом Бухорийнинг “Жузъу рофъул ядайни фис солат” китоби мисол бўлади.[5]
6. Мустахражот. Бу “Истихрож”, сўзидан иштиқоқ қилиб олинган. Бунинг истилоҳий маъноси, муҳаддис ҳадис китобларидан бир китобни олиб, (масалан, Бухорийнинг “Жомиъус Саҳиҳ китобини олиб) унинг ҳадисларини китоб соҳибининг туруқидан бошқа бўлган ўзининг санади билан тахриж қилади. У (истихрож қилаётган киши) китоб эгасининг шайхи ёки унинг юқорисидаги шайхида жам бўлади. Шайхул ислом Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи шундай дейди: “Истихрож қилишнинг шарти, истихрож қилаётган киши китоб соҳибидан узоқроқ бўлган шайхга етиб бориб боғланмаслиги лозим, чунки ундай бўлса, китоб эгасига яқинроқ бўлган шайхга китоб эгасини боғлайдиган санадни йўқ қилиб юборган бўлади. Аммо узрли бўлса бўлади. Масалан, у (узоқроқ ровий) олий санаддан бўлса ёки муҳим бирор ровийни зиёда қилса, булар узрга киради”. Шунингдек, истихрож қилаётган киши китоб эгаси ривоят қилган саҳобийдан ривоят қилиши шарт қилинади.
Бунга Аҳмад ибн Исмоил Исмоилий роҳматуллоҳи алайҳнинг (371-ҳижрий санада вафот этган) ва Барқоний роҳматуллоҳи алайҳларнинг Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ” ларига ёзган мустахрож китоблари ва Абу Авона Исфаройийний (316-ҳижрий санада вафот этган) роҳматуллоҳи алайҳнинг ва Мусо ибн Муҳаммад Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳнинг (323-ҳижрий санада вафот этган) Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ” ларига ёзган мустахрож китобларини мисол қилсак бўлади. [6]
Мустахрож китобларидан бир неча фойдалар бордир:
1. Ҳадисдаги ҳазф бўлиб кетган лафзларнинг зиёда бўлиши, ҳадисдаги шарҳнинг зиёда бўлиши.
2. Санаднинг олий бўлиши.
3. Ҳадис санади туруқлари кўп бўлиши билан ҳадиснинг қувватли бўлиши. Бу ҳадислар қарама қарши бўлиб қолганда таржиҳ қилиш учун керак бўлади.
4. Истихрож қилинаётган китобдаги ҳадиснинг қиссасини зиёда қилиш. Шу ва бундан бошқа фойдалар ҳам бор[7].
7. Мустадракот. Бу китобда бошқа китобда тушириб қолдирилган ҳадислар тўлдирилади. Яъни шу китоб соҳиби бошқа китоб муаллифининг шартига мувофиқ келиб, лекин унинг китобига киритилмай қолган ҳадисларни жамлайди. Бунга Ҳоким Абу Абдуллоҳ Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳнинг (405-ҳижрий санада вафот этган) “саҳиҳайн” га бўлган “Мустадроку Ҳоким” китобини мисол қилиш мумкин.
8. Атроф. Бу китобда ҳадиснинг қолган қисмига далолат қилувчи ҳадиснинг бир бўлагини зикр қилиш билан билан чекланилади. Масалан, “Иннамал аъмалу биннийяти”, ҳадиси ёки “Буниял исламу ала хомсин”, ҳадисининг шу қисминигина келтирилади. Шу билан бирга бу китобда ҳадиснинг санадини умумийликка кўра, яъни барча санадлари зикр қилинади ёки бирор хос китобга қайдлаган ҳолда келтирилади. Бунга Абу Масъуд Иброҳим ибн Муҳаммад Димашқийнинг “Атрофус Саҳиҳайн” китоби ва Абул Қосим Али ибн Ҳасан Ибнул Асокир роҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Ашрофу ала маърифатул атроф” китоби бунга мисол бўлади. Шунингдек, “Атрофул кутубил хомса” ва бундан бошқа китоблар ҳам бор[8].
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдулмажид Ғоврий роҳматуллоҳи алайҳ. “Дору Ибн Касийр, Байрут. 2012-й. -Б.275.
[2] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдулмажид Ғоврий роҳматуллоҳи алайҳ. “Дор Ибн Касийр, Байрут. 2012-й. -Б.704.
[3] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдулмажид Ғоврий роҳматуллоҳи алайҳ. “Дор Ибн Касийр, Байрут. 2012-й. –Б.704.
[4] “Тайсийру мустолаҳул ҳадийс”, Маҳмуд Тоҳҳан. “Мактабаул Маъариф”. Ар-Риёз. 2004 й. –Б.209.
[5] “Шарҳул Манзуматил Байқуния”, Абдуллоҳ Сирожиддин. “Мактабату Дорил фалаҳ” 2009-й. –Б.14.
[6] “Шарҳул Манзуматил Байқуния”, Абдуллоҳ Сирожиддин. “Мактабату Дорил фалаҳ” 2009-й.-Б.15.
[7] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдулмажид Ғоврий роҳматуллоҳи алайҳ. “Дор Ибн Касийр, Байрут. 2012-й. –Б.710.
[8] “Шарҳул Манзуматил Байқуния”, Абдуллоҳ Сирожиддин. “Мактабату Дорил фалаҳ” 2009-й.-Б.14. “Муқаддимату Туҳфатул Аҳфазий”, “Ар-Рисалатул Мустатрофату” ва “Ат-Тадриб” га қаранг. Ким ҳадис илмига оид тасниф қилинган китобларни ўрганмоқчи бўлса, “Муқаддимату Туҳфатул Аҳфазий”, “Ар-Рисалатул Мустатрофату” китобларига мурожаат қилсин.





