Аллоҳ таоло ер юзига одамларни тўғри йўлга бошлаш учун пайғамбарларни юборди. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳматидир.Аллоҳ таолонинг юборган барча пайғамбарларига иймон келтириш фарздир. Пайғамбар араб тилида “Расул” ёки “Набий” деб номланади. Расул луғатда “элчи”, “вакил”, Набий эса “хабар берувчи”, “янгилик етказувчи” деган маъноларни ифодалайди.
Имом Умар Насафий (1069-1142 мил.) Пайғамбарлар тўғрисида “Ақоидун-Насафийя” китобларида шундай деганалар: “Пайғамбарларни юборишда жуда катта ҳикмат бор. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло дунё ва дин ишларида инсонлар муҳтож бўлганликлари учун ўзларидан бўлган башорат берувчи, огоҳлантирувчи ва баён қилиб берувчи пайғамбарларни юборган, ҳамда уларни ғайриоддий мўжизалар билан қувватлантирган. Набийларнинг энг аввалгиси Одам алайҳиссалом, энг охиргиси эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар”.
Уламолар Расул ва Набий сўзи ўртасида бир нечта истелоҳий фарқ борлигини зикр этишган. Бу билан қуйида батафсил танишамиз.
- Аллоҳ таоло кимга осмондан хабар берса ва ўша хабарни бошқаларга етказишга амр қилса, шу одам ҳам Расул, ҳам Набий ҳисобланади. Бордию бошқаларга етказишга амр қилмаса, у фақат Набий бўлади. Мана шу фикр айтилган фикрлар ичида энг яхшиси ҳисобланади.
- Расул умумий бўлиб, у инсонлардан ҳам, фаришталардан ҳам бўлаверади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг Таквир сурасида айтган қуйидаги сўзидир: “Албатта, у (Қуръон) ҳурматли элчининг сўзидир”. Бу ердаги элчи сўзидан Жаброил алайҳиссалом ирода қилинган. Яна Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай марҳамат қилади: “Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганида элчиларимиз камчиликка йўл қўймагн ҳолда уни вафот эттиради”. Бу ерда ҳам элчилардан мурод фаришталар.
- Расул янги шариат билан келади. Набий эса янги шариат билан келмайди, балки ўзидан олдинги пайғамбарнинг шариатини давом эттиради ва бошқаларга буни етказади.
Хулоса шуки, Расул ўзи олиб келган шариатни бошқаларга етказишликка буйирилган, Набий эса ўзидан олдинги шариатни давом эттирувчи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда 25 та Пайғамбарларнинг исмларини зикр этган:
1.Одамалайҳиссалом, 2.Идрисалайҳиссалом, 3.Нуҳ алайҳиссалом, 4. Ҳуд алайҳиссалом, 5.Солиҳ алайҳиссалом, 6.Иброҳим алайҳиссалом, 7.Лут алайҳиссалом, 8.Исмоил алайҳиссалом, 9.Мусо алайҳиссалом, 10.Ҳорун алайҳиссалом, 11.Юнус алайҳиссалом, 12.Довуд алайҳиссалом, 13.Сулаймон алайҳиссалом, 14.Илёс алайҳиссалом, 15.Алясаъ алайҳиссалом, 16.Закарийё алайҳиссалом, 17.Исҳоқ алайҳиссалом, 18.Яъқуб алайҳиссалом, 19.Юсуф алайҳиссалом, 20.Айюб алайҳиссалом, 21.Шуайб алайҳиссалом, 22.Яҳё алайҳиссалом, 23.Зул-кифл алайҳиссалом, 24.Исо алайҳиссалом, 25.Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламлар.
Билим юрти 3-курс талабаси
Эргашев Абдуссами






