Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит роҳимаҳуллоҳ ислом ҳуқуқшунослиги тарихида мисли кўрилмаган буюк ва кўп қиррали шахслардан бири эди. Унинг буюклиги рамзини Қуръон ва суннатга чуқур ишонган ва таянган ҳолда мустақил фикр юритишида ва фиқҳ бўйича ушбу йўналишни моҳирона такомиллаштириб, тизимлаштиришида кўриш мумкин.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Қуръоннинг руҳи ва ҳақиқий мазмунини чуқур англаб олган эди. Калом илмининг услуби билан ошно бўлиш, Куфа шаҳридек маданият ўчоқларидан бирида яшаш, унга ўзи асос солган мазҳабнинг асосий қоидаларини ишлаб чиқишда катта ёрдам берган.
Шайх Муҳаммад Абу Заҳро (Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва унинг яшаб ўтган асри) асарида ёзишича, Абу Ҳанифа ўз иқтидори ва чуқур таъсир ўтказиш қобилияти билан бирга, фатво бериш ва ҳукм чиқариш, ҳадисларни тушиниш ва улардан шариат ҳукмларини чиқариш бўйича ўзига хос янги услубга эга эди. Бу услубни ўттиз йил ё ундан кўпроқ муддат давомида ўз шогирдлари ва улар билан алоқада бўлган кишилар орқали тарқатди. Албатта, бундай киши аччиқ танқидларга учраш, мухолифлар томонидан камситилиш, унинг фикрларини бузиб кўрсатиш ва унга мутаассиблик билан муносабатда бўлишларини гувоҳи бўламиз. Аш-Шаъроний “Ал-Мезон” да Абу Ҳанифани эзгулик билан эслаб ўтиб, уни авлиёлардан деб ҳисоблаган ва унинг ҳукм чиқариш услуби тўғрилигини таъкидлаган.
Мисрлик машҳур олим Аҳмад Амин ўзининг “Зуҳал-ислом” (“Ислом ёғдуси”) номли асарида таъкидлашича, Абу Ҳанифа ибодат ва ҳуқуқнинг турли соҳаларига доир 60 мингдан 80 минга қадар масалаларни чуқур ёритиб берган.
Турк қомусий олими Шамсуддин Сомий Абу Ҳанифа ҳақида: “У суннийларнинг тўртта мазҳаби раҳбарларидан биринчиси ва ислом шариатининг буюк бир рукнидир. Унинг фиқҳ соҳасидаги кенг маълумоти ва қиёсдан фойдаланиш бўйича фавқулотда иқтидори ва шунингдек, руҳий поклиги ва ахлоқий фазилатлари борасида анча китоблар ёзилгандир”, деб ёзган эди.
Мисрлик олим Абдул-Ҳалим ал-Жундий ўзининг ўзининг “Абу Ҳанифа исломда эркинлик ва муроса қаҳрамони” номли чиройли китобида ушбу давр алломасининг ҳақиқий илмий сиймосини ёритиб беришга ҳаракат қилиб, катта муаффақиятга эришган. У бундай хулоса чиқаради:
“Абу Ҳанифа ҳар ерда, ҳар доим, ўтмиш ҳозир ва келажакда ҳар-бир соҳада-мулкчилик, аёллар ва фуқаролар ҳуқуқлари бўйича, шунингдек, ҳар қандай тасарруф қилиш мумкин бўлган соҳаларда эркинлик ва муросани эълон қилган. Эркинлик ва муроса унинг номи билан абадий олий даражага кўтарилган. Унинг раъй ва қиёс мактаби ислом ҳуқуқининг онаси ва замон ўтмиш билан унинг манбаи бўлиб келади. У бирон бир расмий мадраса ёки ўқув юртида таълим олмаган, у фақат жомеъ масжидга кириб, ҳаёт мадрасасидан ўрганган.
Абу Ҳанифа бундай юксак мақомга қандай қилиб эришди унинг илму маърифат манбалари нималардан иборат эди, деган саволга келадиган бўлсак, бу ҳақда турли муаллифлар, жумладан ислом энциклопедияси, маноқиб китоблари муаллифлари, Шаҳристоний ва Имом Абу Заҳра ўз фикру мулоҳазаларини билдириб ўтганлар. Уларни хулоса қилиб қуйидагича фикр билдириш мумкин.
Биринчидан, Абу Ҳанифанинг туғма хусусиятлари ва шу хислатлар ёрдамида ўзлаштириб олган фазилатлари уни олий мақомдаги олим даражасига етказди. Унинг руҳий фазилатлари, тафаккур йўналишлари ва ажойиб ҳарактерининг асосини мана шу табиий истеъдоди ташкил этарди.
Иккинчидан, илмий соҳада ўзининг фаолиятларини белгилаб олишда унинг мураббий ва устозлари чуқур таъсир кўрсатиб, илмий йўлларини мукаммал босиб ўтиш учун замин яратиб берган эди. Маълумки Абу Ҳанифа ўша даврда мавжуд бўлган турли хил ақидавий оқимлар, ҳуқуқий, фалсафий йўналишлар вакиллари билан доимо баҳс мунозара қилиб ўзининг илмий салоҳиятини ва тажрибасини ошириб борар эди.
Учинчидан, унинг шахсий ҳаёти ва турмуш тажрибалари, юз берган ҳодисалар, турли гуруҳ ва фирқалар билан ўрнатган алоқалари, сиёсий оқимлар билан бўлган муносабатлари, бозор, савдо ва халқнинг амалий ҳаётидан чиқариб олган хулосалари унинг дунёқараши шаклланиши учун муҳим омил бўлиб таъсир кўрсатган. У яратган ҳуқуқий мактабнинг барча соҳаларида ушбу омиллар таъсирини яққол кўриш мумкин. Шу сабабли у ишлаб чиққан усул ва қоидалар ҳар доим ҳаёт талабларига жавоб бериш имконига эга бўлиб, ҳанафий мазҳабини кенг тарқалиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилган.
Тўртинчидан, у яшаган давр эркин тафаккур муҳити олимнинг истеъдодини ўсиши ва ақлиятининг турли соҳаларда кенг намоён бўлиши учун қулай шароит яратиб берди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртининг ақоид фани ўқитувчиси Хуршид Бойхўрозов




