
Саломатлик – инсон камолотининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, шахснинг ҳеч ким даҳл қила олмайдиган ҳуқуқи, ўз-ўзини ривожлантириш, шахсий ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши гаровидир. Маълумки, жамиятимизда инсон саломатлиги, жисмоний баркамоллиги, соғлом турмуш тарзи маданиятига эгалиги ўта муҳим ижтимоий қадрият ҳисобланади. Миллат саломатлигини таъминлаш, халқ генофондини бекаму-кўст сақлаш соғлом турмуш тарзи туфайлигина етарлича ижобий тарзда ҳал этилади. Бу эса, жамиятнинг барча ижтимоий институтлари; оила, ўқув-тарбия масканлари, маҳалла ҳамда мустақил таълим олдига жамиятимиз фуқароларига соғлом турмуш тарзи мазмуни ва моҳиятини англатиш, ёшларни сергак ва билимдон, баркамол шахс қилиб тарбиялаш масаласини кўндаланг қилиб қўяди.

“Кўкалдош”ўрта махсус ислом таълим муассасасида ҳам ёш авлодда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида 29 ноябрь куни соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатига Тошкент шаҳар 1-сонли шаҳар клиникаси Урология бўлими етакчи утахассиси, олий тоифали врач Шуҳрат Ҳалилов таклиф этилди. Ш.Ҳалилов ўз маърузасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш асослари, тўғри овқатланиш қоидалари, тозалик ва гигиена қоидаларига доим амал қилишга тарғиб қилди. Айниқса, хозирги пандемия шароитида ҳар хил турдаги юқули касалликлардан ўзини эҳтиёт қилишлик, касаллик белгилари сезилган пайтда дарҳол мутахассисларга мурожаат қилишлик каби тавсиялар берилди. Мутахассис Ш.Ҳалилов маърузасида “таҳорат олган инсондан 85 хил касаллик йироқлашади”, дея таъкидлаб ўтдилар
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.

“Кўкалдош”ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






