Муқаддас динимиз Ер юзини обод қилишга буюради. Экин экиш ана шу обод қилиш сирасига кирадиган улуғ ва савобли амаллардан хисобланади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон экин экса-ю, ундан (бошқалар) есалар унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан биров манфаат олса ҳам унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятларидандир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган ўғил болага атаб ерга ниҳол қадаган. Чунки бу ниҳол кун келиб ўғил бола уйланганиши арафасида унинг учун янги уй қуришда ишлатилган.
Бугун ана шу эзгу анъана давом этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан умуммиллий ҳаракатга айланди. Айни кунларда юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” давом этяпти. Бу дарахт экиш тадбирлари 10 декабргача давом этади.


Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртида ҳам ушбу хайрли лойиҳага асосланиб бугун 27 ноябр куни билим юрти мударрис ва талабалар иштирокида дарахт экиш тадбири ўтказилди. Кўкалдош мадрасаси боғида тозалик ишлари олиб борилди ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилди
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати





