Жорий йилнинг 6 ноябрь кунги Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Бутун куч ва салоҳиятимизни ягона улуғ мақсадимиз – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратамиз” дея таъкидладилар. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги эълон қилинди. Мазкур стратегиянинг бешинчи йўналишида муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берилиши энг устувор вазифа сифатида қаралиши айтилди. Шунингдек, бугунги кунда инсоният кўплаб умумбашарий муаммоларга дуч келаётганлиги ва бугунги кунда иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар бизнинг мамлакатимизда ҳам ечилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ҳисобланиши таъкидланди. Мазкур тамойиллар асосида 2021 йил 8 ноябрь куни «Кўкалдош» ўрта махсус исломтаълим муассасасида Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги етакчи мутахассислари иштирокида тадбир ташкил этилди.
Маърузачиларнинг нутқида ёш авлод тарбиясининг аҳамиятли эканлиги, айниқса, диний соҳа ходимларининг зиммаларида турган вазифаларига қанчалик масъулият билан ёндашиш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, ҳозирда дунёнинг турли чеккаларида содир бўлаётган норозиликлик тўполонлари, фитналар, давлатларнинг мустақиллигига қарши қаратилган ҳаракатлар ҳақида гапириб мисоллар келтирилди. Ҳар хил турдаги экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида гиёҳвандлик моддаларидан фойдаланаётгани, гиёҳвандлик натижасида бутун бир жамият ва давлатларнинг завол топаётганликлари айтиб ўтилди. Айниқса, ҳозирги кунда экстремист ва террорчи ташкилотларнинг қилаётган хунрезликлари, ботил ақида ва даъволари ҳақида аниқ мисоллар келтириб мавзу тушунтириб берилди. Шунингдек, маърузачилар талабаларни хушёрликка чақириб, зиммаларидаги вазифаларни мукаммал бажаришга тарғиб қилди. Интернет сайтларидаги нохолис маълумотлар ва улардан фойдаланишда огоҳ бўлишга ундади.
Тадбир сўнгида таълим муассасаси мудири М.Насриев ўзининг фикр-мулохазаларини билдирди. Тадбир иштирокчилари ўзларига керакли бўлган маълумотларни олганликларини таъкидлаб ўтишди ва ташриф буюрган меҳмонларга миннатдорчилик билдирилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати








