Ибодатлардан кўзланган ҳикмат
Биз ҳозирги кунда инсонларни масжидда ғоятда одоб-ахлоқли, тартиб-интизомли ҳолда кўрамиз, лекин афсуслар бўлсинки бу биродарларимиздан баъзиларини масжиддан ташқарида тамомила бошқа суратда кўрамиз. Гўёки гўзал хулқ фақатгина масжидда лозим-у, бошқа жойда лозим эмасдек. Бу бўлинишлик исломдан эмас. Зеро ислом бир бутундир.
Аллоҳ таоло ўзининг каломи қадимида саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”[1] деб мадҳ қилади.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан у зотнинг хулқлари ҳақида сўралганида:
“Ҳулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот Қуръондаги барча одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Ҳар бир мусулмонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлик вожиб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида бизларни набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга ва у зотга итоат қилишга буюради. Шундай оятлардан бир қуйдаги оят:
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّون اللهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبكُمُ اللهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ
“Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт”[2].
Ислом динининг устунлари бўлган намоз, закот, рўза ва ҳаттоки ҳаж ибодатидан ҳам кўзланган ҳикматларидан бири, балки бу ҳикматларнинг энг олийси инсонни гўзал хулққа чорлашдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларидан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам гўзал хулқдир. Зеро набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Мен яхши ҳулқларни батамом қилиш учун юборилганман”, деб марҳамат қилганлар. Агар сизда “Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни юборилишликлари борасида:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”[3], деб айтган-ку” деган савол пайдо бўлса, сиз бу оят ҳақида яхшилаб фикр қилиб кўринг! Агар бир жамиятда алдов, ёлғончилик, омонатга хиёнат қилиш ва фаҳш ишлар ёйилган бўлса, бу жамиятда раҳмат бўладими? Ёки оилада бир-бирини ёмон кўришлик, ҳасад ва адоват ҳукумрон бўлса, бу оилада раҳмат бўладими? Демак бу оят билан биз юқорида келтирган ҳадис ўртасида мустаҳкам алоқа бор экан. Зеро гўзал ахлоқсиз оламларга раҳмат бўлмайди.
Намоздан кўзланган асосий мақсад гўзал хулқ деган гапимизга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَلَاةَ تَنْهَى عَنِ الفَحْشَآءِ وَالمُنْكَرِ
“Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради”[4].
Субҳаналлоҳ! Демак бир инсон намоз ўқиса-ю, лекин фаҳш ва мункар ишлардан қайтмайдиган, намози уни бундай ишлардан қайтармайдиган бўлса, унинг ўқиган намози намозмикин?!
Мен сизлардан сўзларимни ақидавий ёки фиқҳий масалаларга аралаштирмасдан, жавҳарини тушунишингизни сўрардим. Мен бу гапларим билан намоз ўқиган одам фаҳш ва мункар ишлардан қайтмайдиган бўлса, намоз ўқимасин демоқчи эмасман, балки намозлари Аллоҳ таоло васф қилган ҳолда бўлишига ҳаракат қилсин демоқчиман.
Закот ҳам инсонни гўзал хулққа ундашига келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا
“Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан ва тарбиялайсан”[5], деб марҳамат қиляпти. Зеро садақа қилган инсон раҳматни, саҳийликни ўрганади ва бахиллик каби ёмон иллатлардан қутилади. Ибодатлар қандай қилиб ахлоқ билан туташётганига эътибор беряпсизми!
Сиз бундан олдин “хулқий садақа” ҳақида эшитганмисиз!? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродаринга табассум қилишинг садақа. Яхшиликка буюришинг ва ёмонликдан қайтаришинг садақа. Адашган кишига тўғри йўлни кўрсатишинг садақа. Челагингдан биродарингни челагига қўйиб беришинг садақа. Озор берувчи нарсани йўлдан олиб ташлашинг садақа. Садақанинг энг буюги, киши ўз аёлининг оғзига солган луқмаси”, дедилар. Биз бу ҳадисни эшитганмиз, лекин ҳозир уни янгитдан тушунишга муҳтожмиз. Агар биз бу ҳадисни яхши тушунсак, садақадан тушунган нарсаларимиз тубдан ўзгаради. Албатта, садақалар гўзал хулққа олиб боради. Буларнинг барчаси “хулқий садақа”дир. Келенг бахиллик қилманг, табассум қилиб, гўзал хулқлик бўлиб, садақа қилинг!
Рўзанинг ахлоқ билан боғлиқлигига келсак, Аллоҳ таоло Ўзининг китобида:
يَا أَيُّها الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз”[6], деб марҳамат қилади. Бу оятда рўзадан кўзланган мақсад тақво эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қиляпди. Энди сиз ғазабини босолмайдиган, тилидан фаҳш сўзлар тушмайдиган, инсонларга зулм қиладиган, хулқи ёмон одамни тақводор бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Демак ёмон хулқли инсонни “тақводор”, деб номлаб бўлмас экан, инсон тақводор бўлиши учун албатта, гўзал хулқ керак бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Агар сизлардан бирингиз рўза бўлса, беадаб сўзларни гапирмасин, бақир-чақир ҳам қилмасин. Агар бирор киши уни ҳақорат қилса, ёки у билан уришса, “мен рўзадорман”, деб айтсин”, дедилар.
Субҳаналлоҳ! Биз юқорида намоздан, закотдан кўзланган асосий мақсад хулқ эканлигини кўрдик. Рўзадан кўзланган асосий мақсад ҳам хулқ экан.
Ҳаж ибодатига келганида гўзал хулқлар ўз чўққисига чиқади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
الحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَن فَرَضَ فِيهِنَّ الحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الحَجِّ
“Ҳаж маълум ойлардир. Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида аёлга яқинлашиши, гуноҳ ишлар ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ”[7], деб марҳамат қилади. Демак ҳаж қиладиган инсон ҳаж амалларини бажариш вақтида оғир босиқ, гўзал хулқлик бўлишга ҳар доимгидан кўра ҳам муҳтожроқ бўлади. Ҳожи эҳром боғлаб, ҳаж амалларига киришган вақтдан бошлаб, бақир-чақир, бошқаларни ҳақорат қилиш, талашиб-тортишиш каби ёмон хулқлардан тийилиши лозим бўлади. Ҳаж қилувчи инсондан талаб қилинган нарса 20 кун давомида, тақрибан уч миллион инсон ичида гўзал хулқлик бўлишдир. Ман шундай тиқилинчлик вақтида инсоннинг гўзал хулқи ўз чўққисига чиқади.
Кўрдингизми дўстларим намоз, закот, рўза, ҳаж ва бошқа ибодатларимизни гўзал хулқсиз аҳамияти йўқ экан. Бу нарсалар билан мен сизларни ибодатларга бепарво бўлишликка чорламаяпман, балки хулқи ёмон обид, ёки ибодати йўқ гўзал хулқли бўлишдан қайтариб, гўзал хулқлик обид бўлишга чорлаяпман. Аллоҳ таоло барчамизни хулқи Қуръон бўлган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланишлигимизни насиб айласин.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 402 гуруҳ талабаси Содиқов Бобур тайёрлади.
[1] Қалам сураси 4 оят.
[2] Оли Имрон 31 оят.
[3] Анбиё сураси 107 оят.
[4] Анкабут сураси 45 оят.
[5] Тавба сураси 103 оят.
[6] Бақара сураси 183 оят.
[7] Бақара сураси 197 оят.






