(2-қисм)
Али розияллоҳу анҳу тафсир илми борасида ибн Аббос розияллоҳу анҳумони мақтаб: “Гўёки у нафис пардадан ғайбга қараб тургандек”, дейдилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Ибн Аббос Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарса борасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг энг билимлироғидир”, деганлар.
Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ: “Саҳобалардан ўнтаси тафсир илми билан машҳур бўлди: Тўрт халифа, ибн Масъуд, ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Сабит, Абу Мусо Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Зубайр”, деганлар.
Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қуръон тафсири ҳақида сўрар эди, ҳамда Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ у зот айтган нарсаларни қўлидаги лавҳга ёзиб олар эди. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мусҳафни ибн Аббосга уч марта фотиҳадан бошлаб охиригача ўқиб бердим. Ҳар бир оятдан кейин тўхтадим ва шу оят ҳақида ундан сўрадим”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Қуръондаги учта калимадан бошқа ҳаммасини биламан: “الرقيم”[1], “غسلين”[2], “حَنانًا”[3], деб айтганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо тафсирни аҳли китоблардан олишликни ёмон кўрар эдилар, ҳамда инсонларни улардан сўрашликдан қайтарар эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога бир нечта тафсирларнинг нисбати берилади. Булардан Муҳаммад ибн Яъқуб Ферузободий таълиф қилган “تنوير المقباس من تفسير ابن عباس” (Танвир ал-Миқбас мин тафсир ибн Аббос), деб номланган тафсир. Китобдаги ривоятларнинг ҳаммаси бир кишининг санадидан ривоят қилинади. У ас-Садий ас-Соғир, у Муҳаммад ибн Соиб ал-Калбий, у абу Солиҳ Самон, у ибн Аббосдан ривоят қилган санад. Кўпчилик уламолар китобдаги ривоятларнинг саҳиҳлигига шак қилишган. Бунга имом Шофеъийнинг қуйдаги сўзларини далил қилишади: “Ибн Аббосдан тафсир борасида юзта атрофида ҳадис ривоят қилинган”.
Уламолардан бир қанчаси бу санаддаги кишиларни заиф, каззоб, мункарул ҳадис, дажжол деб айблашган.
“صحيفة علي بن أبي طلحة عن ابن عباس في التفسير القرآن الكريم” (Соҳифату Али ибн Толҳа аън ибн Аббос фит тафсирил Қуръон ал-Карим) , деб номланган ибн Аббос розияллоҳу анҳумога нисбат берилган бошқа тафсир ҳам бор. Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ бу китобни тафсир борасида ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган энг саҳиҳи деб эътибор қилганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ҳам бу китобни мақтаганлар.
Маҳмуд Мисрийнинг “Қисосур Росул лил атфал” китобидан 402-гуруҳ талабаси Содиқов Бобур таёрлади
[1] Каҳф сураси 9 оятдаги бир калима.
[2] Ал-Ҳаққо сураси 36 оятдаги бир калима.
[3] Марям сураси 13 оятидаги бир калима.






