Ўзининг сўнги Расулини оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Инсониятнинг саййиди, фахри коинот, Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва У зотнинг покиза оилаларига ҳамда фидокор асҳобларига дуруду саловатлар бўлсин!
Рабиул-аввал ойида мавлуд маросимларини ўтказиш ва бу маросимларда мавлид асарларидан ўқиб, суюкли Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларини тантанали равишта ўтказиш мусулмон оламида тақрибан минг йилдан бери давом этиб келаётган анъаналардан бири ҳисобланади. Ислом оламининг ажралмас қисми бўлган жонажон Ватанимизда ҳам бу анъана ўзига хос услубда ўтказиб келинган. Бизда энг кўп тарқалган мавлид асари Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг «Иқдул-жавҳар фи мавлиди ан-Набий ал-Азҳар» (Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») номли асаридир. Бу китоб бизда шунчалик кенг тарқалганки, халқ ўртасида мавлид дейилса, фақат шу асар тушуниладиган бўлиб қолган.
Мамлакатимизнинг масжидлари қаторида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида ҳам бугун, 26 октябрь куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан Мавлиди шариф тадбири бўлиб ўтди. Унда мадрасанинг барча устозлари ва талабалари қатнашишди. Пешин намозидан олдин мадрасанинг ички масжидида 4-курс талабалари Убайдуллоҳ қори ва Муҳаммад Собитжон қорилар томонидан Имом Барзанжийнинг “Мавлиди шариф” китобидан саловотлар айтилди. Тадбир якунланиб пешин намози адо этилганидан сўнг Қуръон тиловати ва дуойи хайрлар қилинди. Тадбирдан сўнг тадбир иштирокчиларига еҳсон дастурхони ёзилди.
Кўкалдош матбуот хизмати








