Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч хислат бор. Кимда улар бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг расули унга бошқа ҳамма нарсалардан севимли бўлиши, бир кишини яхши кўрса, уни фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши” дедилар» (Имом Бухорий).
Ушбу ҳадиси шарифда Исломнинг асл тушунчаларидан бири – комил иймон ҳаловатига қай йўл билан етиш мумкинлиги баён қилинмоқда. Зеро, бу осон иш эмас. Таом лаззати ва мазасини ҳамма баробар тотмаганидек, иймон лаззатини ҳам ҳамма бирдек тополмайди.
“Уч хислат бор. Кимда бу хислат бўлса, иймон ҳаловатини топади”. Иймон ҳаловати деганда банданинг ўзи қилаётган тоат-ибодатлари, хайрли ва савобли ишларидан хурсанд бўлиши, завқланиши тушунилади. Бу лаззатни бошқа барча лаззатлардан, нафснинг ҳоҳишу истакларидан устун қўйилганида кўзланган мақсад ҳосил бўлади.
Иймон ҳаловатини топиш учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганларидек, уч омилга аҳамият бериш керак.
1. Аллоҳ ва Унинг расули унга бошқа ҳамма нарсалардан севимли бўлиши. Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаммадан кўп севиши керак. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан тийилиш; У Зот яхши кўрганни яхши кўриб, ёмон кўрганини ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббат у зотнинг шариатлари ва суннатларини маҳкам тутишдан иборат.
2. Бир кишини фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши. Мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топишади. Бу икки томоннинг Аллоҳга бўлган севгисидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолодир. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат билан ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди. 3. Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши. Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демак. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат муҳаббат кифоя эмас, ўрни келганда нафратланишни, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Мўмин банда куфр ва унга олиб борувчи нарсалардан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши зарур.
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






