Ҳар биримизга маълумки исломда кўплаб фирқалар бўлиб, ҳар бир фирқа йўл бошчиси бирон бир ном ёки лақаб остида ўз фаолятини олиб борган.
“Равшания” Афғонистонда вужудга келиб афғон ва пуштун қабилалари орасида кенг тарқалган фирқа бўлиб, унинг асосчиси “НУР ТАРҚАТУВЧИ ПИР” номи билан танилган 1525 йил Афғонистонда туғилган Боязид Ансорийдир. Мазкур фирқа ўз замонасида “биз янги нур равшанлик тарқатувчилармиз” деган шиор билан чиқиб, ўзларини ислом арконлари ва шариат аҳкомларини ислоҳ қилувчи, деб таъриф берганлар. Равшанийлар ҳаракатини диний – экстремистик ва радикал оқим сифатида бахолаш ўринли бўлади. Боязид Ансорий асос солган мазкур оқим афғон ва пуштун қабилалари орасида етмиш йилдан ортиқроқ фаолият олиб борган. Ислом дини уламоларидан бири Охунд Дарвиза ўз даврида Боязид Ансорийни “Пири Торик” яъни равшан эмас, балки нурсиз “қора пир” номи билан атаган. Чунки аслида Боязид Ансорий ислом арконлари ва шариат қоидаларини ўзича талқин қилиб, исломда фарз қилинган аксариат амалларни (масалан, намоз, рўза, ҳаж, ҳижоб) кабиларни бекор қилган.
Боязид: “сувда ғусл қилиш шарт эмас, шамол эсиши билан бадан пок бўлади, чунки тўрт унсур пок қилувчидир”, – деб айтарди. Боязид яна: “Ҳар ким ҳудони ва ўзини танимаса, одам эмас, сигир ва қўй сингаридир, уни ўлдириш жоиздир” , – дерди. Шунинг учун ўз мухолифларини ўлдиришга буюрар эди.
Боязид Ансорий гўёки ўз зиммасига юклатилган вазифаларни Муҳаммад (с.а.в.) зиммасига юклатилган вазифалар билан тенглаштирган.
Равшания фирқаси фаоляти Бобурийлар сулоласининг вакили Акбаршох даврига тўғри келади.
Боязиднинг “Холнома”, “Фатх ат – толибин”, “Хайр ул – баён” каби асарлари ўз талимотини ёйишида асосий восита бўлиб хизмат қилган. Боязид Ансорий ўлимидан сўнг ҳаракатга унинг ўғиллари Умар ва Нуриддинлар давом эттиради.
Сўфи Оллоёр ўзининг “Сабот ул – ожизин” асарида бу фирқанинг бузуқ ақидасига шундай таъриф беради:
Баний одамда бордур бир фариқа,
Тутурлар ўзларин аҳли тариқа.
Алар шаръий набийнинг душманидур,
Аларнинг оти яъни “Равшаний” дур.
Аларнинг феълини ким яхши билди,
Бўлиб кофир яна ўтқа йиқилди.
Биз хозир бази экстремистик кучлар исломдан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб келаётган замонда яшаб келмоқдамиз. Шуларни ҳисобга олиб, диний билими саёз, турли ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринаётган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ҳар биримизнинг бурчимиз деб ҳисоблайман.
Манбалар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
1-курс талабаси Зикрияев Ҳожимурод тайёрлади.






