Бугунги кунда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар фаолият юритаётганини кўриш мумкин. Туркия, Миср, Жазоир, Тунис, Ливая, Индонезия, Малайзия, Иордания, Покистон каби мамлакатларда мавжуд тариқатларнинг саноғига етиш ҳам қийин. Шу билан бирга, ушбу сулукларнинг кўпчилиги тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетган. Шайхлик мақоми маблағ тўплағ тўплаш манбаи бўлиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Туркиядаги кўплаб тариқат вакиллари томонидан шайхларини ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши, шайхларнинг ўз тарафдорлари ва муассасалари мавжудлиги фикримиз исботи бўла олади.
Покистон ва Ҳиндистон ҳудудларида тарқалган тариқатларнинг урф-одатларига назар солинса, уларда йога, буддавийлик, ҳиндуийлик ва қадимги ҳинд фалсафасининг таъсири катталигини кўриш мумкин. Барлавия, Меҳмандия ва бошқа қатор тариқатларда қадимги ҳинд фалсафасидаги таносух, яъни руҳнинг кўчиб юриш ғояси кенг ўрин олган. Улар намоз ва зикр вақтида юқоридан бир жойни бўш қўядилар ва унга Муҳаммад (с.а.в) руҳи келиб ўрнашади, деб ҳисоблайдилар. Масжидларнинг қибла тарафида эса ўз тариқатларининг асосчиси ёки пирларининг қабри жойлашган бўлиб, намоздан аввал ва кейин уни тавоф қиладилар[1].
Муқаддас жойларга суфийларнинг зиёрати ўз асосларини «Аллоҳнинг авлиёлари ўлмайдилар, балки бир ҳолатдан иккинчисига ўтадилар», деган ғоясидан олинадиган исломда қўлланиладиган одатий тажрибадир. Бунинг замирида авлиё ва пирларга ҳаётлик чоғларида кўрсатиладиган ўзгача бир иззат-икромлар уларнинг ўлимидан сўнг ҳам давом этади[2], деган рамзий маъно ётади.Авлиёлар мақбаралари ёнида одатда масжид ва дарвеш хонақоҳлари бўлиб, улар авлиёлардан руҳий мадад – ёрдам сўраган яъни уларни воситачи қилган зиёратчи ва тақводорлардан катта фойда олишарди.
Ўзига хос бир мисолни XIV аср тарихчиси Ибн Баттута келтиради: Форснинг Қозирун шаҳрида авлиё шайх Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Қозируний (XI асрда яшаган)нинг дарвешлар ҳонақо (зовия)си бўлган. Ҳиндистон ва Хитой билан савдо ишларини олиб борган савдогарлар Ҳинд океанининг даҳшатли бўронлари ва денгиз қароқчиларидан асрашини сўраб, одатда шу авлиёга мурожаат этишарди. Денгиз сафарига кетаётиб, ушбу савдогарлар одатда бу шайхнинг хонақоҳига муайян миқдорда пул эҳсон қилишга ваъда бериб, ушбу миқдордаги пулга ҳужжат тайёрланарди. Кема бандаргоҳга эсон-омон етиб келгач, хонақоҳ ходимлари унга чиқиб, ушбу ҳужжатни кўрсатиб, ҳар бир савдогардан ваъда қилинган пулни олишарди. Ҳиндистон ва Хитойдан келган кема 1000 динор фойда келтирмаслик ҳолати йўқ эди, дейди Ибн Баттута. Хонақоҳ дарвеш ва шайх муридларидан айримлари ўзлари учун садақа тилаб олишарди. Бундай сўровчига мазмуни қуйидагича бўлган васиқа (барат) бериларди: «Шайх Абу Исҳоқ номига ваъда бериб, назр атаган кимса ўша назр ҳисобидан фалон миқдордаги пулни фалончига берсин», деб ёзилиб шайх тамғаси босилган кумуш муҳр қизил буёқ билан бўялар ҳамда ушбу васиқага у билан муҳр уриларди. 1000 – 100 кумуш динор ва камроқ миқдордаги васиқалар бўлган. Васиқа эгаси назар атаган савдогар олдига келиб, кўрсатилган пулни олар, ҳужжатнинг орқа томонига эса олганлиги ҳақида тилхат ёзиб берарди. Бир марта Ҳиндистон султони Муҳаммад (эҳтимол 1325-1351 йилларда ҳукмронлик қилган Муҳаммад шоҳ ибн Туғлуқ) атаган назрига биноан шайх хонақоҳига 10 минг динор тўлаб беради[3]. Мазкур хонақоҳ бундай назр-ниёз ва қурбонликлар ҳисобига қандай бойиб борганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Валийларнинг таржимон ҳолида қўлга киритиш учун салмоқли маблағлар сарфланган ёдгорликлар ҳақидаги маълумотлар тез-тез учрайди. Али тарафдорлари айниқса ушбу табаррук оилага тегишли бўлган буюмларга алоҳида аҳамият берилади. Шунингдек, III асрда шиъаларнинг Қум шаҳрида ҳали ҳаёт бўлган бир Алавийнинг бир парча кийими учун 30 минг дирҳам ҳам таклиф қилишарди[4]. Гольдциэр ўзининг «Культ святых в исламе» номли китобида Пайғамбарлар, имом, валийлар ва уларнинг мақбаралари культи билан уларга нисбат бериладиган ёдгорликларга эҳтиром кўрсатиш ҳам узвий боғлиқ бўлган. Бундай ёдгорликлар: соч толалари, кийим, жойнамоз, ковуш ва салла парчаларини тўплаб, уларни гўёки имомлар, суфий шайхлари ва ҳаттоки Муҳаммад (с.а.в)дан қолган, деб ҳисоблаб, улар билан савдо қилиш – исломда жуда қадимдан пайдо бўлган ҳодиса, деб қайд этади[5]. Исломдан аввалги муқаддас тарихнинг эътиборли шахсларидан қолган, ёки қадимги пайғамбарлар тарихи билан боғлиқ буюмларга ҳам мусулмон жамоаси катта эътибор билан қараган.IV асрда Суриядаги кекса аёллар Юсуф деб эътиқод қилинадиган, чириган ҳолда қазиб олинган тобут пайрахаларини ўзлари билан олиб юрардилар. Улар муқаддас тобутдан олинган ёғоч бўлакларини кўз касалликларига қарши энг яхши восита деб ҳисоблаганлар. Маккадан қачонлиги номаълум муқаддас ёдгорлик сифатида Мусо (а.с.)нинг мўъжизакор асо (ҳасса)си ва Иброҳим (а.с.) нинг қурбонликка мўлжалланган ўғли ўрнига келган қуйнинг шохи сақланарди. Ҳар иккиси ҳам олтин суви югуртирилган ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди. 930 йил Маккани талон-тарож қилган қарматийлар бу нодир буюмларни ўғирлаб кетишган ва ўшандан бошлаб уларни ҳеч ким кўрмаган. Бу буюмларни қайтариб олиш мусулмонлар учун “қоратош”ни қайтариб олишдек катта аҳамият касб этмаган[6]. Бундай ёдгорликлар топилишига қанчалик кўп эътибор берилгани сари, улар шунчалик кўп пайдо бўларди.
VII–VIII асрларда пайдо бўлган, исломдаги мистик йўналиш бўлган суфийлик (тасаввуф) – ўз ичига Шарқнинг қадимги ғоя ва культлари, антик ва христиан дунёқарашлари элементларини олади. Вақт ўтиши билан шаклланган суфийлик доктринасининг турлича вариантлари анча мураккаблиги ва эклектиклиги билан ажралиб турарди. Айнан оддий диндорларнинг диний онгига мўлжалланган «амалий» суфийлик, кўпинча кенг мусулмон оммаси диний ҳаётидаги доминант (асосий омил) сифатида намоён бўларди.
Барча тариқатларда ҳар бир мусулмон одатда бажариши лозим бўлган исломнинг беш аркони, жума намозини ўқиш, жамоат билан намоз ўқиш, садақа бериш ва бошқа ибодатларни адо қилиш каби жиҳатларга қўшимча равишда суфийнинг Аллоҳга яқинлашишини осонлаштирувчи баъзи амаллар мавжуд:
- Зикр
- Хилват, чилла, арбаин
- Робита
- Сайру сулук[7]
Суфийлар диний фаолиятининг энг муҳим кўриниши – ритуал – маросим амалиёти бўлган. Генетик (келиб чиқиш) жиҳатдан қадимги диний тасаввурлар ва культлар билан боғлиқ бўлган ҳолда, халқ оммасига яқин ва тушунарли эди. Бу жиҳатдан ўз иштирокчиларининг асосий қисмидан муқаддас матнларни чуқур ўрганиш ва диний маросимларни ёддан билишни талаб қилмайдиган жамоа культ фаолияти алоҳида аҳамият касб этарди. Унинг асосий субъекти сифатида тариқатларга эргашган суфийлик тарафдорлари чиқишарди. Суфий жамоалари диний ҳаётининг энг жонли элементи – зикр вақти бўлиб ўтадиган хадра – дарвешларнинг вақти-вақти билан ўтадиган йиғилишлари эди. Суфийлик ақидасига биноан, зикр чин диний амалиётнинг қалб гавҳаридир. Зикрнинг зарурлиги борасида Қуръони каримда ҳам келтирилган[8].
Суфийликдаги зикрнинг мақсади – транс ҳолатига тушиш орқали Яратган висолига ғарқ бўлишдир. Дарвешлар муайян формулалар (аксар ҳолларда Аллоҳ исмлари ва Аллоҳ сўзи бор бўлган сўз бирикмалари)ни кўп бора такрорлаш орқали ирода ва ҳис-туйғуларни босиб, ташқарида намоён қилмаслик, ташқи эмпирик оламдан ажралиб, «илоҳий яқинлик»ка яқинлашишга интилишарди. Бу ҳолатда «Аллоҳга муҳаббат» – зикр қатнашчиси ўзига маслак деб биладиган асосий ҳаракатлантирувчи лаҳзадир. Бунда диний йироқлашувнинг энг юқори даражаси кўпинча диний экзальтациянинг юқори даражасидан келиб чиқадиган шовқинли экстаз шаклида намоён бўларди. Диншунос А.И.Клибановнинг сўзига кўра, «диний экстазнинг тарихан маълум бўлган барча шаклларида индивидуал ва гуруҳ психологиясининг айнан бир механизми фаолият кўрсатади, дин унга нисбатан стимул вазифасини ўтайди»[9].
Кўпинча диний маросимларни қатнашчилари – заккирлар сунъий равишда тутқаноқ юзага келтириб, ўзларини вақтинчалик ақлдан озиш ҳолатигача олиб борарди. Аҳмадия дарвешлик тариқати зикрига гувоҳ бўлган бир киши шундай ёзади: «У (заккир) кўзлари юмуқ, лабларида кўпик билан ерга қулади, катта бармоқларини муштлаб, жон талвасасида қалтирай бошлади… Зикр охирига келиб унда қатнашган аскарлардан бири бир неча бор шайтонлангандан сўнг, даҳшатли овозда бақирар ва бошини у ёқдан бу ёққа силкитар эди. Умуман олганда, зикр охирида унинг иштирокчиларининг жонҳолатдаги ва қийноқларга тўла ҳаракатлари ҳайратланарли даражада зикр бошидаги ўзларининг хотиржамликлари ва тантанали руҳдаги жиддий ҳолатларидан ажралиб турарди». Транс ҳолатига етишга ушбу маросимнинг ўзига хос кўп режали ритмик ташкиллаштирилиши, ўзига хос полифония ва тўлқинсимон ритм билан безатилган мусиқий фони сабаб бўларди.
Турли дарвешлик тариқатларининг зикрлари бир-биридан ҳам қатнашчиларининг хатти-ҳаракати, ҳам ўқиладиган матни билан ҳам ажралиб турарди. «Куйловчи ёки увилловчи» – рифоия биродарлиги дарвешлари[10], «айланувчи» – мавлавия[11], «сакровчи» – исавия[12], «рақс тушувчи» – шуабия[13] ва бошқалар кенг миқёсда тарқалди.
Кўпинча бир-бирига ўхшаш бўлган тариқатлар доирасида бевосита суфий ритуалларига бошчилик қиладиган ва шу билан диндорлар онгини диний йўналтиришда асосий вазифани бажарган шахсларнинг кичик бир гуруҳи ажралиб чиқарди. Ушбу диний маросимларнинг, улар қаторида мистик маросимлар ташкилотчиси вазифасини ҳам одатда биродарликнинг алоҳида филиалларига бошчилик қилувчи халифалар – шайхнинг вакиллари бажарар эдилар. Тариқат иерархиясида халифа қўл остида бўлган шахсларнинг яна бир муҳим тоифаси бўлган. Улар нақиблар – маросимлар амалга оширилиши тартибини назорат қилишга масъул буйруқдорлар бўлган. Тариқатда қабул қилинган диний маросимлар тартиби билан батафсил танишиш мақсадида нақиб кетма-кетлик билан бир неча поғоналарни босиб ўтарди; у ёки бу маросимда қатнашувчи дарвешларга хизмат қилар – сув ташир, қаҳва тайёрларди; кейин унга суфийлар йиғиладиган хонани йиғиштириш ва ёритиш ишониб топшириларди. Синов муддати тугагач, нақиб маросимлар оғаси вазифасини бажаришга қўйиларди – дарвешлар мажлисини очар ва ёпар, ритуал ҳаракатларни назорат қиларди. Бу ҳолатда у энди ан-нақиб ал-кабир (бош нақиб) ёки нақиб ул-мажлис (мажлис нақиби) деб аталарди[14].
XX аср бошларида Қоҳирада кўплаб тариқатларнинг мистик маросимини кузатган таниқли немис шарқшуноси Пауль Коле ушбу маросимнинг асосий элементлари ва ташкилотчиларининг асосий вазифалари ҳақида тушунча берувчи тасвирловчи ҳикояни ёзиб қолдиради: Хадра қатнашчилари ҳалқа бўлиб ўтирардилар. Ўртада халифа – соҳиб ул-лайла яъни тун зикрининг раиси ўтиради. Унинг ишораси билан мажлис нақиби мажлисни дуо билан очади. Ўтирган ҳолатдаёқ заккирлар калимаи шаҳодатнинг биринчи қисми (Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ)ни 20-30 маротаба қайтарадилар. Кейинги «ҳува, ҳува, ҳуваллоҳ» (У, У, У Аллоҳ) сўзларида халифа ўрнидан туради ва биринчи туриш ишорасини беради. Аллоҳ сўзининг биринчи айтилишида дарвешлар чапга эгиладилар, иккинчисида ўнгга, «ҳува» сўзи эса шу икки ҳаракат оралиғида айтилади. Буларнинг барчаси тахминан 20 дақиқа давом этади. Халифа буларнинг муайян тезлигини белгилайди. Кейин матн ўзгариб «ҳуваллоҳу Ҳайй ва Даъим» (У, Аллоҳ тирик ва абадийдир) сўнг «Я Азиз, Я Азиз» (Эй Қудратли, Эй Қудратли) сўзлари янграйди. Биринчи сўз бирикмаси айтилганда тана чапга, иккинчиси айтилганда ўнгга эгилади. Барча сўзлар пичирлаб айтилади. «Аллоҳ қодир» деб айтиладиган сўзларда дарвешлар бошини аввал олдинга эгиб, кейин орқага ташлайдилар, бу ҳаракатлар биринчи ва иккинчи бўғин айтилишига монанд бўлиши керак. «Аллоҳу даъим» (Аллоҳ абадий) сўзлари айтилаётганда ҳам худди шундай бўлади. Тобора тезлашиб борадиган «Аллоҳ, Аллоҳ» сўзлари дам чап, дам ўнгга бўлган ҳаракатлар билан бирга зикрга якун ясайди. Кейин барча ўтиради Зикр нақиб ўқийдиган дуолар билан тугайди. Дуодан сўнг барча шайх (халифа)нинг қўлини ўпиб, тарқалади. Суфий диний маросимларининг асосий ва ташкилловчи қисмини намоён қилувчи мистик ритуаллардан ташқари дарвешлар мажлисида бошқа диний маросимлар ҳам ўтказилар эди. Энг асосийлар қаторига аҳд деб номланган, шогирд – муридларни тариқат аъзолигига қабул қилиш маросими кирарди. Қабул маросими кўпчилик тариқатларида деярли бир хил бўлган. У тариқат раҳбари ёки тариқатнинг бошқа бир олиймақомли вакили қаршисида Қуръон ўқиш, гуноҳларни тан олиб, дарвешлик аҳдини олишни ўз ичига олади. Кўпинча биродарликка аъзо бўлиш учун суфий шайхга байъа (содиқлик қасами) келтириш ва аврад (кундалик дуолар) ўқиш мажбуриятини олишни ўзи кифоя бўлган[15].
Демак, хадра фақат дуо ва ритуал маросимлардан иборат бўлмаган, гарчанд тарихий тадқиқотларда хадра ва зикр сўзлари синоним сифатида қўлланилган бўлсада, суфийлар йиғилиши пайтида ҳам диний, ҳам нодиний эҳтиёжлар қондирилган, шу қатори ахлоқий, эстетик, диндошларнинг ўзаро мулоқотга бўлган табиий эҳтиёжи ва ҳ.к. ҳам. Шундай қилиб хадра доирасида жамоа диний тажрибасининг ўзлаштирилиши билан бир қаторда фикрдошлар ўртасида фаол ва кўппланли алоқалар ўрнатилар, уларнинг ижтимоий фаоллиги намоён бўларди. Суфий тариқатлари культ фаолиятининг асосий воситаларидан бири такялар – дарвеш маконлари ёки мусофирхоналар бўлган. Улар сезиларли даражада масжидларники билан деярли бир бўлган вазифаларни бажаришар ва XVI аср Миср географи ва тарихчиси ал-Мақризийнинг ибораси билан айтганда, суфийларнинг Яратганга ибодат қилиш мақсадида дунёдан хилватга чекиниш жойлари бўлган. XIX асрнинг охирги чорагида Қоҳирада 18 та шундай ҳонақоҳ фаолият кўрсатган бўлиб, уларда асосан мисрлик бўлмаган суфийлик жамоалари, масалан, мағрибликлар ёки келиб чиқиши араб бўлмаганлар – турклар, форслар, Марказий осиёликлар ва бошқалар яшашган. Одатдаги Миср такясига мисол сифатида 1851/52 йилларда Аббос подшо буйруғи билан қурилган Нақшбандия дарвешлари ҳонақоҳини келтириш мумкин. Миср ҳукмдорининг маблағларига сотиб олинган Қоҳиранинг Дил ас-самака кўчасидаги уйлар ўрнига ўз ичига шайх қароргоҳи, махсус намозгоҳ, қудуқ, суфийлар уйларини ўз ичига олган иншоотлар мажмуи қурилади. Суфийлар уйларидан бир вақтнинг ўзида диний маросимлар ўтказишда фойдаланилган. Такя ичида боғ барпо қилинган эди.
Суфий диний марказлари асосан бу дунё ташвишларидан воз кечиб ўзини буткул мистик «асл ҳақиқат» билан яқинлашишга бағишланган «профессионал» суфийларга бошпана вазифасини ўтарди. Такя ва зовияларда улар мутассил равишда маънавий машқларга берилишар, айримлари танҳоликда ҳафталар ва ойларни ўтказишар, художўйлик юзасидан узоқ вақт давомида таомдан воз кечиш орқали жисмларини чиниқтирар эдилар.
Кўпинча табаррук мақбараларнинг зиёрати берилган ваъдага биноан ёки авлиё ҳомийлигига эришиш мақсадида қурбонликлар билан ўтарди. Маросимлар мажмуини бажариш жараёнида диндорлар онги ва ҳатти-ҳаракатида муайян стереотип (қолип)лар ишлаб чиқиларди. Авлиё культи суфийликнинг ажралмас қисми бўлгани ва халқ оммаси онгида Аллоҳга яқинлашиш имконияти борасидаги суфийлик тасаввурлари билан аксарият ҳолларда узвий намоён бўлгани учун ҳам, айнан тариқат вакиллари мусулмонлар оммаси диний ҳатти-ҳаракатининг умумий системасида мазкур стереотипларни мустаҳкамлаш ва қўллаб туриш вазифасини ўз ичига олади.
Авлиёлар культи айрим тариқатларнинг маросим культини асосий қисмини ташкил қиларди. Шу боис, авлиёлар культида бир жиҳат кўзга ташланади. Хусусан, тийжония[16] тариқатининг асосий ғоявий тамойили унинг асосчиси Аҳмад ат-Тийжонийга хос бўлган «мўъжизакор» сифатлар уни ҳам, унинг биродарлигига мансуб бўлганларни ҳам суфийликнинг бошқа тарафдорларидан ажралиб турувчи олий мақомга қўяди, деб ҳисоблаганлар. Тийжонийларга ҳаттоки ўз тариқатлари билан боғлиқ бўлмаган авлиёлар қабрини зиёрат қилишлик таъқиқланган эди[17].
Кўпчилик суфийлар ҳаётлик пайтларидаёқ халқ томонидан мўъжизалар яратишга ва ғайб олами билан алоқага киришишга қодир бўлган, Худо танлаган зотлар қаторига киритиб қўйилган эди. Кўп ҳолларда динга чуқур киришиб кетган мусулмонлар ҳеч қандай ҳолатда ҳам руҳий жиҳатдан соғлом деб аташ мумкин бўлмаган авлиё суфийларни алоҳида, ирим-сирим хурофотларига тўла иззат-икром қобиғи билан ўраб олардилар.
Қоидага биноан, муқаддас қадамжолар уларнинг қабрлари қошида бунёд бўлади ва пайшанба оқшомида мозор устига қўйиладиган кичкина лой чироқлар ёқилади ва яна гуллар ҳам қўйилади.
Муқаддас қадамжога ташриф – зиёрат, қабрнинг ўзи мозор – зиёрат жойи, баъзан эса даргоҳ – шоҳ ҳовлиси деб аталган. Одатда авлиёлар мозорларини зиёрат қилиш вақтнда махсус маросимлар бажарилади. Маросимларда қатнашишга рухсат берилган алоҳида инсонлар бу байрамлар пайтида алоҳида иззат-икромга эришган, деб ҳисобланадилар. Муайян авлиёлар билан боғлиқ ўша хос одатларни тасвирлаш ниҳоятда қийин бўлар эди, «аммо, бундай зиёратларнинг одатдаги шакли қуйидагиларни ўз ичига олади: Фотиҳа, Иҳлос, Фалақ, Нос суралари овоз чиқариб ўқилади, кейин марҳум руҳига дуо қилгач, дуогўй унга шахсий муоммолар билан мурожаат қилади. Қоидага кўра, бу илтимос бажарилаётган пайтда мозорда ўтказиладиган вақтга онт ичилади. Кўпинча авлиёга сўралган илтимосни эслатиб, қабр ёнига ип боғланади»[18].
Демак, юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:
– исломда «авлиёлар культи»нинг қонунийлашуви ва кенг тадбиқ этилишига суфийлар катта ҳисса қўшганлар. Энг машҳур суфийлар қабри устига кенг, чиройли мақбаралар барпо қилинди. Кўпчилик мусулмонлар ўз авлиёлари қиёфасида Аллоҳ ва инсонлар ўртасидаги воситачиларни кўради. Авлиёлар қабри ёки мақбараларига улар хотирасининг мангу сақланиш белгиси сифатида алоҳида иззат-икром кўрсатила бошланди;
– исломда «авлиёлар культи» уларнинг қабрларига эҳтиром кўрсатиш ва зиёрат қилиш билан узвий боғлиқ бўлди. Авлиёлар мақбараларига сафар махсус зиёрат атамаси билан ифодаланди. Авлиёлар қабрлари зиёратига ижмоъ билан фатво берилган бўлиб, бундай зиёрат учун кейинчалик махсус қоидалар ишлаб чиқилди;
– тарихда қўлга киритиш учун салмоқли маблағлар сарфланган ёдгорликлар ҳақидаги маълумотлар тез-тез учрайди. Исломдан аввалги муқаддас тарихнинг эътиборли шахсларидан қолган, ёки қадимги пайғамбарлар тарихи билан боғлиқ буюмларга ҳам мусулмон жамоаси катта эътибор билан қараган;
– «авлиёлар культи» айрим тариқатларнинг маросим культини асосий қисмини ташкил қилган. Баъзи тариқат вакиллари ўз тариқатининг асосий ғоявий тамойили унинг асосчиси бўлган шайхга хос «мўъжизакор» сифатлар уни ҳам, унинг тариқатига мансуб бўлганларни ҳам суфийликнинг бошқа тарафдорларидан ажралиб турувчи олий мақомга қўяди, деб ҳисоблаб, хаттоки уларга ўз тариқатлари билан боғлиқ бўлмаган авлиёлар қабрини зиёрат қилишлик таъқиқланган эди;
–XIII аср охиридан бошлаб тариқат шайхининг меросхўри ва унинг ишининг давомчилари бўлиб, қоидага биноан унинг авлодлари қоладилар. Вақт ўтиши билан шайхнинг дафн жойи у ва унинг авлодлари қабрларига сиғиниш марказига айланади. Ҳаттоки, у ёки бу суфий аллақачон мавжуд бўлган қабристонга дафн этилган бўлса ҳам, айнан унинг «табаррук» хоки туфайли қабристон тезда кенгайтирилар ва кўпчилик мусулмонлар авлиё қабри ёнида дафн этилишни ўзлари учун шараф, деб билганлар;
– культ билан боғлиқ бўлган маросимлар кўпроқ суфийлар диний фаолиятининг энг муҳим кўриниши – ритуал – маросим амалиёти кўринишида акс этган. Ўз иштирокчиларининг асосий қисмидан муқаддас матнларни чуқур ўрганиш ва диний маросимларни ёддан билишни талаб қилмайдиган жамоа культ фаолияти халқ оммасига яқин ва тушунарли эди.
– суфий жамоалари диний ҳаётининг энг жонли элементи – зикр вақти бўлиб ўтадиган хадра – дарвешларнинг вақти-вақти билан ўтадиган йиғилишлари эди.
– суфийлар культ маросимларининг асосий ва ташкилловчи қисмини намоён қилувчи мистик ритуаллардан ташқари дарвешлар мажлисида бошқа диний маросимлар ҳам ўтказилар эди. Энг асосийлари қаторига аҳд деб номланган, шогирд – муридларни тариқат аъзолигига қабул қилиш маросими бўлиб, кўпчилик тариқатларида деярли бир хил бўлган. У биродарлик раҳбари ёки тариқатнинг бошқа бир олиймақомли вакили қаршисида Қуръон ўқиш, гуноҳларни тан олиб, дарвешлик онтини ичишни ўз ичига олади. Кўпинча биродарликка аъзо бўлиш учун суфий шайхга байъа (содиқлик қасами) келтириш ва аврад (кундалик дуолар) ўқиш мажбуриятини олиш кабилар кирган.
[1] Йўлдошхўжаев Ҳ. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. – Т.: Тошкент ислом университети, 2010. – Б. 7.
[2] Субхан Дж.А. Суфизм. Его святые и святыни. – М.: Диля, 2005. – Б. 76 – 77.
[3] Петрушевский И.П. Ислам в Иране в VII-XV веках. – Л.: Издательство Ленинградского Университета, 1966. – Б. 238.
[4] Гольдциэр И. Культ святых в исламе / Мухаммеданские эскизы /. – Москва.: ОГИЗ Государственное Антирелигиозное издательство, 1938. – Б. 86
[5] Тўлиқроқ маълумот учун қаранг: Гольдциэр И. Культ святых в исламе / Мухаммеданские эскизы /. – Москва.: ОГИЗ Государственное Антирелигиозное издательство, 1938. – Б. 86 – 95
[6] Гольдциэр И. Культ святых в исламе / Мухаммеданские эскизы /. – Москва.: ОГИЗ Государственное Антирелигиозное издательство, 1938. – Б. 86 – 95.
[7] Қаранг: Турар У. Тасаввуф тарихи. – Т.: Истиқлол, 1999. – Б. 74.
[8] Анкабут сураси 45-оят; Аҳзоб сураси 41-оят; Раъд сураси 28-оят, Каҳф сураси 24-оят.
[9] Кириллина С.А. Культово-обрядовая практика суфийских братств Египита (XIX – начало XX века) / Суфизм в контексте мусульманской культуры. – М.: Наука, 1989. – Б. 81.
[10] Иловага қаранг
[11] Иловага қаранг
[12] Иловага қаранг
[13] Иловага қаранг
[14] Кириллина С.А. Культово-обрядовая практика суфийских братств Египита (XIX – начало XX века) / Суфизм в контексте мусульманской культуры. – М.: Наука, 1989. – Б. 82.
[15] Кириллина С.А. Культово-обрядовая практика суфийских братств Египита (XIX – начало XX века) / Суфизм в контексте мусульманской культуры. – М.: Наука, 1989. – Б. 82.
[16] Мисрда 1844 – 1845 йилларда пайдо бўлган.
[17] Кириллина С.А. Культово-обрядовая практика суфийских братств Египита (XIX – начало XX века) / Суфизм в контексте мусульманской культуры. – М.: Наука, 1989. – Б. 84.
[18] Субхан ДЖ.А. Суфизм. Его святые и святыни. – Москва – Санкт-Петербург.: Диля, 2005. – Б. 76 – 77.
Дилобар Сатиболдиева
эркин изланувчи






