Жаннатмонанд юртимиз ва доно халқимизнинг буюк тарихи, бетакрор қадриятлари борки, улар миллий ва диний анъаналарни асрлар давомида ўзида ифода этиб келади. Мазкур қадриятларни ҳеч қандай куч, ташвиқот ва тақиқлар ўзгартиролмайди, чунки бу миллатимизнинг ажралмас қадр-қимматига айланиб кетган. Бу юртимизда доим кенг нишонланиб келаётган диний байрамлар — икки ийд байрамидир. Ушбу кунларда муҳтожларга янада кўпроқ меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш халқимизга хос фазилат. Бу гўзал одат ўзида умуминсоний қадриятлар ва барча илоҳий таълимотлар мазмун-моҳиятини мужассам қилган.
Айнан шу кунларда кексаларга ҳурмат кўрсатилади, ёшлар иззат қилиниб, етимлар, кам таъминланган ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинади. Шариатимиз кўрсатмасига кўра, гарчи ўзига тўқ бўлса ҳам, яқин қўшнилар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳаққига риоя қилиш чин мўмин-мусулмоннинг инсонийлик шиоридир.
Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ислом дини — аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим”. Ҳақиқатда, ислом — гўзал амаллар дини. Муборак ҳадисларда келтирилганидек, “Мўминлар қалбига хурсандчилик киритиш, уларни таомлантириш, эҳтиёжи бўлса, кийинтириш ва муҳтожларининг ҳожатини чиқариш” энг гўзал амаллардир.
Бу эса ҳар кимнинг инсонийлик бурчи бўлиб, яқин қариндошлардан хабар олиш, ўзгалар қалбига хурсандчилик киритиш, таом улашиш каби улуғ фазилатларда намоён бўлади.
Жорий йил ватандошларимиз Қурбон ҳайити муносабати билан узулуксиз 3 кун дам олиш имкониятига эга бўлдилар. Дам олиш ва байрам кунларини дунё аҳлини ҳамон хавотирга солиб турган пандемия туфайли жорий қилинган карантин талабларига амал қилган ҳолда ўтказилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам халқимиз тинчлиги ва саломатлигини ўйлаб қабул қилинган тадбир бўлиб, вазият тақозоси эканини ҳар бир юртдошимиз яхши англайди.
Бу йилги ҳайит мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида, шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши асносида нишонлангани ҳам унинг байрамона шукуҳини янада оширди.
Ижтимоий турмуш ва диний қадриятлар муштарак — уларни асло айро тасаввур қилиб бўлмайди. Мана шундай ижобий ҳолатнинг эзгу натижаси ўлароқ Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.
Айтиш мумкинки, бу юртимизда диний-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, диний-маърифий муносабатларни фуқаролар орасида мустаҳкамлаш ҳамда виждон эркинлигини таъминлашдаги муҳим қадам бўлди. Ҳар бир фуқаро истаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи кафолатини ҳамда ватанимизда истиқомат қилаётган турфа миллат ва элат вакилларининг виждон эркинлигини таъминлашда муҳим асосий омил сифатида хизмат қилади.
Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида танилган. Ҳозир юртимиз аҳолисининг сони 35 миллионга яқин. Улар 130 дан зиёд миллат ва элатга мансуб бўлиб, аксари мусулмонлардир. Демак, асосий масъулият ҳам улар зиммасига тушади. Аҳли ислом бошқа дин вакилларига қанчалик бағрикенглик намоён қилса, юрт шунчалик тинч бўлади.
ВИИИ асрда Бухорода дастлабки синагога қурилгани ва бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динига эркин эътиқод қилиш учун шароит яратиб берилганидан таъсирланган яҳудийлар жамоаси вакили Р.Бенеман шундай деган эди: “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”.
ХВ аср бошларида Амир Темур саройида бўлган Кастилия элчиси “Соҳибқирон Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади ҳамда насронийликка эътиқод қилувчи меҳмонларнинг турли эҳтиёжларини бажариш учун алоҳида масъул шахс тайинлайди. Улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга кўрсатма беради”, деб ёзган эди.
Халқимизга хос бўлган бундай олижаноб қадрият виждон ва диний эркинликлар тўғрисидаги қонунда ҳам аксини топди: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Бу масалада, айниқса, ислом динида бошқа дин вакилларига муносабат ва бағрикенглик асосларига катта эътибор қаратилган. Улуғ аждодларимиздан Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Маждуддин Уструшоний каби алломаларнинг асарларида мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан қандай муомала қилишлари батафсил баён этиб берилган.
Улар ўз қарашларида, биринчи навбатда, Аллоҳнинг Каломига таянганлар. Қуръони каримда келтирилишича, “дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. Оятда адолат ҳақида сўз бормоқда. У эса инсонлараро муносабатларни боғлаб турувчи ўзак — аслдир.
Буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий “Баҳр ул-улум” номли китобида бу ҳақда шундай ёзади: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абу Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оятларни “ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг” деб шарҳлайди.
Муборак ҳадисларда эса “кимки ғайридинни ҳақорат қилса, қиёмат куни ўтдан ясалган қамчи билан урилади”, деб таъкидланган.
Демак, бағрикенглик ва адолат юрт тақдирига дахлдор ҳаёт-мамот масаласи, имон мезони бўлиб, “имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”.
Бу йилги Қурбон ҳайитининг яна бир фазилати Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 15-16-июл кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро форумда намоён бўлди. Зеро, унинг мақсади минтақада тинчликни таъминлаш, яхши ва оқибатли қўшничилик, тарихан яқин ва дўстона алоқалар, ишончни мустаҳкамлашдир. Бу эса ҳайит мақсад-муддаосига ғоят ҳамоҳанг.
Форумда қўшни давлатларни яхшилик ва бунёдкорлик ишларида бирлашишга даъват қилинди. Аллоҳ таолонинг “яхшилик ва тақво ишларида ҳамкорлик қилинг ва душманчилик ва гуноҳ ишларда ёрдам берманг”, деган даъватига ҳамоҳанг бунёдкорлик ташаббусларининг ижобий натижаларидан кўплаб халқлар баҳраманд бўлиши шубҳасиз.
Шукурилло УМАРОВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
“Янги Ўзбекистон” газетаси 2021-йил 30-июл, 153-сон






