Таъкидлаш лозимки, ҳар бир давр, инсонният истиқболи ва унинг келажаги, кишиларнинг ҳаёт ва турмуш даражаси таълим ва тарбия билан боғлиқдир. Ҳадиси шарифларда таъкидланадики, “Бешикдан то қабргача илм изла”. Маъноси ҳамма учун ойдин ва тушунарли. Бинобарин, илм ва тарбия инсониятнинг гулшанидир. Таълим-тарбиянинг асосий мезони бу фан ва маданиятдир. Фан ва маданият ривожланиши таълим-тарбия ишларининг қай йўсинда олиб борилишидан келиб чикади.
Биз биламиз, ўзбек халқи тарихан тарбия соҳасида ўзига хос бўлган миллий мактабга эга. Ҳар бир манбалар, ҳар бир муаллиф томонидан битилган асарлар инсон таълим-тарбияси ва унинг тараққиёти учун яратилган.
Шуни эътироф этиш лозимки, VII – XII асрлар давомида Марказий Осиёда маданият, илм-фан беқиёс ривожланиб келган. Ўша тарихий даврларда яшаб ижод этган қомусий олимларимиз инсоннинг маънавий ва тафаккур дунёсини бойитиш борасида, кишилар онгини, маданий – маърифий қарашларини ўстиришга қаратилган ижодий амалларга ўз эътиборларини қаратганлар. Хоразмий риёзиётда, Беруний қадимшуносликда, Фаробий фалсафа ва мантиқда, Ибн Сино табобатда, Фарғоний фалакиётда, Замахшарий, Яссавий, Нақшбанд, Имом Бухорий ва бошқалар диний ва табиий фанлар тараққиётига ҳисса қўшиш билан бирга инсон тарбиясига қаратилган ахлоқ-одоб унсурларини жорий этиб келдилар.
Барча дунёвий ва диний таълимотлар, тафаккур даҳолари инсон қобилияти, руҳияти ва ахлоқини ўрганиш, инсонни тарбиялаб, тўғри йўлга бошлаш, иллатлардан халос этиш учун асарлар яратиш ишлари билан шуғулланиб келганлар. Лекин ҳар бир даврда инсонларнинг ахлоқсиз ишлари, хирс ва нафс домига тушиб ўзининг ҳаёт йўлларини ҳароб этишлари ҳамиша жамиятни ташвишга солиб келган.
Қуръон каримнинг “Исро” сурасида таъкидланади: “Биз одам болаларини азизу мукаррам қилиб яратдик”. Шунга асосан тасаввуф аҳли инсонни икки оламнинг гултожиси, қаймоғи деб таъриф этади. Инсон шунчалик буюк ақл эгасики, қилни қирқ ёрадиган, заковати билан мўъжизали ишлар барпо этувчидир.
Таълим-тарбия инсон комиллигининг асосидир. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан кейин таълим – тарбия соҳасида, миллий ахлок – одобни қайта тиклаш борасида, миллий урф – одатлар, турли – туман анъаналарни жой-жойига қўйиш, миллий қадриятларни янада ривожлантириш хусусида эътиборли бўлган амалий ишлар бажарилмокда.
Ҳар бир даврнинг ўзига хос бўлган тарбиявий қонуниятлари ҳамда талаблари бўлиб келган. Аждодларимиздан мерос бўлиб келган қадимий тарбия доимо ёш авлоднинг кексалар тажрибасини онг ва тафаккурга сингдириш билан боғлиқ бўлган. Таъкидлаш лозимки, тарихий мерослар, урф-одатлар инсон тарбиясида аҳамиятли ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан таълим-тарбиянинг айрим хусусиятлари инсонни соғлом ва бақувват, жисмонан тетик ҳамда ақлан юксак бўлишига катта аҳамият берилган. Тарбия масаласида кўпроқ биз ота ва ўғил муносабатларига эътибор қаратамиз. Ҳар бир ота ўз ўғлини кучли ва соғлом бўлиши учун ўзининг шахсий сифат ва фазилатларига мослаб, ибратли тарбиялашга ҳаракат қилади. Ота фарзанд учун намуна, унинг ҳар бир мақсадга эришиш учун қилган ҳатти – ҳаракати фарзанд учун тарбия воситасидир. Бола ўз отасидан ўрнак олишга ҳаракат қилади. Сир эмаски, оилада ўсаётган ҳар бир бола кўп нарсаларга қизиқувчан бўлади. Айниқса, отанинг касб ва ҳунардаги мавқеи бола учун намунадир. Шундай экан, ҳар бир ота, шунингдек оналар фарзандлар тарбиясида ўзларининг масъулиятларини тўғри англай олиши муҳим босқичдир. Ҳар биримиз билимларни эгаллаб, илмдаги ана шу ҳақиқат сари интилишимиз лозим. Холис билимларга таяниб, ҳаёт фаолиятларимизни шакллантириш ҳар бир инсон учун мажбурий бурчдир. Чунки инсон яхши амал, яхшиликни кўзлаб яратилган.
Таълим-тарбия одоб-ахлоқ, юксак салоҳият асосида шаклланиб боради. Демак биз ёшлар ўзимизда одоб-ахлоқни шакллантириш, улар асосида устозларимиз, уламоларимиз берган сабоқлар асосида тегишли хулоса ҳамда ибрат олишимиз ва албатта тубанликка бормасдан, ҳирсу ҳавасга берилмасдан, манманлик, жаҳолат йўлларини соф ва холис билимларимиз билан бартараф этиб, қаноат ва шижоат билан билим-маърифат чўққиларини эгалламоғимз даркор.
Д.Раҳмоналиев,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати





