Эрта баҳор. Аср вақти. Ҳаво салқин. Қуёш гоҳида илиққина нур сочади. Гоҳида эса булутлар ортига кириб кетадию гўёки челаклаб кўз ёш тўкади. Зум ўтмасдан ҳудди аразлари тарқаб кетган гўдакдек булутлар ортидан чиқиб яна нур тарата бошлайди. Бу сафар қуёш нурлари таъсирида кўкда камалак ҳам жилва қилади. Тоғ ён бағридаги қишлоқда эса доимгидек ҳаёт қайнайди. Ушбу қишлоқнинг энг олди йигитлари Зокир ва Назарбек ҳар куни бирга мактабга қатнайдилар. Уларнинг уйлари қишлоқнинг анча чеккасида жойлашган. У иккиси мактабга бориш ва келиш учун тепаликлар ёнбағридан кесиб чиқадиган сўқмоқ йўлни ихтиёр қиладилар. Сабаби, бу йўл бошқа йўллардан кўра анча яқин. Бугун ҳам улар одатдагидек мактабдан қайтишар, Зокир эрталаб бобосидан эшитган ажойиб насиҳатларни Назарбекка сўзлаб келарди. Айниқса бобоси Моида сураси 2-оятининг:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ ۖ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз![1]
- деган қисмини ўқиганида яхшилик йўлидаги ҳамкорликнинг меваси ҳақида узоқ гапирибди.
Йигитлар қизғин суҳбат қуриб йўлнинг узоқлигини ҳам ҳис қилмайдилар. Шу вақт оралиғида осмонда қуюқ булутлар пайдо бўлдию бирданига сел қуйиб юборди. Болалар тоғ об-ҳавосининг инжиқликларига кўникиб кетишган, бундай пайтда нима қилишни яхши биладилар. Бирорта ғор ёки ҳарсангтош панасида жон сақлайдилар. Ҳозир ҳам шундай қилишди. Аммо сел анчагина кучли ёғар эди. Сувлар тепаликлардан пастга қараб сой бўлиб оқар, атрофни шовқин тутган эди. Бир вақт улар панасида турган ҳарсангтош олдидан маъраганича бир қўй югуриб ўтди. Болалар нима бўлганини дарҳол тушунишди. Демак тоғдаги қўйхоналарни сув олиб кетган. Улар шошилиб чиқишганида бир ўрта ёшли чўпон оқиб кетаётган ўнлаб қўзичоқларни сақлаб қолишга уринар, каттароқ она қўйлар эса тўлиб оқаётган сел сувининг атрофида жон аччиғида югурар, тинимсиз маърар эди. Зокир ва Назарбек сўмкаларини эҳтиёт қилиб пана жойга қўйишдию чўпонга ёрдамга шошилдилар. Улар таҳминан ўн чоғли қўзичоқ ва эчкиларни сувдан бехавотир жойга олиб чиққанларида ёмғир деярли тиниб қолган, селдан ҳосил бўлган сувнинг шиддати ҳам бироз сусайган эди. Улар барча қўзичоқ ва эчкиларни оналари ёнига қўйиб хотиржам бўлгач чўпоннинг кўп-кўп раҳматларни эшитиб йўлларида давом этишди. Болаларга кийимлари ҳўл эканлиги ҳам сезилмас, уларни она қўй ва эчкиларни гўёки раҳмат дегандек миннатдор қарашлари хурсанд қилган эди. – Мана дўстим, бобонг эрталаб айтган оятга амал қилдик деб ўйлайман, деди Назарбек. Нимасини айтасан дўстим, – деди Зокир қаҳрамонлардек виқор билан – Яхшилик йўлида ҳамкорлик қилиш шундай ажойиб бўлар эканда қийинчиликни ҳам ҳис қилмас экансан… – Бу бошланиши, деди Назарбек янаям овозини кўтариб, ҳали сен билан кўплаб эзгулик сарҳадларини забт этамиз! Икки ўртоқ масрур ва мағрур юрганича уйларига борар эди.
Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм
(Давоми бор)
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири.



