Тун. Атроф қоронғу. Кичкина ихчам ҳовлининг пешайвонини липпиллаб турган биргина хира чироқ ёритиб турибди. Мўжазгина гулзорга экилган анвойи гулларнинг ҳиди атрофни қамраб олган. Роҳила ая бугун кундузи гулзорга оқизиб қўйган сувнинг жилдираган товуши тун сукунатини бузмоқда. Роҳила ая ҳуфтон намозини аввалги вақтида адо этиб эрта ухлашга одатланган. Бу оиланинг ягона эркатой фарзанди Эркин эса ҳалиям бедор. У ҳар куни онасининг тўлиқ ухлаганига ишонч ҳосил қилмагунча ўз хонасида одобли бўлиб “ухлаб” ётади. Тун ярмига етганида эса аста кўча томондаги деразадан сакраб тушадию маҳалла бошида кутиб турган безори ўртоқларининг ёнига югуради. Ҳар куни шу аҳвол. Афсуски унинг ҳафталаб уйга келмасдан ишлаб юрадиган отаси ва содда онаси ўз ўғилларининг бу юришларидан бехабар. Мана бугун ҳам Эркин одатдагидек ўрнига ёстиқ кўрпаларни қўйиб гўёки ухлаб ётган одам шаклига келтирдида деразадан аста сирғалиб тушди. Бир оз юргач ҳали дўстларига етиб олмасдан кекса қўшниси Салим амакига кўзи тушди. “Оббо яна одобнома дарслари бошланар эканда” – деди бироз бетоқат бўлиб. Салим амаки ярим кечаси масжидда ибодат ва қироат билан машғул бўлади. Тун ярмидан оғганда уйга қайтар, йўл-йўлакай кўринган безори йигитларга насиҳат қилиб тартибга чақирар эди. Бугун ҳам Эркинни кўриб: ўғлим тун ярмида йўл бўлсин, қаёққа кетябсан?- деди. Эркин Салим амакига салом бериб ўзини гўёки шошилиб кетаётган одамдек тутишга уринди. Аммо Салим амаки уни осонликча қўйиб юбориш ниятида эмас эди. – Қани мени уйимга элтиб қўйчи болам, кўзим қурғур панд бериб қолди, деди хаста овозда. Эркин наилож отанинг қўлидан тутди. Салим оға шу куни Эркинга анча насиҳат қилди. Айниқса уйига кириб кетиш асносида Қуръони Каримдан Такасур сураси 8-оятини қироат қилди:
ثمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ
Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз![1]
Аксар уламолар ушбу оятдаги неъматларни саломатлик ва тинчлик дея тафсир қилганлар. Сенда болам айни пайтда бу икки неъмат ҳам бор. Ёшсан, бақувватсан бу куч-қувватингни илм олишга, жамият учун манфаатли инсон бўлишга сарфласанг асло надомат чекмайсан… деди.
Эркин Салим амакига тавозеъ билан раҳмат айтганича яна бепарволарча дўстларини олдига шошилди. Тонгга яқин бекорчи суҳбатлар, компютер ва телефонларини тўлдирган зарарли ўйинлардан кўзлари қизариб уйига қайтди. Аста хонасига кирдию ўрнига чўзилиб уйқуга кетди.
Кўз очиб юмгунча йиллар ўтиб кетибдия… Оҳҳо… бу одамлар қаёққа шошмоқда. Ҳамма ини бузилган аридак тўзиб кетибди. Барчани юзи қўрқувдан қорайиб кетган. Бир вақт ҳамма жим бўлдию яхши ёмон амаллар тарозида ўлчана бошлади. Яхши амаллари кам бўлган кишилар ловуллаб турган оловга улоқтирилар эди. Эркин ўз амалларига назар солсаки, ҳаммаси ўлда жўлда. Фақат безориликлардан иборат экан. У қўрқув ва надоматдан дод демоқчи бўлар аммо овози чиқмас эди. Одамлар орасида Салим амаки ҳам бор экан. Дарвоқе, у жуда ҳам хотиржам юзларидан нур таралиб турар эди. Бу сафар Эркинга қарамади ҳам. Эркин Салим амакининг ёнига боришга интилар, нега менга кўпроқ насиҳат қилмадингиз, нега тўғри йўлга бошламадингиз, дея даъво қилгиси келар аммо оёқлари ўзига бўйсунмас, юра олмас эди. Ниҳоят бор кучини тўпладию “Салим амаки ёрдам беринг!” дея додлаганича уйғониб кетди. Унинг юзига кўча ойнасидан қуёш нурлари тушиб турар. Ўзи жиққа терга ботган эди. Яхши ҳамки туши экан. Яхши ҳамки хатоларидан вақтида огоҳ бўлди. Шундан кейин бирор киши Эркинни безори болалар орасида учратмади.
Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм
(Давоми бор)
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири.






