Тарихдан маълумки, жамиятда бирор йирик ҳодиса –тарихий воқеа юз бериши, хусусан, бирор илм фаннинг вужудга келиши учун даставвал шунга зарурат, сўнгра шунга имкон берадиган шарт-шароит керак бўлади. Араб тилшунослик илмининг, хусусан, унинг сўз ва жумлалар таркибини ўрганадиган қисми –наҳву-сарфнинг шаклланиб, ривожланиши ҳам бундан мустасно эмас. Аксар олимлар: “Араб тилининг грамматикаси яъни наҳв илмининг пайдо бўлиб, ривожланиши ислом дини юзага келиши ва шаклланиши билан бевосита боғлиқдир. Чунки араблар исломдан олдин бундай қоидаларга мухтож бўлмаган. Бунга қисман Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётликларида ва хулафои рошидинлар замонларида содир бўлган баъзи воқеалар сабаб бўлган”, деган фикрни илгари сурганлар.[1]
Дарҳақиқат, наҳв илми ислом дини шарофати билан юзага келди ва ривожланди. Каломулллоҳ – Қуръони Карим Ҳижоз арабларининг, аниқроғи, Қурайш қабиласининг тилида нозил бўлди. Муборак оятлар дастлабки пайтларда уларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз қулоғи билан эшитган саҳобаларнинг ёдларида сақланар эди.
Пайғамбаримиз билан бевосита мулоқотда бўлган саҳобаларнинг кексайиб, оламдан ўтиб бораётганларини кўрган халифа Усмон ибн Афвон Қуръони Карим сураларини ишончли манбалардан тўплаб қоғозга тушуришни буюрди. Бу вазифа ҳижрий 30 (651м)йилда бажарилди. Қуръони Каримни тарихга “Мусҳаф Усман аш-Шариф” (Усмон Мусҳаф Шарифи)номи билан кирган бу дастлабки нусхаларида фақат ундош товушларни билдирувчи ҳарфлар нуқталарсиз ва “ҳаракат” –унлиларни билдирувчи белгиларсиз ёзилган эди. Бу даврга келиб ислом динини кўпгина миллат ва элатлар қабул қилганди. Мусулмонларни Қуръони Каримни тўғри ўқиш тушунишга ўргатиш керак эди. Бунинг учун биринчи галда араб тилини қонун-қоидалари, яъни наҳвни ишлаб чиқиш зарур бўлиб қолди.
Араб тилининг ажралмас қисмига айланган наҳв илмининг юзага келиш омиллари, ҳамда унинг асосчилари борасида манбаларда турли хил ривоятлар мавжуддир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳуанҳу унинг асосчиси, у билан содир бўлган воқеа наҳвнинг пайдо бўлишига сабаб, деган фикр улар ичида энг машҳуридир.
Бу ҳақида Шайҳ Муҳаммад ат-Тантовий “Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат” (“Наҳв илмининг пайдо бўлишива машҳур наҳвшунослар тарихи”)асарида наҳв илмининг пайдо бўлиш сабаблари қаторида ушбу ривоятни ҳам келтириб ўтади. Бир куни Али розияллоҳу анҳу бир кишини Қуръони Каримнинг тавба сурасидаги ушбу:
(Шунингдек, (бу) Аллоҳ ва (Унинг) Пайғамбаридан «Ҳажжи акбар» (Қурбон ҳайити) куни одамларга Аллоҳнинг ва Расулининг мушриклардан безор эканликларини эълони (ҳам)дир.)[2]
Оятидаги رَسُولُهُ сўзини رَسُولِهِ (унда оятнинг мазмуни “Аллоҳ мушриклардан ва ўз росулидан безордир” бўлиб қолади)деб ўқиётганлигини эшитиб қаттиқ тасирланади. Шундан кейин Ҳазрати Али ўша замоннинг олимларидан Абул-Асвад ад-Дуалийни чақириб, мусулмонларга Қуръони Каримни тўғри ўқиб тўғри тушунишларига ёрдам берадиган қоида ва йўриқлар мажмуасини тузишни топширади ва шу тариқа наҳв илми шаклланишига тамал тоши қўйилди.
Зикриёев Хожимурод,
4-курс талабаси
[1] Шайҳ Муҳаммад ат-Тантовий. Нашъатун-наҳв ва тариху ашҳурун-нуҳат. –Қоҳира.: Дорул маъориф. 3-нашр. -2005. Б.326
[2] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. –Тошкент.: Тошкент ислом университети.
2001.






