Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинким, муборак Шаъбон ойи ҳам тугаб, Рамазону шариф ойи ҳам ҳонадонларимиз эшикларини тақиллатиш асносида турибди. Аллоҳ таоло бандаларининг Рамазон ойида ўзаро ижтимоий, иқтисодий ва бир қанча алоқалари хусусида ўзининг шариатида баён қилиб берган. Шу жумладан бу муқаддас ойда оилада эр-хотин муносабатларини белгилаб берди. Қуйида шу муносабатларнинг баъзилари билан танишамиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 187-оятида шундай марҳамат қилади:
Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг.
Рўза тутиш янги фарз қилинган даврда ифтордан кейин рўза тутган одам ухлаб қолсаю, кейин уйғонса, унга емоқ, ичмоқ ва хотинига яқинлик қилмоқ мумкин бўлмай қолар эди. Ансорийлардан Қайс ибн Сирма исмли киши кундузи рўза тутиб, хурмо боғида ишлаб чарчаб, ифтор пайтида хотини ҳузурига келиб:
«Таоминг борми?» дебди. Хотини:
«Йўқ, ҳозир бориб бирон нарса топиб келаман», деб чиқиб кетибди. Кундузи ишлагани учун Қайс чарчаб ухлаб қолибди. Хотини келиб, эрининг ухлаб ётганини кўриб, шўринг қурисин, дебдию уйғотмабди. Эртасига куннинг ярмида Қайс розияллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилибди. Бу ҳодиса Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етибди. Сўнгра Аллоҳ таоло:
«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди», деб бошланувчи оятини нозил қилди ва ислом умматига енгилликни ирода қилди.[1] Шу билан рўза кечасида, яъни, кун ботгандан кейин то тонг отгунча муддат орасида таом ейиш ва аёлига яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Шу билан бирга, Исломда эркак киши билан унинг хотинининг алоқаси фақат жинс масаласи эмас, балки ундан анча катта масала эканини англатиш учун:
«Улар сизга либосдирлар, сиз уларга либосдирсиз», деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оят тўғрисида шундай дейди: Бу оят билан Аллоҳ таоло эр-хотин орасидаги жимоъни ирода қилди. Лекин Аллоҳ азза ва жалла карийм, ҳалийм зот улар сизлар учун ҳаловат ва сизлар улар учун ҳаловатдирсизлар деб киноя қилади.[2] Одатда либос тўсиш, сақлаш ва зийнат учун ишлатилади. Шунингдек, Исломда эру хотин бир-бирларининг айбларини тўсадилар, бир-бирларини ёмонликдан сақлайдилар ва бир-бирларини зийнатлайдилар. Ҳозирда кўплаб хонадонларда аёлларимиз, оналаримиз, сингилларимиз ифторлик ва сахарлик дастурхонини тайёрлаш билан Рамазон ойининг қимматли вақтларини ўтказиб юборишади. Бунда эса эркакларнинг роли каттадир. Рамазон ойи пишир-куйдир, маишатбозлик ойи эмас, балки ибодат, тиловат, зикр ва тақво ойидир. Оила раҳбарлари хонадон соҳибаларига бу улуғ ойни кундузлари рўзадорлик, ибодатлар, тиловатлар ва зикрлар билан тунлари эса қоимлик билан ўтказишга шароитлар яратиб беришликлари лозим бщлади. Шунда улар бир-бирларига либос бўлишларининг бир кўриниши бўлади. Зеро Аллоҳ таоло “шоядки тақво қилсаларинг” дейди.
Кейин эса, бандаларининг кўнглида нима кечаётганини ҳам билиб туришнинг хабарини беради.
«Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди».
Муфассир уламоларнинг таъкидлашларича, ушбу жумлада зикр этилган хиёнат, кўнгилдан ўтган рўза кечасида аёлга яқинлик қилиш ҳақидаги истакдан иборат. Айрим ривоятларда келишича, баъзилар бу ишни қилган эканлар. Нима бўлса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиб, гуноҳларини афв этди. Шу билан бирга кўнгилларидан ўтган истакка йўл берди, рухсат қилди.
«Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг».
Яъни, энди рухсат бўлди. Сиз хотинларингизга яқинлик қилиб, Аллоҳ ёзган нарсани–фарзандни талаб қилинг. Рўза кечасида аёлларга яқинлик қилишга рухсат берилиши билан бирга, еб-ичишга ҳам рухсат берди.[3]
Бу йилги Рамазон ойини ҳам файз-барокотда ўтказишликни барчаларимизга насиб этсин.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти 4-курс талабаси Солиев Шерзод тайёрлади.
[1] Аяту аҳкамил Қуръон. Шайх Муҳаммад Али Собуний
[2] Софвату Тафасир. Шайх Муҳаммад Али Собуний
[3] Тафсири Ҳилол 1-жуз. Шайх Муҳаммад Содиқ Маммад Юсуф. Тошкент 2012